28.05.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиёти билан алоқалари тобора ривожланиб бормоқда. Бу эса ички бозорда рақобат муҳитини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатдошлигини оширишни талаб этади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон бозор иқтисодиётига қатъий ўтиши жараёнида рақобат масаласи принципиал аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
– Мени ташвишлантирадиган масала шуки, корхоналаримиз ташқи рақобатга бардош бера оладими? Четдан товар кириб келса, юртимизда ишлаб чиқарилган худди шундай маҳсулот унга рақобатчи бўла оладими? Маҳаллий маҳсулотларнинг таннархини пасайтирсак, хориждан ўзлари олиб кетишади, – деди Президент.
Бугунги кунда 31 та товарлар гуруҳи ва 82 турдаги хизматлар бозорида 245 та корхона монопол ҳолатда сақланиб қолмоқда. Лекин бир қатор йўналишларда рақобат муҳити шаклланиб бўлган 19 хил маҳсулот ва хизматлар бўйича 70 та корхонани монополистлар реестрдан чиқариш мумкин.
– Рақобат бўлмаса, сифат бўлмайди, нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди. Иқтисодиётда бу ҳаёт-мамотимиз. Агар раҳбарлар шунга муносиб бўлса, ишлайди, бўлмаса – кетади, – деди Президент.
Йиғилишда корхоналарнинг бозордаги монопол мавқеини аниқлаш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, монопол товарлар рўйхатини кескин қисқартиришга қаратилган “йўл харитаси” тасдиқлаш вазифаси белгиланди.
– Дунё тажрибасини ўрганиб, ўз йўлимизни топишимиз зарур. Монополиядан чиқариш, рақобатни таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича якдил йўналишимиз бўлиши керак, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Давлат иштирокидаги корхоналарда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан барча раҳбарларни рақобат асослари ва комплаенс бўйича ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.
– Қачон рақобатга тайёр бўламиз? Соҳа ва тармоқларимиз тайёр бўлса. Соҳалар қачон тайёр бўлади? Мутахассислар бўлса. Энг заиф жойимиз: малакали мутахассислар етишмайди, технология йўқ, стандартлар йўқ. Шунинг учун бу соҳани деярли бошидан бошлашимиз керак, – деди Президент.
Рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши курашиш борасида мутлақо янги тизим яратиш лозимлиги таъкидланди. Олий таълим тизимида рақобатни ривожлантириш йўналиши бўйича алоҳида факультет, кундузги ва сиртқи ўқиш шаклини очиш, янги фан жорий қилиш ва ушбу мақсадлар учун академик соатлар ажратиш бўйича кўрсатма берилди.
Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида монопол корхоналарнинг раҳбарлари ва ҳокимлар учун рақобатни ривожлантириш йўналиши бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиб, ўқув жараёнига ҳалқаро молия ташкилотларидан эксперт ва профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Рақобат соҳасига оид низоларнинг малакали кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Тошкент юридик университетида шу йўналиш бўйича судьялар малакаси ошириш, судьяларни ушбу йўналишда ихтисослаштириш ва алоҳида суд коллегиясини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Иқтисодиётда имтиёзлардан самарали фойдаланиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Масалан, имтиёздан фойдаланган 23 та ёғ-мой корхонасида янги иш ўринлари етарлича ташкил этилмаган.
Аксинча, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида рақобат муҳити яратилгани натижасида сўнгги 4 йилда парранда гўшти етиштириш 100 минг тоннадан 205 минг тоннагача, балиқ 65 минг тоннадан 122 минг тоннагача кўпайган.
– Паррандачилик ва балиқчилик уюшмалари монополиядан озод қилингани натижаси сезиляпти. Тадбиркорлар ўзини эмин-эркин ҳис қилиб, ҳаракат қиляпти. Нарх ва сифат жиҳатидан бозорга муносиб товар ва хизматлар чиқиши керак. Рақобат бўлса, аҳолининг танлаш имконияти ва сотиб олиш қобилияти ошади, одамлар рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳам батафсил таҳлил қилинди.
– Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида кўп гапирилади, лекин амалда бу тизим тўла ташкил қилингани йўқ. Буни талаб қиладиган муҳит йўқ, билим йўқ, оммавий ахборот воситаларида тарғибот етишмайди, – деди давлат раҳбари.
Ўтган йилда истеъмолчилардан тушган 11 мингдан ортиқ шикоятларнинг 50 фоизи коммунал ва транспорт, 25 фоизи савдо, қолган 25 фоизи алоқа, молиявий хизматлар ва бошқа соҳаларга оид бўлган.
Бунга асосий сабаб – монопол корхоналар ўз манфаатига мослаб ҳужжатлар ишлаб чиққан бўлиб, уларда истеъмолчилар манфаати тўлиқ инобатга олинмаган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ваколатларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қарор лойиҳаси тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Қўмитани истеъмолчиларнинг манфаатларини тўғридан-тўғри ҳимоя қиладиган халқ вакиллик органи – Олий Мажлисга ҳисобдор этиб белгилаш масаласини кўриб чиқиш топшириғи берилди.