06.10.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари суҳбат аввалида Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи номидан ва шахсан ўз номидан Президент Мун Чже Инни ва дўст корейс элини Корея ташкил топган кун ва анъанавий Чусок байрами билан самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея етакчилари мамлакатларимиз ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик мақомидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболларини батафсил кўриб чиқдилар, шунингдек, халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Коронавирус глобал миқёсда тарқалишининг кенг кўламли Ўзбекистон-Корея алоқалари учун оқибатларини камайтириш мақсадида турли даражаларда фаол ҳамкорлик ва мунтазам самарали мулоқотни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Ўзбекистон Президенти пандемияга қарши самарали курашни ташкил этиш, ушбу касалликни профилактика қилиш ва даволаш бўйича илғор тажрибани жорий этишга Корея Республикаси томонидан кўрсатилган амалий кўмак учун ҳамкасбига миннатдорлик билдирди.
Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар даражасида яқиндан ўзаро мувофиқлашувни, шу жумладан, даволаш методикасини такомиллаштириш, вакциналар ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланишни таъминлаш борасида давом эттиришга келишиб олинди.
Суҳбат чоғида бўлажак олий даражали учрашувларнинг кун тартибини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Президентлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, ўзаро товар айирбошлашни кенгайтириш ва кооперацияни кучайтириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, шу жумладан, зарур ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва ишбилармонлик ташаббусларини илгари суришга кўмаклашиш масалаларини кўриб чиқдилар.
Давлат раҳбарлари икки мамлакат ҳукуматларига инвестициявий, молиявий-техник ва гуманитар ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган 65 та қўшма лойиҳани, энг аввало, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси доирасида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ижтимоий аҳамиятга эга дастурларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни давом эттириш бўйича топшириқ бердилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари иштирокидаги ҳозирги кунда умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ бўлган истиқболли лойиҳалар портфелини кенгайтириш юзасидан ўзаро мувофиқлашган чоралар қабул қилинади.
Мулоқот сўнгида Президентлар икки халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарига асосланган серқирра муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда кенг кўламли амалий ҳамкорликни илгари суриш борасида қатъий эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.
Суҳбат анъанавий самимий, конструктив ва дўстона руҳда ўтди.