21.04.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Тасвирий ва амалий санъат соҳаларида миллий меросимизни тиклаш, Камолиддин Беҳзоднинг бой ижодий меросини халқимизга тўла етказиш, соҳа ривожига катта ҳисса қўшган атоқли рассом ва халқ усталари хотирасини абадийлаштириш, ижодий йўналишда олий ўқув юртидан кейинги таълимни ташкил этиш, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда мамлакатимизда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳаси самарадорлигини янада ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
2020 йил октябрь ойида буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини кенг нишонлаш;
Камолиддин Беҳзод хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг кўчаларидан бирига унинг номини бериш;
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган талабалар учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш;
ёш истеъдодли ижодкорларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танловини ташкил этиш ва уни ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб бориш белгилансин.
2. Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ташкилий қўмита (А.Абдуҳакимов):
а) бир ой муддатда Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
б) 2020 йил 15 сентябрга қадар Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи хиёбонининг замонавий қиёфада қайта ташкил этилиши ва унинг ҳудудидаги Камолиддин Беҳзод ҳайкалини 2022 йилда бронзага ўтказилишини;
в) 2020 йил 1 октябрга қадар Камолиддин Беҳзод ҳаёти ва ижоди ҳамда унинг Шарқ тасвирий санъатига қўшган беқиёс ҳиссасига бағишланган ҳужжатли фильмнинг тайёрланиши ҳамда марказий телеканалларда намойиш этилишини;
г) 2020 йил октябрь ойида:
“Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танловининг ўтказилишини;
Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари асарлари, хаттотлик санъати намуналари, замонавий миниатюра асарлари кўргазмаси ҳамда илмий-амалий конференциясининг ўтказилишини;
д) “Ўзбекистон замонавий миниатюраси” каталогининг тайёрланиши ва жорий йил октябрь ойида нашр этилишини таъминласин.
4. Белгилансинки, Камолиддин Беҳзоднинг ҳайкалини бронзага ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Бадиий академиясига мазкур мақсадлар учун ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида:
Бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда – Марказ);
олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичи сифатида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси)(кейинги ўринларда – Рассомлик маҳорат устахонаси) ташкил этилсин.
6. Қуйидагилар:
а) Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
давлат олий ва профессионал таълим муассасалари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик ҳамда музейшунослик йўналишлари (кейинги ўринларда – бадиий таълим йўналишлари) бўйича педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш;
иқтидорли ёш профессионал санъат намояндаларининг билим ва кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган ўқитишнинг замонавий шакл ва услублари, самарали педагогик технологиялар, электрон ахборот ресурсларидан кенг фойдаланган ҳолда таълим жараёнининг юқори даражада олиб борилишини таъминлаш;
ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни ҳисобга олган ҳолда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув режалари ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштириш;
бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларининг ўқув-методик базасини шакллантириш ва фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларга ташкилий-методик раҳбарликни амалга ошириш;
б) Рассомлик маҳорат устахонасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
тасвирий санъат асарларининг юксак сифатини таъминлаш, тасвирий санъат ижодкорларининг салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш;
“устоз-шогирд” ва бадиий таълим анъаналарини сақлаган ҳолда ўқитишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига ижодий устахоналар фаолиятини татбиқ этиш;
тасвирий санъат йўналишларида (дастгоҳли, графика, маҳобатли, миниатюра, ҳайкалтарошлик) фаолият олиб бораётган истеъдодли ижодкорларни саралаб олиш, уларнинг эстетик савияси ва маҳоратини юксалтириш;
санъат асарларида миллий ва умуминсоний анъаналарнинг юксак даражада ифода этилишига эришиш;
чет эллардаги кўргазма ва музейларда сақланаётган ноёб асарлар билан яқиндан танишиш, нусха кўчириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида хорижий мамлакатларга олий рассомлик курси ёш ижодкорларининг ижодий сафарларини ташкил этиш;
юртимиз музейлари фондларини юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб боришга кўмаклашиш.
7. Белгилаб қўйилсинки:
Марказ фаолияти 2022 йил 1 январдан, Рассомлик маҳорат устахонаси фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади;
Рассомлик маҳорат устахонаси юридик шахс мақомига эга бўлмайди ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
ёш ижодкорлар Рассомлик маҳорат устахонасига стажёр-тадқиқотчилар учун белгиланган тартиб асосида жалб қилинади.
8. Ўзбекистон Бадиий академияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Марказ ҳамда Рассомлик маҳорат устахонаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги тегишли Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Республикада тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
10. Ўзбекистон Бадиий академиясининг юртимиз тасвирий санъатига улкан ҳисса қўшган атоқли ижодкор Павел Беньков номини Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабига бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2022 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ўқувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрсин.
12. 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппарати ходимларининг лавозим маошига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 100 фоиз миқдорида ойлик устамалар белгилансин.
13. Мазкур қарорда назарда тутилган харажатларни молиялаштириш 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Бадиий академиясига ажратиладиган маблағлар доирасида, 2021 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида 2021 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг асосий биноси атроф ҳудудида қўшимча ўқув биноси ва замонавий ахборот-кутубхона маркази, кўргазмалар галереясини ўз ичига қамраб олувчи ёрдамчи бино қуриш ишлари учун зарур капитал қўйилма маблағларини назарда тутсин.
Ўзбекистон Бадиий академияси 2020 йил 1 октябрга қадар мазкур бандда назарда тутилган лойиҳа (объект) бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–3219-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
16. Ўзбекистон Бадиий академияси манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев