09.05.2020
Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг мудҳиш, энг бешафқат тўқнашув бўлган. Жангу жадаллар Европа, Осиё ва Африка қитъаларида, ҳавою океанларда кечган. Баъзи маълумотларга кўра, бу урушда жами 85 миллионгача инсон ҳалок бўлган. Ер юзи беҳисоб вайронагарчилик ва қаҳатчиликка юз тутган.
Давлатимиз раҳбари аввалги чиқишларида Ўзбекистон халқининг Ғалабага қўшган ҳиссасини янада чуқурроқ ўрганиш зарурлигини таъкидлаган эди. Шундан сўнг бу борада катта илмий тадқиқотлар қилинди. Илгари ёпиқ бўлган тарихий ҳужжатлар ҳам ўрганилди. Чет эллардаги архив ташкилотлари, музейлар, олимлар билан ҳамкорлик натижасида қаҳрамон аждодларимиз ҳақида янги маълумотлар қўлга киритилди.
Масалан, шу вақтга қадар Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1 миллион 500 мингга яқин киши иштирок этган, деб ҳисобланар эди. Янги топилган маълумотларга кўра, 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилгани аниқланди. Шунингдек, 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани ҳужжатлар орқали ўз тасдиғини топди.
Юртимизда қолган аёллар, кексалар, ёш болалар ҳам чинакам қаҳрамонлик кўрсатганлар. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган барча одам ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз меҳнат қилган. Республикамиздан жанг майдонларига самолёт ва танклар, қурол-яроғ, улкан миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб турилган.
Минглаб уруш қатнашчилари Ўзбекистонда ташкил этилган ҳарбий госпиталларда даволанган. Янги аниқланган маълумотларга кўра, уруш ўчоғига айланган ўлкалардан юртимизга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 250 мингдан зиёд бола эвакуация қилинган. Халқимиз уларга ўз уйидан жой бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўрган.
Элимизнинг бу жасорати, меҳр-мурувват ва инсонпарварлик фазилатлари ҳали ҳамон шон-шараф мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб келмоқда. Вақт ўтгани сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Шон-шараф музейида ана шундай шонли тарих ўз ифодасини топган. Тарихий факт ва воқеалар замонавий технологиялар, интерактив усуллар ёрдамида акс эттирилган.
Давлатимиз раҳбари музей экспозицияси билан танишди. Бу ердаги экспонатлар Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага катта ҳисса қўшган халқимизнинг жасоратини тараннум этишга, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилишини таъкидлади.
- Бу музейнинг пайдо бўлиши адолатнинг тикланиши демакдир. Тарихимизнинг бир қисми бўлган уруш воқеаларини бир жойда намоён этадиган бундай маскан йўқ эди. Бу ишлардан мақсад-муддаоимиз - халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага қўшган буюк ҳиссасини тарихга муҳрлаб қўйиш, ёш авлодларга етказиш. Юз йиллардан кейин ҳам одамлар келиб, уруш воқеалари ва оқибатларини, тинчлик қадрини билиши керак, - деди Президент.
Музей олтита бўлимдан иборат бўлиб, 1-бўлимда республикамиз аҳолисининг фронтга сафарбар этилиши, жанг майдонларидаги жасорати акс эттирилган. Иккинчи бўлим “Ўзбекистон – фронт учун ишончли таянч қўрғони” деб номланган. Кейинги бўлимда уруш йилларида юртимиздаги илм-фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш соҳалари намойиш этилган. 4-бўлим “Уруш ва ғалаба ҳақида хотиралар, халқнинг қувонч ва шодлиги” деб аталган бўлса, навбатдаги шўъбада уруш йилларидаги бадиий адабиёт, санъат ва матбуот ҳақида ҳикоя қилинган. «Мардлар жасорати мангу яшайди» номли 6-бўлимдан 33 жилдлик «Хотира» китоби, шунингдек, байрам муносабати билан нашр этилган китоб-альбом ва бошқа экспонатлар ўрин олган.
Шавкат Мирзиёев Шон-шараф музейида ҳар бир қўмондонликнинг ўз жойи бўлиши, илмий тадқиқотлар ўтказиб, уларнинг экспозицияларини тўлдириб бориши зарурлигини таъкидлади. Ҳарбий хизматчи ва курсантларни, ёшларни бу ерга олиб келиб, уларда мардлик, фидойилик руҳини шакллантириш бўйича тавсиялар берди.
Давлатимиз раҳбари боғдаги «Кўз ёши» мажмуасини ҳам кўздан кечирди. Кўз шаклидаги бу бадиий мажмуада урушнинг мудҳишлиги, миллати ва динидан қатъи назар, барча одамлар бирлиги ифодаланган.
Боғ ҳудудида бир нечта мармар деворларда композицион паннолар барпо этилган. Уларда саркарда боболаримиз тарихидан лавҳалар, Иккинчи жаҳон урушига оид энг муҳим маълумотлар, миллий армиямизнинг ҳозирги жанговар ҳолати акс эттирилган. Уруш йилларидаги куй-қўшиқлар ва хабарлар асосида тарихий муҳит жонлантирилган.