24.02.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (кейинги ўринларда – МҲХС) ўтишни жадаллаштириш орқали хорижий инвесторларни зарур ахборот муҳити билан таъминлаш ва халқаро молия бозорларига кириш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, ҳисоб ва аудит соҳалари мутахассисларини халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида:
1. Белгилансинки, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар:
2021 йил 1 январдан бошлаб, МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этади ва 2021 йил якунларидан бошлаб молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлайди, қонун ҳужжатларида МҲХСга ўтишнинг эртароқ муддатлари назарда тутилган юридик шахслар бундан мустасно;
2021 йил якунига қадар бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида “МҲХС бўйича молиявий ҳисобот” фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёхуд “Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPA)”, “Сертификатланган дипломли бухгалтер (АССА)”, “Сертификатланган жамоатчи бухгалтер (СРА)” ва “Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR)” сертификатларидан (кейинги ўринларда – халқаро бухгалтер сертификати) бирига эга камида уч нафар мутахассис миқдорида МҲХСни сифатли қўллаш учун етарли бўлган бухгалтерия хизмати ходимлари билан таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги 2020 йилдан бошлаб, ушбу бандда кўрсатилмаган давлат улуши бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат корхоналарининг МҲХС асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тайёрлашга ўтиш жадвали ҳар йили тасдиқланиши ва 1 июнга қадар расмий веб-сайтида эълон қилинишини таъминласин.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ молиявий ҳисоботни ихтиёрий равишда МҲХСга мувофиқ тайёрлайдиган тадбиркорлик субъектлари бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича молиявий ҳисобот тақдим этишдан озод этилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги МҲХСни жорий этиш бўйича ваколатли орган этиб белгилансин ва унга қуйидаги функциялар юклансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда МҲХСнинг жорий этилишини, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан молиявий ҳисоботлар МҲХС асосида ўз вақтида эълон қилинишини мониторинг қилиш;
МҲХС соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича жаҳоннинг муваффақиятли тажрибаларини оммалаштириш, шу жумладан, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича нодавлат таълим ташкилотларини (кейинги ўринларда – аккредитациядан ўтган ўқув марказлари) ҳамда соҳага оид олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказиш юзасидан бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотлар (Сертификатланган дипломли бухгалтерлар халқаро ассоциацияси (Аssociation of Chartered Certified Accountants – АССА) ва бошқалар) билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш;
ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси асосида ўқув жараёнининг сифатини, имтиҳонларни ўтказиш ва натижаларини баҳолашнинг шаффофлигини таъминловчи МҲХС бўйича сертификатлашнинг самарали тизимини жорий этиш, шунингдек, МҲХС соҳасида талаб юқори бўлган мутахассисларни аккредитациядан ўтган ўқув марказларида ўқитиш бўйича ташкилий тадбирларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш;
бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини МҲХСга мувофиқ уйғунлаштириш.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси тузилмасида вазирликнинг бошқарув ходимлари чекланган сони доирасида учта штат бирлигидан иборат молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этишни мувофиқлаштириш ва эълон қилинадиган молиявий ҳисоботлар сифатининг ташқи назорати бўлими ташкил этилсин.
4. Илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини ва мазкур соҳада кадрлар тайёрлашнинг замонавий усулларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
а) бухгалтерлар ва аудиторлар республика жамоат бирлашмалари билан биргаликда, бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотларни жалб қилган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни киритсин:
2020 йил 1 июнга қадар Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва уларга тушунтиришлар матнини тан олиш тартиби тўғрисидаги низом;
2021 йил 31 январга қадар МҲХСни жорий этишнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ва МҲХС бўйича мавжуд кадрлар салоҳиятини ўрганиш натижаларига кўра тайёрланган бухгалтерларни сертификатлаш миллий тизимини жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан таҳлилий маълумотнома;
б) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва бошқа манфаатдор давлат органлари ходимларини (кейинги ўринларда – давлат органларининг ходимлари) аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича ўқитиш жадвали ҳар йили тасдиқланишини таъминласин;
в) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:
Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Фарғона политехника институтининг (кейинги ўринларда – тажриба-синов олий таълим муассасалари) “Бухгалтерия ҳисоби” ва “Аудит” фанлари бўйича педагог ходимларини аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича тезлаштирилган тарзда ўқитиш жадвалини тасдиқласин;
2020 йил 31 декабрга қадар бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш натижалари асосида “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” бакалавриат таълим йўналишида ўқитишнинг кундузги шакли муддатини қисқартириш имконияти тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
2020 йил 1 августга қадар бакалавриат таълими йўналишлари ва магистратура мутахассислигидаги “Бухгалтерия ҳисоби” ва “Аудит” фанлари бўйича МҲХСни чуқур ўрганишни назарда тутувчи янгиланган ўқув дастурларини тасдиқласин ва белгиланган тартибда таълим жараёнига жорий этсин;
2020 йилдан бошлаб тажриба-синов олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро аккредитациядан ўтказиш ва кейинчалик мазкур тажриба-синов лойиҳасини босқичма-босқич республикадаги соҳага оид бошқа олий таълим муассасаларида жорий этиш чораларини кўрсин;
2021 йил 1 январга қадар “Бухгалтерия ҳисоби” ва “Аудит” фанлари бўйича педагог кадрларнинг аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича ўқитилишини таъминласин, шунингдек, олий таълим муассасаларининг бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида аккредитациядан ўтган ўқув марказларида таҳсил олган педагог кадрлари тўғрисидаги маълумотлар базасини расмий веб-сайтида эълон қилсин ва доимий равишда уларни янгилаб борсин.
