15.09.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Стратегияси ижросини таъминлаш, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва қўшилган қиймат занжирини яратишни кенгайтириш асосида қишлоқ аҳолиси бандлиги ва даромадини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 ноябрдаги “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси иштирокида “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4021-сон қарорига асосан:
а) “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳаси (кейинги ўринларда – Лойиҳа) доирасида 2020 йил 4 августда Ўзбекистон Республикаси ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси ўртасида қўшимча 46,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит, шунингдек, 800 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари бўйича қарз битимининг (кейинги ўринларда – қарз битими) имзоланганлиги;
б) Лойиҳани амалга ошириш доирасида:
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг кредити ҳисобидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари), қўшилган қиймат солиғидан ва йиғимлардан;
иштирок этаётган жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикаси норезидентлари даромадлари жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқдан озод қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қарз битимига мувофиқ Лойиҳа доирасида жалб этиладиган қўшимча қарз маблағлари қуйидагиларга йўналтирилиши белгилансин:
қишлоқ хўжалигида диверсификация қилишни молиялаштириш бўйича кредит ажратиш учун – 39,8 миллион АҚШ доллари. Бунда кластер ва кооперациялар ҳамда уларга аъзо бўлган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга – 30,3 миллион АҚШ доллари, ёшлар ва аёллар учун – 5 миллион АҚШ доллари миқдорида, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига 4,5 миллион АҚШ доллари миқдорида кредитлар ажратилади;
ирригация тизимларини модернизация қилиш учун – 3,1 миллион АҚШ доллари. Бунда ўрмон фонди ерларида тик қудуқ қазиш ва насос ўрнатиш орқали сув чиқаришга 2 миллион АҚШ доллари сарфланади;
қишлоқ хўжалигида билим, инновация ва агрохизматлар тизимини ривожлантириш бўйича – 4,1 миллион АҚШ доллари.
3. Қуйидагилар:
“Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳаси техник-иқтисодий асосланувининг асосий кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;
“Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳасига жалб этиладиган қўшимча молиялаштириш доирасида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг қарз маблағларини сўндириш, фоиз ва комиссия тўловларини амалга ошириш прогноз жадвали 2-иловага мувофиқ;
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида маблағлардан фойдаланиш бўйича “Йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки:
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини ҳамда натижадорлигини таъминлайди;
Лойиҳада иштирок этувчи тижорат банклари зиммасига кредит линиясини бошқариш, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси қарзининг ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳисобот ва мониторингни юритиш вазифалари юкланади.
5. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг 35 325 000 АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағларининг қайтарилиши тўлиқлигича Лойиҳа доирасида тижорат банкларига қайта кредитланадиган маблағларнинг қайтарилиши ҳисобидан ҳамда қолган 10 875 000 АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағларининг қайтарилиши Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан амалга оширилади.
6. Лойиҳа доирасида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг қарз маблағларини қайта кредитлаш битимларида субсидиар қарзнинг фоиз ставкаси “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси қарз маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан белгилансин.
7. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига бир ой муддатда “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳасига жалб этиладиган қўшимча молиялаштириш маблағлари доирасида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси қарз маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартиришлар киритиш ҳамда Молия вазирлиги ва Марказий банкка тасдиқлаш учун киритиш вазифаси юклатилсин.
8. Молия вазирига Лойиҳа доирасида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси қарз маблағлари бўйича қайта молиялаштириш битимларини, шунингдек, заруриятга кўра, уларга тегишли ўзгартиришларни имзолаш ваколати берилсин.
9. Ташқи ишлар вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буюртманомалари бўйича Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кириш визалари тез фурсатларда расмийлаштирилишини таъминласин.
10. Ички ишлар вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буюртманомалари бўйича Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатга қўйилиши ва муддати узайтирилишини тез фурсатларда таъминласин.
11. Ҳисоб палатаси Лойиҳа доирасидаги маблағларнинг мақсадли ажратилиши ва сарфланиши устидан доимий назорат ўрнатсин ҳамда ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.
12. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Лойиҳа доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш устидан доимий назорат ўрнатсин.
13. Ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:
а) қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев:
бир ҳафта муддатда масъул ижрочилар иштирокида мажлис ўтказиб, уларнинг аниқ вазифаларини белгилаб берсин;
икки ҳафта муддатда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда Лойиҳа доирасида маблағлардан фойдаланиш бўйича ҳудудлар кесимида “Йўл харита”ларини тасдиқласин;
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Вафаев), Молия вазирлиги (Эргашев), Марказий банк (Холхужаев) билан биргаликда бир ой муддатда Лойиҳани амалга оширишга масъул бўлган ходимлар учун хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда икки кунлик семинар ташкил қилсин;
молиялаштирилган сублойиҳалар тўғрисида, шунингдек, уларнинг сифатли амалга оширилиши устидан мониторинг натижалари юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Вазирлар Маҳкамасига маълумот киритиб борсин;
б) Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари бир ой муддатда Лойиҳа доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан ташаббускорлар иштирокида тақдимотлар ўтказсин;
в) қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев:
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида соҳанинг етук маҳаллий мутахассисларидан иборат бўлган илмий-техник кенгашни шакллантириб, у томонидан Лойиҳанинг компонентлари доирасидаги техник топшириқлар амалга оширилиши, ҳужжатларнинг кўриб чиқилиши ва дастлабки хулоса берилишини;
қишлоқ хўжалигида билим, инновациялар ва агрохизматлар тизими доирасида илмий-тадқиқот ва инновация йўналишларига маблағларни ажратишда соҳани ривожлантиришнинг устувор вазифаларига мувофиқлиги, иқтисодий самарадорлиги ва асосланганлигига алоҳида эътибор қаратилишини;
Лойиҳани амалга оширишда қишлоқ хўжалигига ихтисослашган олий таълим муассасаларини кенг жалб қилиб, амалий семинар ва ўқув курслари ташкил этилишини;
Лойиҳа доирасида иқтисод қилинган маблағларни молиялаштиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси билан келишган ҳолда қайта тақсимланишини таъминласин.
Қишлоқ хўжалиги вазирига, зарур ҳолларда, ушбу қарорнинг 1 ва 3-иловалари билан тасдиқланган Лойиҳа техник-иқтисодий асосланувининг асосий кўрсаткичлари ҳамда “Йўл харитаси”га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 ноябрдаги “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси иштирокида “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4021-сон қарорига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
15. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва Ў.И.Барноев зиммаларига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев