04.04.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Республика иқтисодиёти ва аҳолисининг энергия ресурсларига бўлган талабини тўлиқ қаноатлантириш, нефть-газ корхоналарини молиявий соғломлаштиришни таъминлаш, шунингдек, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва энг яхши хорижий тажриба асосида тармоқда соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) билан биргаликда 2020 йил 1 сентябрга қадар Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки экспертларини жалб қилган ҳолда қуйидагиларни:
Газ-транспорт тизимини 2030 йилгача ривожлантириш дастурининг бош режаси;
барча иштирокчиларга тенг кириш имкониятини таъминлаш ва нархни шакллантиришнинг шаффоф механизмларини назарда тутган ҳолда электр энергияси ва табиий газнинг биржа савдолари асосидаги улгуржи бозорини яратиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
2. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда:
а) халқаро даражада тан олинган консалтинг ва аудиторлик компанияларини жалб қилган ҳолда:
2020 йил 1 июлга қадар тегишли идоралар билан биргаликда Нефть-газ тармоғи корхоналарининг операцион самарадорлигини яхшилаш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
2020 йил 1 октябрга қадар нефть-газ тармоғидаги барча корхоналарда коррупцияга қарши “комплаенс-назорат” тизими жорий этилишини таъминласин;
б) 2020 йил 1 июнга қадар юқори малакали хорижий экспертлар ва мутахассислар, шу жумладан, хориждаги ватандошларни нефть-газ тармоғи корхоналарига ишга ёллаш тўғрисидаги таклифларни, уларни танлаб олиш, қўйиладиган малака талаблари, функционал мажбуриятлар, жалб қилиш муддати ва меҳнатга ҳақ тўлаш ҳажмларини кўрсатган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни мақбуллаштириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи (Р.Давлетов) “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда нефть-газ тармоғидаги фаолият турларини лицензиялашни такомиллаштириш ва соддалаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Агентликнинг қуйидагилар тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:
а) устав жамғармасида давлат улушини ошириш ҳисобига қуйидагиларни капитализациялаш:
“Ўзбекнефтгаз” АЖга иловага мувофиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун аввал ажратилган Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг (кейинги ўринларда – Жамғарма) кредитлари бўйича 2020 йил 1 апрель ҳолатига “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг асосий қарзи ва ҳисобланган фоизларни;
капитализацияланган маблағларни кейинчалик “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ устав жамғармасини оширишга йўналтирган ҳолда, “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖга “Ангрен” ЭИЗ ҳудудида конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги ва автомобиль шиналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш учун аввал ажратилган Жамғарма кредитлари бўйича 2020 йил 1 апрель ҳолатига “Ўзкимёсаноат” АЖнинг асосий қарзи ва ҳисобланган фоизларни;
б) 2017-2021 йилларда углеводород хомашёси қазиб чиқаришни кўпайтириш дастурини молиялаштиришни давом эттириш мақсадида Ипак йўли жамғармаси (ХХР) ва хорижий тижорат банкларининг 250 миллион АҚШ доллари миқдоридаги, шунингдек, экспорт-кредит агентликлари ҳисобидан 400 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини жалб қилиш.
5. Агентлик Жамғарма, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзкимёсаноат” АЖ билан биргаликда икки ой муддатда қўшимча акцияларни жойлаштириш ва кредит шартномаларига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришларни киритиш йўли билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзкимёсаноат” АЖ устав жамғармаларида давлат улушини ошириш бўйича тегишли чораларни кўрсин.
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги мазкур қарорда назарда тутилган қўшимча акцияларни чиқаришнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига 2017-2021 йилларда углеводород хомашёси қазиб чиқаришни кўпайтириш дастурини молиялаштириш учун жалб қилинадиган 250 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги кредитлар бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Ипак йўли жамғармаси (ХХР) ва хорижий тижорат банклари олдидаги мажбуриятлари юзасидан давлат кафолатларини белгиланган тартибда бериш ваколати тақдим этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар 2017-2021 йилларда углеводород хомашёси қазиб чиқаришни кўпайтириш дастурини молиялаштириш учун Ипак йўли жамғармаси (ХХР) ва хорижий тижорат банкларининг кредитлари, шунингдек, экспорт-кредит агентликларининг ёрдами жалб этилишини таъминласин.
8. Белгилансинки, 2020 йил 1 майдан бошлаб:
Аи-80 маркали автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси (шу жумладан, ЭКО маркали дизель ёқилғиси) чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинади;
нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан Аи-80 маркали автомобиль бензини ва дизель ёқилғисини (шу жумладан, ЭКО маркали дизель ёқилғисини) сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилади;
бюджет ташкилотлари, пахта хомашёси ва ғалла ишлаб чиқарувчи фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича давлат корхоналарига дизель ёқилғиси (шу жумладан, ЭКО маркали дизель ёқилғиси) ўтган чоракдаги биржа савдолари натижаларига кўра шаклланган ўртача биржа нархлари бўйича тўғридан-тўғри шартномалар асосида, шунингдек, уларга нефтни қайта ишлаш заводларидан нефть маҳсулотларини биржа савдолари орқали харид қилиш ҳуқуқини тақдим этган ҳолда сотилади;
нефтни қайта ишлаш заводлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ нефть базаларининг буюртманомаларига кўра мазкур банднинг тўртинчи хатбошисида кўрсатиб ўтилган истеъмолчиларга сотилган дизель ёқилғиси (шу жумладан, ЭКО маркали дизель ёқилғиси) ҳажми учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан белгиланадиган чегирмани тақдим этади.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси 2020 йил 1 майдан бошлаб:
нархларни жаҳон биржаларидаги Brent нефти котировкаларига боғлаб қўйган ҳолда, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Шўртан ГКК” МЧЖ томонидан сотиладиган нефть ва газ конденсати учун янги ички тармоқ нархлари;
нефть маҳсулотлари ва углеводородларни импорт қилиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига нефть маҳсулотлари ва углеводородларни нефть базаларининг бўш сиғимларида сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун тарифлар белгиланишини таъминласин.
10–11. Махфий.
12. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:
юридик шахслар, шу жумладан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ нефть базалари томонидан нефть маҳсулотларини қайта сотиш учун нефтни қайта ишлаш заводларидан биржа савдолари орқали сотиб олиш якуний истеъмолчига сотилганда тўланиши лозим бўлган акциз солиғи ҳисобга олинмаган ҳолда амалга оширилади. Бунда, ушбу юридик шахсларнинг ўз эҳтиёжлари учун фойдаланадиган нефть маҳсулотлари ҳажми қисмида акциз солиғи белгиланган тартибда тўланади;
табиий газ қазиб олувчи ташкилотлар томонидан газни қайта ишлаш ва уни утилизация қилиш ташкилотларига сотиладиган табиий газ ҳажми якуний истеъмолчига реализация қилинадиган ҳажм сифатида кўрилмайди.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январдаги “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хомашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3479-сон қарори 2-банди “б” кичик бандининг иккинчи ва учинчи хатбошилари чиқариб ташлансин.
14. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С.Султонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев