05.03.2020
Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида янги Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, азиз опа-сингилларимизнинг жамият ҳаётидаги мақоми ва обрў-эътиборини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига устувор йўналиш сифатида қаралмоқда.
Айниқса, баҳорий гўзаллик ва нафосат айёми – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида мўътабар оналаримиз, мунис ва дилбар аёлларимиз, латофатли қизларимизга меҳр-оқибат ва юксак иззат-икром кўрсатишдек эзгу ва хайрли анъаналаримиз кенг миқёсда намоён бўлмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 5 март куни мамлакатимиз хотин-қизларининг энг фаол ва ташаббускор вакилларидан бири – Фарғона вилояти, Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалигининг раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис Сенати аъзоси Лола Муротова билан телефон орқали мулоқотда бўлиб, яқинлашиб келаётган қутлуғ байрам билан қизғин табриклади.
Давлатимиз раҳбари самимий суҳбат чоғида Лола Муротованинг мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ва фермерлик ҳаракати ривожига, жойлардаги ижтимоий муаммоларни
ҳал қилишга қўшаётган беқиёс ҳиссасини, кўп йиллик заҳматли ва ҳалол меҳнатларини, она-Ватанимиз гуллаб-яшнаши йўлидаги муносиб хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Лола Муротова ўзининг қирқ йилдан ортиқ давр мобайнида бой тажрибаси, бутун билими ва куч-ғайратини диёримиз ободлиги ҳамда элимиз фаровонлигига сафарбар этгани, шунингдек жонкуяр, камтар ва оқила ўзбек аёли сифатида ёш авлод ва бутун мамлакатимиз хотин-қизлари учун чинакам ўрнак ва намуна бўлаётгани ҳурмат билан қайд этилди.
Президентимиз ҳозирги вақтда даволанишда бўлган машҳур фермерга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва бардамлик, ҳамиша яқинлари эъзозу ардоғида бўлиб юришликни тилади.
Лола Муротова, ўз навбатида, юртбошимизга иш жадвали тиғиз бўлишига қарамай кўрсатган чексиз ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашлари учун чин қалбдан ташаккур изҳор этди.
Бундай самимий илтифот ва рағбатни мамлакатимизнинг барча аёлларига доимий равишда кўрсатиб келинаётган юксак эҳтиромнинг ёрқин ифодаси сифатида мамнунлик ила қабул қилишини айтиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан, шу куни Олий Мажлис Сенатининг раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротовани қутлуғ айём муносабати билан қутлаш ва ҳолидан хабар олиш учун Фарғона вилоятига шахсан ташриф буюрди ҳамда Президентимизнинг байрам совғаларини топширди.