26.05.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6000-сон Фармонига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (кейинги ўринларда – Маданият вазирлиги) фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида:
“Ахборот ва компьютер технологиялари маркази” давлат муассасаси “Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва ахборот-мультимедиа маркази” давлат муассасаси этиб қайта номлансин;
Маданият ва санъат кўргазмаси ҳамда Ёшлар маданият ва санъат маркази тугатилсин, уларнинг бюджетдан молиялаштириладиган штат бирликлари, балансида бўлган бинолар ҳамда бошқа моддий-техника воситалари Маданият вазирлигига ўтказилсин;
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти (кейинги ўринларда – Департамент) ва унинг барча ҳудудий бошқармалари тузилмасида тегишлича юридик шахс мақомига эга бўлмаган Бадиий экспертиза бошқармаси ҳамда бадиий экспертиза бўлимлари ташкил этилсин;
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Бадиий экспертиза бошқармаси, унинг ҳудудий бўлимлари тугатилсин, уларнинг мавжуд штат бирликлари ҳамда мол-мулклари молиялаштиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда тегишлича Департамент ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларига, пул маблағлари эса – Департаментнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармасига ўтказилсин;
Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Маданий мерос тиклаш-таъмирлаш” давлат унитар корхонаси ҳамда Департамент ҳузуридаги “Мерос чашмаси” давлат унитар корхонаси тугатилсин, уларга хўжалик юритиш, оператив бошқарув ва доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган бинолар ҳамда бошқа моддий-техника воситалари белгиланган тартибда Маданий мерос илмий-тадқиқот институтига ўтказилсин;
Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига молиялаштириладиган объектларни қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи хизматининг номи Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси этиб қайта номлансин;
“Гулистон”, “Театр” ва “Мозийдан садо” журналлари таҳририятлари ягона таҳририятга бирлаштирилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикасининг “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”, “Музейлар тўғрисида”, “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларида Маданият вазирлиги зиммасига юклатилган вазифа, функция ҳамда ваколатлар Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади;
Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари фаолияти 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
3. Маданият вазирлиги 2020 йил охирига қадар Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларига оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган моддий маданий мероснинг барча кўчмас мулк объектларини тегишли ҳудудий маданият бошқармалари ва музей-қўриқхоналарга оператив бошқарув ҳуқуқи билан ўтказилишини таъминласин, Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари жойлаштирилган бинолар бундан мустасно.
Моддий маданий мерос объектларига эгалик қилувчи ва улардан фойдаланувчи давлат органлари ва бошқа юридик шахслар раҳбарлари ҳамда жисмоний шахслар зиммасига моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик юклансин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Департамент ва унинг тегишли ҳудудий бошқармалари тегишинча тугатилаётган Бадиий экспертиза бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича вориси ҳисобланади;
Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари таркибидаги Бадиий экспертиза бошқармаси ва бадиий экспертиза бўлимлари бошлиқлари ўз лавозимига кўра тегишинча Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг ўринбосари ҳисобланади;
Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари таркибидаги Бадиий экспертиза бошқармаси ва бадиий экспертиза бўлимларининг штат бирликлари тугатилаётган Бадиий экспертиза бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларининг штат бирликлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча штат бирликларини ажратиш орқали шакллантирилади;
маданий бойликларни бадиий экспертизадан ўтказганлик учун махсус йиғимлар Департаментнинг Маданий мерос жамғармасига йўналтирилади.
5. Маданий мерос илмий-тадқиқот институтига (кейинги ўринларда – Институт) қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда, архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини яратиш, геодезия ва картография фаолияти, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолият турларини тегишли лицензияларни олмасдан амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.
Белгилансинки:
Институт фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг давлат илмий-техникавий дастурларида назарда тутилган маблағлар, ўз фаолиятидан олган маблағлари, халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларнинг грантлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
Институт тугатилаётган “Маданий мерос тиклаш-таъмирлаш” ва “Мерос чашмаси” давлат унитар корхоналарининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича вориси ҳисобланади, ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича мажбуриятлар бундан мустасно.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази мавжуд штат бирликлари ва моддий-техника базаси билан тўлиқ ҳажмда, молиялаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда Маданият вазирлиги тизимига ўтказилсин.
