17.07.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 июль куни ҳудудларда ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
2018 йил 30 ноябрда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Сўнгги икки йилда бу соҳага бюджетдан 3,7 триллион сўм ажратилган. Бундан ташқари, 48 та лойиҳага 1,9 миллиард доллар хорижий кредитлар жалб қилинган.
Йиғилишда таъкидланганидек, уч йил ичида 3 миллион 600 минг аҳолига сув етказиш режалаштирилиб, маблағ масаласи ҳал қилиб берилган бўлса-да, барча муаммолар охиригача ўз ечимини топмаган.
Лойиҳаларни танлашда жойлардаги ҳолат, аҳолининг талаби ва мавжуд сув манбалари тўлиқ ўрганилмаяпти. Кредит қайтими бюджет зиммасига тушаётгани тармоқ ва ҳудуд раҳбарларини жиддий ўйлантириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни амалга ошириш ва хорижий кредитларни қайтаришдаги муаммоларни кўрсатиб, янги қурилган сув тармоқларидан тўлиқ фойдаланиш, келгуси йилдан бошлаб барча лойиҳаларда ичимлик сувини хонадонларгача улаш зарурлигини таъкидлади.
Истеъмолчилар сув тармоғига уланмагани сабабли даромадлар олинмаётгани учун масъул раҳбарларнинг иши танқид қилиниб, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятига йил якунига қадар жами 2,5 миллион истеъмолчини тармоққа улаш вазифаси қўйилди.
Шавкат Мирзиёев лойиҳаларни ишлаб чиқишдан тортиб, ишга туширишгача бўлган жараённи мониторинг ва назорат қиладиган, натижадорликка соҳа мутасаддилари билан бирга ҳокимлар ҳам жавоб берадиган тизим яратиш лозимлигини кўрсатиб ўтди.
Бунинг учун ҳудудий сув таъминоти корхоналарида кузатув кенгашлари тузилиб, уларга вилоят ҳокимларининг шахсан ўзлари раҳбарлик қилади. Ҳокимлар лойиҳалар сифатли бажарилишига, маблағнинг мақсадли сарфланишига ва олинган кредит қайтимига бир хилда жавоб беради. “Ўзсувтаъминот” АЖ лойиҳаларни ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, ҳокимлар ва аҳоли билан маслаҳатлашиб шакллантиради.
Ҳар бир лойиҳанинг бориши вилоят ва туман кенгашлари депутатлари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиб борилади. Ичимлик суви тарифларини тасдиқлаш ҳам халқ депутатлари вилоят кенгашлари ваколатига ўтказилади.
Соҳада лойиҳалаштириш ишларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига сув ва канализация тизимини ривожлантириш схемасини ҳудудлар бош режалари ҳамда ичимлик суви манбаларига узвий боғлаган ҳолда ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Президент энергия тежамкор кичик лойиҳаларни амалга ошириш яхши самара беришини таъкидлади.
Андижон вилояти Улуғнор туманидаги тажриба лойиҳаси бунга мисол. Унга кўра, ичимлик суви қудуғига 5 киловаттли қуёш электр станцияси ўрнатиш орқали 2 минг нафар аҳоли сув билан таъминланади. 52 миллион сўмлик бу лойиҳа йилига 44 минг киловатт электр энергиясини иқтисод қилиш эвазига уч йилга бормай ўзини ўзи қоплайди.
Марказлашган сув манбасидан узоқ, электр тортиб бориш катта харажат талаб қиладиган ҳудудларда шундай лойиҳаларни кўпайтириш кераклиги тайинланди.
Соҳада инвестицияларни ўзлаштиришда қолоқликка йўл қўймаслик учун халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича харидлар очиқ ўтказиладиган ва уларнинг ижроси мувофиқлаштириб, самарали мониторинги юритиладиган янги тизим жорий қилиниши белгиланди.
Гидроиншоотларда сув ўлчагичлар, истеъмолчиларда ҳисоблагичлар ўрнатиш қамровини кенгайтириб, улардаги маълумотларни қайта ишловчи рақамлаштирилган марказ ташкил қилиш бўйича топшириқ берилди.
Сув қувурларидаги йўқотишлар ҳам кўп, деди давлатимиз раҳбари. Баъзи жойларда ичимлик суви сифати стандартга жавоб бермаслиги аниқланган. Бу муаммоларни ҳал этишда Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси фаолияти сезилмаяпти.
Шунинг учун соҳага хусусий секторни фаол жалб қилиш, унга субсидиялар ва бошқа шароитлар орқали жозибадорликни ошириш мумкинлиги қайд этилди. Тарифни белгилаш ҳудудларнинг ўзига берилаётгани бунда катта имконият.
Видеоселектор йиғилишида уй-жойлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Ширкатларнинг муаммоли қарздорлигини қисқартириш, кўп қаватли уйлар бошқарувини сервис компанияларига бериш тажрибасини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Куз-қиш мавсумида узоқ ҳудудларга кўмир ва суюлтирилган газни кафолатланган тарзда етказиб бериш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, такрорий экинларни кўпайтириб, уларни харид қилиш ва ғамлаш чора-тадбирлари белгиланди.
Кам таъминланган оилалар аҳволига алоҳида эътибор қаратиш, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 30 мингта муҳтож оилани куз-қиш мавсуми учун зарур озиқ-овқат ва дори-дармон захираси билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берилди.
Йиғилишда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари ҳисобот берди.