10.03.2020
Бугун, 10 март куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ҳаётининг қатор соҳаларида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Замонавий ахборот технологиялари тараққиётнинг муҳим шартларидан бири. Рақамли технологиялар давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада одамларга катта қулайликлар яратади, маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради, коррупцияга чек қўяди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил январь ойида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларига рақамли технологияларни кенг жорий этиш энг устувор вазифа сифатида белгиланган эди.
Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили учун қабул қилинган Давлат дастурида жорий йилда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Жаҳондаги тенденцияларга эътибор қаратсак, дунё ялпи маҳсулотининг 15,5 фоизгача улушини рақамли иқтисодиёт ташкил этмоқда. Сўнгги 15 йил ичида рақамли иқтисодиёт глобал ялпи маҳсулотга нисбатан 2,5 баробар тез ошган.
Мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробарга ошириш мақсад қилинган. Бунга эришишда рақамли иқтисодиёт механизмларидан кенг фойдаланиш муҳим ўрин тутади.
Кейинги йилларда дунёда “рақамли шаҳар” концепцияси оммалашмоқда. Шу тажрибадан келиб чиқиб, “рақамли Тошкент” тизимини жорий этиш, уни икки йил давомида синовдан ўтказиб, бошқа ҳудудларга эса тайёр дастурий таъминотларни етказиб бериш режалаштирилмоқда.
Бугунги тақдимотда рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
“Тиббиёт муассасалари паспорти”, “UzTrans”, туристлар ҳисобини юритиш бўйича “Е-Mehmon” ва бошқа ахборот тизимлари юртимиз аҳолиси ҳамда меҳмонларига катта қулайлик яратди.
Президентимиз жорий йилда болалар боғчаси, масофавий таълим, шаҳар жамоат транспортлари учун ягона электрон чипта, қурилишни назорат қилиш, электрон тиббиёт картаси каби янги дастурий таъминотлар ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш бўйича топшириқлар берди.
Масалан, электрон тиббиёт картаси жорий этилса, шифокорларнинг қоғоз тўлдиришга кетадиган вақти анча қисқариб, аҳоли билан ишлаши учун кўпроқ имконият бўлади.
Шу мақсадда Тошкент шаҳридаги 15 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази, 11 та кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда 62 та поликлиника “Ягона электрон тиббий карта” ва “Электрон поликлиника” ахборот тизимига уланиб, хусусий клиникалар билан интеграция қилинади. Бундай тизим бошқа соҳа ва тармоқларда ҳам татбиқ этилади.
Дастурий маҳсулотлар узлуксиз ва самарали ишлаши учун инфратузилма зарурлиги қайд этилар экан, барча давлат муассасаларини юқори тезликда маълумот узатиш тармоғига улаш, замонавий компьютер технологиялари билан таъминлаш вазифаси қўйилди.
Аҳоли, айниқса ёшлар орасида рақамли кўникмаларни такомиллаштириш, «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини амалга ошириш белгиланган.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 600 дан ортиқ соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар юқори тезликдаги интернетга уланган. Аммо ушбу йўналишда қилинаётган ишлар ҳали ҳам етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Телекоммуникация инфратузилмаси “рақамли шаҳар” концепциясининг асоси эканлигини ҳисобга олиб, икки йил мобайнида 1,5 мингдан зиёд ижтимоий объектни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш бўйича топшириқ берилди.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳар ҳокимлиги таркибида таълим, тиббиёт, уй-жой коммунал, транспорт, қурилиш, кадастр ва бошқа йўналишлар бўйича алоҳида лойиҳа офислари ташкил этиш зарурлигига эътибор қаратди. Бундай тузилмаларда дастурчилар ҳар бир соҳа мутахассислари билан биргаликда ўша соҳага мос дастурий таъминот яратади, уларни синовдан ўтказиб, ҳаётга татбиқ этади. Зарур ҳолларда бошқа соҳага тегишли дастур билан боғлиқлигини таъминлайди.