Маданият вазирлиги 2020 йил 1 сентябрга қадар Маданият вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
7. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
бошқарув ходимлари чекланган сони 81 кишидан иборат Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
ҳудудий маданият органлари ходимларининг чекланган сони 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирига ходимларнинг умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ҳудудий маданият органлари тузилмаларини тасдиқлаш, шунингдек, зарур ҳолларда, ушбу тузилмалар ҳамда вазирлик марказий аппарати тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
Мазкур бандга мувофиқ Маданият вазирлиги ва ҳудудий маданият органлари учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан молиялаштириладиган қўшимча 51 та штат бирликлари Маданият ва санъат кўргазмасининг тугатилиши ҳамда Маданият вазирлиги тизимидаги ташкилотларнинг қайта ташкил этилиши ҳисобига бўшайдиган штат бирликлари ҳисобидан ажратилсин.
8. Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш 4-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6000-сон Фармонида белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ҳажмда ва самарали амалга оширилишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги ПҚ–4038-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ҳамда мазкур қарорнинг ижросини таъминлашда масъул вазирлик ва идораларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириш, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриш;
мазкур бандда назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг доимий мониторинги ва таҳлилини олиб бориш ҳамда уларнинг натижалари юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот ва асослантирилган таклифлар киритиб бориш.
9. Маданият вазирлиги:
а) икки ҳафта муддатда:
ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосарларининг улар масъул бўлган аниқ йўналиш ва вазифаларни назарда тутувчи функционал вазифаларини тасдиқласин;
ҳудудий маданият бошқармалари тузилмаларида ходимларнинг мазкур қарор билан белгиланган чекланган сони доирасида моддий маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўлимларини ташкил этсин;
б) бир ой муддатда:
ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, Маданият вазирлиги марказий аппарати ва янги тузилган бўлинмаларни зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини юқори профессионал даражада таъминлашга қодир бўлган малакали мутахассислар билан тўлдириш чораларини кўрсин;
Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Маданият вазирлиги тизимидаги ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган концерт-томоша хизматларининг тарифларини шакллантириш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
в) икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига:
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги;
Департамент фаолиятини такомиллаштириш ва барқарор равишда молиялаштириш, ходимлари меҳнатини моддий рағбатлантиришни кучайтириш, шу жумладан, уларга хизмат қилган умумий иш стажи, илмий унвон ва даражага эга бўлгани учун устамалар белгилаш, моддий-техника базасини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги;
Маданий бойликларни реализация қилиш фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги қарор лойиҳаларини киритсин;
г) уч ой муддатда Оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг календарь режаларини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига маданият ва санъат муассасаларида Билет операциялари ягона электрон тизими ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Маданият вазирлиги:
бир ой муддатда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда Оммавий ташриф буюриладиган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва музейлар рўйхатини тасдиқласин;
2021 йил 1 июлга қадар ўз тизимидаги театрларнинг кириб-чиқиш жойларида театрларнинг ўз маблағлари ва Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жалб қилинадиган маблағлари ҳисобига электрон турникетлар ёки ташриф буюрувчиларни автоматик ҳисобга олишга мўлжалланган бошқа мосламалар ўрнатилиши ва уларнинг Билет операциялари ягона электрон тизимига интеграция қилинишини таъминласин.
11. 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тизими жорий этилгунига қадар Маданият вазирлиги, ҳудудий маданият бошқармалари, туман ва шаҳар маданият бўлимлари ходимлари учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ушбу харажатлар учун Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантиришнинг қуйидаги турлари жорий этилсин:
кўп йиллик меҳнати учун рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига белгиланган коэффициентларда қуйидаги ҳажмларда ҳар ойда қўшимча пул тўлаш: 2 йилдан 5 йилгача – 0,1; 5 йилдан 10 йилгача – 0,2; 10 йилдан 15 йилгача – 0,3; 15 йилдан ортиқ – 0,4;
ходимлар фаолиятининг натижадорлигига кўра иш берувчининг алоҳида буйруғи билан ўрнатиладиган, лавозим маошидан (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) 100 фоизгача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устама;
ҳар ойлик озиқ-овқат учун харажатларни қоплаш бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида тўловлар;
ҳар ойлик йўлкира учун харажатларни қоплаш бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўловлар, хизмат автотранспорти бириктирилган ходимлардан ташқари.
12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида мазкур қарорда назарда тутилган харажатларни амалга ошириш учун зарур маблағларни кўзда тутсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 5-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 14 сентябрдаги “Тошкент шаҳрида барпо этилган маданият ва санъат кўргазмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–467-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
15. Маданият вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А.Мусаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев