16.06.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июнь куни хизмат кўрсатиш ва ички туризм соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталиб, охирги пайтда юртимизда бу касалликка чалинганлар сони ошгани, энг ёмони, аҳоли ўртасида ҳам кўплаб рўй бераётганига эътибор қаратди.
Жумладан, Тошкент шаҳрида сўнгги икки ҳафтада касалланган 551 нафар фуқародан 482 таси айнан аҳоли орасидан аниқланган. 57 ҳолатда вирусни юқтириш манбаи номаълум қолаётгани афсусланарли. Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида ҳам шундай хавотирли ҳолат кузатилмоқда.
– Буларнинг барчаси коронавирус билан боғлиқ вазият тобора мураккаб тус олаётганини кўрсатиб турибди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бугун пандемияга қарши курашишда ҳушёрлик ва масъулиятни ўн карра оширадиган янги босқич бошланмоқда, десак тўғри бўлади. Қанчалик қийин бўлмасин, бу босқичда карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз шарт. Ҳар бир ишимизни эҳтиёткорлик билан, оқибатини пухта ўйлаб, нафақат ўзимиз, балки оиламиз ва фарзандларимиз олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб бажаришимиз керак. Акс ҳолда, барча саъй-ҳаракатларимиз йўққа чиқиши ҳеч гап эмас. Ишончим комил, анча билим ва тажриба орттирган, бағрикенг ва матонатли халқимиз бу босқичдан ҳам, албатта, муносиб ўтади.
Республика махсус комиссиясига ўз фаолиятини қайта бошлаётган корхона ва ташкилотлар, бозор ва савдо мажмуаларида дезинфекция ишлари ҳамда санитария назоратини кучайтириш, оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли ва меҳнат жамоалари орасида тушунтириш ишларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Аҳолига хизмат кўрсатадиган, улар билан бевосита мулоқотда бўладиган барча муассасалар ходимларини коронавирус бўйича мунтазам тестдан ўтказиш муҳимлиги таъкидланди. Хизмат кўрсатиш соҳаси аҳоли бандлигини таъминлашда энг катта захиралардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 35 фоизни ташкил этади. Халқаро меҳнат ташкилоти таҳлилларига кўра, сервис индустриясининг 1 фоизга ўсиши камбағаллар сонини 1,5 фоизга қисқартиради.
Йиғилишда соҳа салоҳиятидан тўла фойдаланилмаётгани таъкидланди. Жойларда маиший ускуналарни таъмирлаш устахоналари, кимёвий тозалаш шохобчалари, компьютер дизайнерлиги, бухгалтерия, реклама, пуллик тиббий хизмат каби тадбиркорлик субъектлари камлиги кўрсатиб ўтилди.
Бу хизмат кўрсатиш соҳасида иш ўринлари яратиш бўйича жуда катта имкониятлар борлигидан далолат беради. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур йўналишда камида 160 минг қўшимча иш ўрни яратиш мумкин.
Масалан, ҳозирги кунда Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида ахборот технологиялари соҳасида йилига 50 минг доллар экспорт қиладиган ва Top Talent рейтингининг энг юқори 3 фоизига кирадиган 21 та ёш фрилансер дастурчи бор.
Давлатимиз раҳбари шундай иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг замонавий хизматларни ўрганишига шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Бош вазир ўринбосарига ҳокимлар билан бирга ҳар бир туман ва шаҳар кесимида хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Шу билан бирга, тармоқни тартибга солиш, ундаги методология ва статистика маълумотларини халқаро стандартларга мослаштириш вазифаси қўйилди.
Соҳани ривожлантириш молиявий кўмаксиз бўлмайди. Шу боис Президент Шавкат Мирзиёев хизмат кўрсатиш лойиҳалари учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ёки 1 триллион сўмдан зиёд кредит ресурслари ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу маблағлар ҳам давлат, ҳам хусусий банклар орқали ажратилади ва кредит ставкаси 15 фоиздан ошмайди.
Ҳудудлар раҳбарлари бу имкониятдан самарали фойдаланиб, хизмат кўрсатиш соҳасида кўп иш жойи яратадиган ва тез амалга ошириладиган лойиҳаларни шакллантириши зарурлиги таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев бу йилги битирувчиларни ўқиш ва ишга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Жорий йилда 451 мингдан зиёд ёшлар мактабларни ва 188 минг нафари коллежларни тамомлади. Бу йил қабул қамрови кенгайгани натижасида уларнинг 103 минг нафари олий таълим муассасаларига ва 90 мингтаси коллеж-техникумларга ўқишга кирганда ҳам, бошқаларининг бандлигини таъминлаш зарур. Шунингдек, 71 минг нафар талаба олий ўқув юртларини битирди.