“Рақамли Тошкент” лойиҳасини молиялаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бу жараёнда давлат-хусусий шериклик асосида бизнес доираларнинг фаол иштироки учун шароит яратиш кераклиги таъкидланди.
“Электрон ҳукумат” тизими орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини ошириш, уларни электрон шаклга ўтказиш ишларини жадаллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари ижтимоий объектлар қурилишига доир тақдимотлар билан ҳам танишди.
Президентимизнинг 2019 йил 20 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси «Ўзарxив» агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Миллий архив биноси қурилиши учун ишлаб чиқилган янги лойиҳа шулардан бири.
Миллий архив фонди ўзининг кўлами, ҳажми, ноёблиги жиҳатидан минтақамизда етакчилардан. Ҳозир бу ерда 1 миллион 800 минг сақлов бирлигидан ортиқ турли даврга оид ҳужжатлар сақланади.
Қурилиши кўзда тутилган янги архив биноси замонавий архитектура ечимлари ва талабларни тўлиқ ўзида мужассам қилади. Иншоот 1-тоифадаги алоҳида муҳим обьектларнинг талаб ва мезонлари асосида барпо этилади. Энг аввало, архив сақловхоналари сиғимини 3 миллион ҳужжатга мос ҳолда ошириш, репозиторий учун жой ташкил этиш, ўқув залини кенгайтириш, тадқиқотчиларга хизмат кўрсатиш сифатини юқори даражада таъминлаш учун замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишга шароитлар яратилади.
Қолаверса, ушбу лойиҳаларда туризмни ривожлантириш мақсадида хорижий фуқароларни жалб қилган ҳолда архив кўргазмаларини ташкил этиш имкониятлари ҳам кўзда тутилган.
Тақдим этилган лойиҳада улкан ўқув зали мажмуаси, анжуманлар ва кўргазмалар учун заллар, илмий маълумотлар кутубхонаси ҳамда музей, кинозал, буфет ва музокаралар учун хоналар инобатга олинган.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрида бунёд этиладиган муҳташам кутубхона, эски шаҳар ҳудудини тарихий кўринишдаги туристик савдо зонасига айтантириш лойиҳалари билан ҳам танишди. Президентимиз мазкур лойиҳаларни янада такомиллаштириш, аҳолимиз учун кенг қулайликлар яратиш юзасидан ўз тавсияларини берди.
Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи комплексларининг намунавий лойиҳалари тақдимот қилинди. Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида Маҳалла маркази мажмуаларини қуриш кўрсатиб ўтилган. Шундан келиб чиқиб, лойиҳаларда инновацион технологиялардан, арзон, энергия тежамкор материаллардан фойдаланиш назарда тутилган. Уларни давлат-хусусий шерикликнинг шартлари асосида пухта, сифатли ва намунавий лойиҳалар асосида қуриш белгиланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларда барпо этиладиган ушбу комплексларнинг намунавий лойиҳалари билан яқиндан танишиб ўз кўрсатмаларини берди.
Шунингдек, ички ишлар органларининг ташкилий тизимини ислоҳ қилишга, шу жумладан мамлакат миқёсида ва туманлар кесимида куч ва воситаларни бошқаришнинг янги механизмларига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Ички ишлар органлари бошқарув тизимидаги қатор раҳбарлик лавозимларини оптималлаштириш бўйича таклифлар билдирилди. Бу ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида кундалик фаолиятни самарали ташкил этиш учун қулай шароитлар яратади.
Тошкент шаҳар ички ишлар органлари ишининг натижалари муҳокама қилиниб, жорий йилда пойтахтда жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини янада оширишнинг асосий концептуал йўналишлари тўғрисида ахборот берилди.
Ушбу янги тартиб ички ишлар органлари хизмат ва бўлинмаларининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, мавжуд бюрократия ҳолатларини қисқартириш, жойларда шахсий таркибни бошқариш бўйича сифат жиҳатидан янги тизимни босқичма-босқич яратиш мақсадида жорий этилмоқда.
Лойиҳаларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.