05.06.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари (кейинги ўринларда – божхона органлари) фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг стандартлари ва тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришни талаб этади.
Шу билан бирга, “қоғозсиз ва электрон божхона” лозим даражада ривожланмаяпти, контрабанда, контрафакт маҳсулотларни олиб ўтиш, коррупция, ноқонуний валюта операциялари ва божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлашга қарши курашиш усуллари божхона маъмуриятчилигининг замонавий ва синовдан ўтказилган усулларини қўллашни талаб этмоқда.
Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, “қоғозсиз ва электрон божхона”нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган “рақамли божхона”ни шакллантириш, шунингдек, божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишни жадаллаштириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
а) божхона органлари фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг қуйидаги йўналишларини ўз ичига олган 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси (кейинги ўринларда –Концепция) 1-иловага мувофиқ:
божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;
мавжуд куч ва воситаларни оптимал қўллаган ҳолда божхона органлари фаолияти ва инфратузилма объектларининг институционал асосларини ривожлантириш;
рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш;
божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштириш, ташқи иқтисодий фаолиятни (кейинги ўринларда –ТИФ) тариф ва нотариф жиҳатдан тартибга солишни соддалаштириш;
контрабанда ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига қарши курашиш;
божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакаси ва маҳоратини янада ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш;
б) 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари;
халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорлар кредитлари (қарзлари), грантлар ва техник кўмак маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
3. Белгилансинки:
а) 2020 йил 1 августдан темир йўл транспорти ташкилотлари ўзларининг ахборот тизимларини божхона органларининг ахборот тизимларига интеграциялаш орқали божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни божхона органларига реал вақт режимида беғараз тарзда тақдим этадилар;
б) 2020 йил 1 сентябрдан “Ягона дарча” божхона ахборот тизими чегара божхона постларида жорий этилади;
в) 2020 йил 1 ноябрдан:
шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунгача қисқартирилади;
божхона назоратининг муқобил турларини қўллашни кенгайтириш орқали товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш ҳолатлари қисқартирилади, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими автомобиль чегара божхона постларида жорий этилади;
транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчига реал вақт режимида электрон шаклда қайта олиб чиқиш муддати тугашидан олдин вақтинчалик олиб кириш муддатини узайтириш ва тегишли йиғимни тўлашни амалга ошириш имконияти тақдим этилади;
“божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини идентификациялаш ва баҳолаш услубияти тадбиркорлик субъектининг ўзи томонидан ишлаб чиқилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:
божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан кейин ТИФ иштирокчиси фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назорати органларининг (кейинги ўринларда – назорат органлари) ТИФни нотариф тартибга солиш чораларини қўллаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
товарлар импорти ва экспорти тузилмаси ҳамда динамикасининг чуқур ҳолатий таҳлилини, шунингдек, импорт ҳажми ҳам жисмоний, ҳам қийматий ўсишининг сабаблари таҳлилини амалга ошириш;
ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш масалалари бўйича манфаатдор идоралар билан ҳамкорлик ўрнатиш.
5. Божхона органларига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
товар ва транспорт воситалари устидан улар сақланадиган ва сотиладиган жойларга чиққан ҳолда, божхона аудитини амалга ошириш;
олиб кириладиган ва (ёки) олиб чиқиладиган товарлар ва транспорт воситалари ҳисоби, жумладан, бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатлари, шунингдек, дастлабки ҳужжатлар юритилиши устидан текширувни амалга ошириш.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тузилмасида умумий штат бирликлари доирасида:
а) Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси этиб қайта ташкил этилсин ва унга қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:
товарларни божхона режимларига жойлаштириш фактини текшириш;
божхона юк декларацияси ва божхона кирим ордерида кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларда қайд этилган маълумотлар билан таққослаш ва текшириш;
товарларга нисбатан преференциялар тўғри қўлланилганлиги, божхона тўловлари тўлиқ ундирилганлиги, шунингдек, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва валютани тартибга солиш талабларининг бузилиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни текшириш ва ўрганиш;
божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар тўғри қўлланилганлиги ва товарларнинг божхона қиймати тўғри аниқланганлигини текшириш;
шартли равишда чиқариб юборилган товарларни тасарруф этиш бўйича чекловларга риоя этилишини текшириш;
товарларнинг божхона расмийлаштирувида тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил қилиш ва текшириш;
ТИФ товар номенклатураси бўйича товарларнинг тўғри таснифланганлиги ва божхона расмийлаштируви тўғри амалга оширилганлигини текшириш;
божхона соҳасида фаолият олиб борувчи шахслар томонидан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилишини текшириш;
божхона операцияларини амалга оширишда ноқонуний (“кулранг”) схемаларни аниқлаш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда уларга чек қўйиш бўйича профилактика ишларини ўтказиш;
б) Божхона экспертизаси ва ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш бошқармаси Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси бошқармаси этиб қайта ташкил этилсин ва унга қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
назорат қилувчи органлар томонидан ТИФни амалга оширишда рухсатнома ва бошқа тусдаги ҳужжатлар олиниши лозим бўлган ҳамда лицензияланадиган ва квоталанадиган товарларга нисбатан нотариф тартибга солиш чоралари қўллашни мувофиқлаштириш;
назорат қилувчи органларнинг товарларни олиб кириш ва (ёки) олиб чиқишда улар томонидан тақиқларни қўллаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
“Ягона дарча” божхона ахборот тизимини қўллаш ва такомиллаштириш услубиятларини ишлаб чиқиш;
интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрини юритиш;
экспорт назорати объектларининг божхона расмийлаштируви устидан назорат қилиш услубиятини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
7. Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида мазкур Фармоннинг моҳияти, шунингдек, “Йўл харитаси”ни амалга ошириш жараёнини ёритиш бўйича мақолалар ҳамда мавзуга оид телекўрсатувлар ташкил этсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:
а) бир ойлик муддатда:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин;
б) уч ой муддатда божхона аудити тамойиллари ва усуллари, аудит объектларини танлаш усуллари ва механизми, шунингдек, божхона аудитини ўтказиш босқичларини назарда тутувчи Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3665-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев