18.03.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбатда жорий эпидемиологик вазият ҳамда мамлакатларимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар батафсил муҳокама қилинди.
Ушбу пандемияга қарши самарали курашиш ва эҳтимолий оқибатларни камайтириш мақсадида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш ва ўзаро мувофиқлашган ҳаракатларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Президентлари икки томонлама ҳамкорликка доир ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқдилар. Олий даражада эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган баҳор, янгиланиш ва яшариш байрами - Наврўз муносабати билан бир-бирларини самимий табрикладилар.
Президентлар қардош Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаб, янги хавф-хатарларни тез фурсатда бартараф этиш йўлида биргаликда ҳаракат қилишга интилиши қатъий эканини тасдиқладилар.