29.04.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 29 апрель куни пандемия даврида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Жаҳон бозорида нефть, пахта, газ ва электр энергияси нархи пасайиб, озиқ-овқат товарларининг нархи ошиб бормоқда. Кўплаб давлатлар ун, дон, гуруч, ёғ, картошка каби маҳсулотларни экспорт қилишга чекловлар ўрнатди.
Шу боис қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш бугунги кундаги энг муҳим масала ҳисобланади. Бу борада суғориладиган майдонларда 2-3 мартадан ҳосил олиш, фойдаланишдан чиққан ерларни ўзлаштириш чоралари кўрилмоқда. Ишлаб чиқариш ва сақлаш қувватлари кенгайтирилмоқда.
Йиғилишда маҳсулот етиштиришни ошириш, стратегик захираларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси, ҳар бир вилоят ва туман раҳбарида жорий йил 1 июндан 2021 йил 1 июнгача аҳоли эҳтиёжини таъминлаш бўйича аниқ ҳисоб-китоб бўлиши кераклиги таъкидланди.
Туманларда маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш имкониятлари, оборотдан чиққан ерларни ўзлаштириш, мева-сабзавотчилик ва чорвачиликдаги резервлар аниқ белгилаб берилган. Энди шу бўйича ишни ташкил этиб, етишмайдиган маҳсулотни бошқа туманлардан олиш ёки ортиқчасини сотиш лозимлиги қайд этилди.
Мисол учун, Деҳқонобод туманида пахта экилмайди, ғалла эса лалми майдонда етиштирилади. Чироқчи туманида 100 минг гектардан ортиқ яйлов ерлардан самарали фойдаланилмаяпти. Бу туманларда Қорақалпоғистон тажрибаси асосида кооперация усулида чорвачилик корхоналари ташкил этиш яхши самара беради.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун юртимизда етарли ҳажмда етиштирилмайдиган маҳсулотлар майдонини кенгайтириш ғоят муҳим.
Масалан, 2019 йилда қарийб 60 минг тонна гуруч импорт қилинган. Ёки етарли ер майдонлари бўла туриб, 150 минг тонна картошка четдан олиб келинган.
Шулардан келиб чиқиб, жорий йилда қўшимча 10 минг гектар ерларда, жумладан, Хоразмда 6 минг, Қорақалпоғистонда 3 минг, Сирдарёда 1 минг гектарда кўчат усулида шоли экиш бўйича топшириқ берилди. Картошка экиладиган майдонларни камида 50 минг гектарга етказиш ва ҳосилдорликни 2 баробарга ошириш вазифаси қўйилди.
Ёғ-мой саноати тизимидаги қувватлардан атиги 46 фоиз фойдаланилмоқда. Хомашёнинг 90 фоизини чигит ташкил қилади. Шу боис 22 та йирик ёғ-мой корхонасига оборотдан чиққан 50 минг гектар ерни бириктириб, соя, махсар, кунгабоқар каби мойли экинлар етиштиришни йўлга қўйиш, улардан маҳсулот ишлаб чиқаришни 40 минг тоннага етказиш зарурлиги таъкидланди.
Бу йил ғалла ҳосилидан 735 минг тонна буғдой фермерлар ихтиёрида қолиши эълон қилинган, ҳосилдорликни 20 центнерга ошириш режалаштирилган. Бу ишлар фермерларнинг манфаатдорлигини ошириш, аҳолини дон ва ун маҳсулотлари билан етарли миқдорда таъминлаш учун қилинмоқда.
Мутасаддиларга донни бозор нархида сотиб олиш, донни қайта ишловчи хусусий корхоналарни жалб қилган ҳолда сақлаш ва қайта ишлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ички бозорни маҳсулот билан тўлдиришда томорқа, экспорт учун дала деҳқончилиги катта захира ҳисобланади.
Икки йил олдин ташкил этилган “Томорқа хизмати” тизимидаги 244 та корхонанинг 65 таси экспорт қилмоқда. Бироқ, кўп жойларда бу хизмат тўлиқ ишламаяпти. Шу боис мазкур тизимни такомиллаштириш, корхоналарга кўчат етиштириш учун ер ажратиш, уларни техника ва ускуналар билан таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига хонадонларда маҳсулотларни сақлаш учун 20-30 тонналик кичик ҳажмли музлаткичлар қурилишини ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлашни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, сут маҳсулотлари импорти ҳажми 70 миллион доллардан ошгани, юртимизда тўлиқ ишлаб чиқариш имкони бўлган майонез, томат, консерваланган маккажўхори ва нўхат ҳам четдан келтирилаётгани кўрсатиб ўтилди. Сутни қайта ишлаш даражаси Хоразм, Наманган, Сурхондарё вилоятларида 10 фоизга ҳам етмайди.
«Ўзбекозиқовқатхолдинг» компаниясига импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қайта ишланган мева экспорти ҳажмини ошириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, ички истеъмол талабидан ортиқча мева-сабзавотларни нобуд қилмай, ташқи бозорларга сотиш бўйича топшириқлар берилди.
Коронавирус пандемияси кўп масалалардаги хатоларни, жумладан, деҳқон бозорларидаги камчиликларни яққол кўрсатди. Шу боис ҳозиргача бўлган стандартларни қайта кўриб чиқиш, деҳқон бозорларида давлат иштироки талабини бекор қилиб, хусусий сектор иштирокида замонавий деҳқон бозорлари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Стратегик захираларни шакллантириш борасида ҳам жиддий камчиликлар борлиги маълум бўлди. Масалан, 6 турдаги маҳсулот бўйича захира шакллантирилмаган. Буғдой эса, аксинча, заруратга нисбатан 5 баробар кўп ғамланган.
Шу боис Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига стратегик захиралар номенклатураси ва ҳажмларини танқидий кўриб чиқиб, бу борада янги тизим яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан агросаноат тармоғи раҳбарлари ва ҳокимларнинг ҳисоботи эшитилди.