25.06.2020
Академик Бекжон Тошмуҳамедов
Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради.
Таниқли олим, биофизика фанининг Ўзбекистондаги асосчиларидан бири, академик Бекжон Тошмуҳамедов 85 ёшида вафот этди.
Бекжон Тошмуҳамедов 1935 йил 27 январда Тошкент шаҳрида туғилди. 1958 йили Москва давлат университети ва унинг аспирантурасида таҳсил олди. 1962 йили номзодлик, 1971 йили докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1987 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
Меҳнат фаолиятини 1962 йили Тошкент давлат университетида (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) кичик илмий ходим сифатида бошлади. Ўзбекистон Миллий университети доценти, кафедра мудири, Фанлар академияси Физиология ва биофизика институти директори, Республика Олий аттестация комиссияси раиси, Фанлар академияси Президиуми Биология фанлари бўлими раиси, Биокимё институти биофизика лабораторияси мудири, Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Биофизика ва биокимё институти бош илмий ходими лавозимларида самарали хизмат қилди.
Б.Тошмуҳамедов биофизика, ҳужайра физиологияси ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича йирик тадқиқотчи сифатида танилган олим эди. Унинг биофизика мактабини дунёга танитишда муҳим аҳамиятга эга бўлган долзарб мавзулардаги илмий мақола ва тадқиқотлари, рисола ва монографиялари юртимиз ва чет эл илмий жамоатчилиги ўртасида эътибор қозонди.
Олим ҳужайра мембранасига таъсир қилувчи фаол моддаларнинг тадқиқоти бўйича Ўзбекистонда илмий марказ яратди. Халқаро миқёсда кенг эътироф этилган ушбу марказнинг биофизика лабораторияларида Хитой, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Араб мамлакатлари, Польша ва бошқа давлатлардан изланувчилар келиб тадқиқот ишларини амалга оширдилар.
Б.Тошмуҳамедов АҚШ, Англия, Германия, Франция, Швеция, Дания каби мамлакатларнинг бир неча халқаро илмий марказ ва академияларининг фахрий аъзоси эди.
Жонкуяр олим кўплаб истеъдодли ёшларга устозлик қилди. Унинг раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари етишиб чиқди.
Академик Б.Тошмуҳамедовнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига ва “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвонига сазовор бўлган эди.
Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Бекжон Тошмуҳамедовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Нарбаева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Б.Йўлдошев