– Қайси ҳоким бу масалада бош қотириб, битирувчилар билан шахсан учрашди? Ёш ўғил-қизларимиз эртага қаерга ва кимга иш сўраб мурожаат қилади? Ҳудудда улар учун иш ўринлари захираси шакллантирилганми? – дея саволлар қўйди давлатимиз раҳбари.
Масалан, Сурхондарё вилоятида қарийб 2 минг нафар талаба педагогика йўналишларини битирмоқда. Айни пайтда Сариосиё, Олтинсой ва Узун туманларидаги қишлоқ мактабларида ўқитувчилар етишмайди. Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари шу битирувчилар билан учрашиб, уларни ишга йўналтиришга ёрдам бериши кераклиги таъкидланди. Бош вазир ўринбосарларига олис ҳудудларга ишга борадиган ёш мутахассисларни рағбатлантириш, улар учун бошланғич ёрдам пули ва уй-жой ажратиш тизимини жорий этиш бўйича топшириқ берилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда “Ишга марҳамат” моно-марказлари ташкил этиш, ёшларни касбга ва тадбиркорлик асосларига ўргатиш масканлари ҳамда маҳалла гузарларида ўқув курслари очиш вазифаси қўйилди.
Маълумки, 8 июнь куни Ўзбекистон Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари 24 тадан 67 тага оширилиб, рухсат олиш талаблари ва солиқ тўловлари деярли бекор қилинди. Бу бандликни таъминлаш борасида катта ресурс экани таъкидлаб ўтилди.
Марказий банкка ўзини ўзи банд қилган шахслар учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 300 миллиард сўм кредит маблағлари ажратиш, Молия вазирлигига тадбиркорликни бошлаётган ишсиз фуқарога 3 ой мобайнида бино-иншоотнинг ижара тўлови учун субсидия бериш тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда ички туризмни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, бу соҳада 200 мингдан зиёд аҳолини иш билан таъминлаш мумкин. Шунингдек, туризмга хизмат қилувчи умумий овқатланиш, транспорт, чакана савдо каби йўлдош тармоқларда яна кўплаб иш жойлари ташкил этилади.
Бунинг учун ҳар бир ҳудудда имконият ҳам, саёҳатчилар диққатига сазовор жойлар ҳам етарли экани қайд этилди. Мисол учун, Янгиқўрғон туманида 16 та дам олиш масканини тиклаш ҳисобига 1 минг 500 нафар аҳолини, Бўстонлиқда 10 минг ўринга мўлжалланган кўчма дам олиш масканлари ташкил этиш орқали 8 мингга яқин кишини иш билан таъминлаш мумкин.
Қолаверса, Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги сайёҳлик имкониятларидан ҳам тўла фойдаланилмаяпти. Халқ орасида уларни билмайдиганлар, кўрмаганлар ҳали кўп.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар билан бирга янги ички туризм маршрутлари очиш, кўчма дам олиш масканларини кўпайтириш, тиббиёт ва соғломлаштириш туризмини тараққий эттириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ҳокимлар ва сектор раҳбарларига сайёҳлар борадиган барча объектлар, меҳмонхона ва овқатланиш шохобчаларида карантин қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш юклатилди.
Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосарлари, соҳа мутасаддилари ва ҳокимлар ҳисобот берди.
Йиғилишда тегишли раҳбарлар жам бўлганидан фойдаланиб, ғалла ҳосили ўрим-йиғимига ҳам тўхталиб ўтилди.
Баҳор ойларида ёғингарчилик яхши бўлгани, пандемия шароитига қарамай моддий-техника ресурслари, минерал ўғитлар қўшимчаси билан етказиб берилгани учун мўл ҳосил етиштирилгани қайд этилди.
Ўрим-йиғимни ҳар йилгига нисбатан эртароқ якунлаш учун барча имкониятлар борлиги, бунинг учун ишни тўғри ташкил қилиб, ҳосилни қисқа муддатда уюшқоқлик билан йиғиштириб олиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, ғалла ўрилган майдонларни пешма-пеш шудгорлаб, такрорий экинлар экиш бўйича топшириқлар берилди.