7. Белгилансинки:
2021 йилдан бошлаб, МҲХС ва аудитнинг халқаро стандартлари (кейинги ўринларда – АХС) бўйича ўқитиш фақат бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотнинг аккредитациясидан ўтган ўқув марказлари томонидан амалга оширилади. Аккредитациядан ўтган ўқув марказлари лицензияланадиган фаолият турларини амалга ошириш бўйича қонунчиликда назарда тутилган талабларга риоя қилиш шарти билан, тегишли лицензия олмасдан МҲХС ва АХС бўйича ўқитиш ва малака ошириш юзасидан лицензияланган фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқига эгадир;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тажриба-синов олий таълим муассасаларида бухгалтерия ҳисоби ва аудит бўйича фанлар фақат халқаро сертификатлаш доирасида “МҲХС бўйича молиявий ҳисобот” ёки “АХС бўйича аудит” фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёхуд халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган ўқитувчилар томонидан ўқитилади;
халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган талабгорлар олий таълим муассасалари магистратурасининг “Бухгалтерия ҳисоби” ва “Аудит” мутахассисликларига кириш имтиҳонларини топширмасдан тўлов-контракт асосида кириш ҳуқуқига эга.
8. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар солиқ ҳисоботи шаклини қайта кўриб чиқсин ва унинг МҲХС бўйича тайёрланган молиявий ҳисоботга мослаштирилган шаклини ишлаб чиқсин.
9. Белгилансинки, 2020-2025 йиллар давомида аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича ўқитиш, малака ошириш, интерфаол усулларни қўллаган ҳолда ўқитиш, шунингдек, бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида Ўзбекистон Республикасида дастлабки рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтказиш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади ва қуйидаги тартибда амалга оширилади:
а) олий таълим муассасаларининг буюртманомаларига асосан:
олий таълим муассасаларининг “Бухгалтерия ҳисоби” ва “Аудит” фанлари бўйича педагог кадрлари имтиҳон топшириши учун биринчи марта – тўлиқ ҳажмда, иккинчи марта – имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш суммасининг 50 фоизи миқдорида қопланади;
олий таълим муассасаларининг талабалари ва битирувчилари (ўқишни тугатгандан сўнг олти ой ичида) имтиҳонни муваффақиятли топширган тақдирда, биринчи марта – тўлиқ ҳажмда, иккинчи марта – имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш суммасининг 50 фоизи миқдорида қопланади;
б) давлат органларининг буюртманомаларига асосан ўз ходимлари имтиҳон топшириши учун биринчи марта – тўлиқ ҳажмда, иккинчи марта – имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш суммасининг 50 фоизи миқдорида қопланади.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
молиявий ҳисоботнинг ягона стандартларини ишлаб чиқадиган ва тасдиқлайдиган мустақил халқаро ташкилот ҳисобланган Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари фонди (кейинги ўринларда – МҲХС фонди) билан битим тузсин;
2020 йилда МҲХС ва унга тушунтиришлар матнини давлат тилига таржима қилиш, бошқа тилларда МҲХСни қўллаш билан боғлиқ ҳамда МҲХС фонди йиллик бадаллар тўлаш харажатларини Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети қўшимча даромадлари ҳисобидан қопласин, 2021 йилдан бошлаб эса зарур маблағлар ажратилишини Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетида назарда тутсин;
икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3946-сон қарорининг 5-бандига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
12. Мазкур қарор ижросини ташкил қилишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров – мазкур қарорнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажарилишини таъминласин, белгиланган тадбирларни бажаришга масъул бўлган вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини самарали мувофиқлаштирсин, ҳар чоракда улар раҳбарларининг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитсин ҳамда аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича чоралар кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси молия вазири – МҲХС жорий қилиниши мониторингини таъминласин, бухгалтерия ҳисоби миллий стандартларини МҲХС билан уйғунлаштириш, бухгалтерия ҳисоби соҳасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва тажрибали ҳамда юқори малакали мутахассисларни МҲХСни жорий қилиш жараёнига жалб этиш бўйича чоралар кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Мажидов – таълим жараёнларига МҲХСни чуқур ўқитишни муваффақиятли ва самарали жорий этиш, педагог кадрларни МҲХС бўйича сертификатлаш ва олий таълим муассасалари ўқув дастурларини аккредитациялаш юзасидан барча зарур чораларни кўрсин, шунингдек, мазкур қарор билан белгиланган вазифалар ижросини таъминласин;
масъул вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари – мазкур қарор билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширсин;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К.Кўчимов ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси вазифасини бажарувчи А.Д.Хаджаев – мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид мақолалар, брифинглар, матбуот анжуманлари, мавзуга оид телекўрсатувлар ташкил этсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев