19.02.2020
Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши натижалари тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.
Шунингдек, иқтисодиёт, савдо, технологиялар соҳасига оид ҳужжатлар имзоланди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда Режеп Таййип Эрдоған Ўзбекистон Президенти ташрифидан мамнун эканини билдирди.
- Илмлари, ижодлари билан дунёга эзгулик улашган Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Али Қушчи, Алишер Навоий каби буюкларимиз тупроқларидан салом келтирган бу инсонларнинг ташрифи биз учун жуда азиз ва қадрлидир. Ўзбекистон билан муносабатларимиз мустаҳкам қардошлик ришталарига таянган ҳолда стратегик шериклик даражасига кўтарилганини эътироф этамиз, - деди Туркия Президенти.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши дўстона алоқалар тарихида янги саҳифа очгани, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларга оид кўплаб масалалар атрофлича муҳокама қилинганини таъкидлади.
– Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи мулоқотимизнинг марказий мавзуларидан бири бўлди. Туркиянинг етакчи компаниялари билан қиймати бир миллиард доллардан ортиқ бўлган янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бу жараённи ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олдик, – деди давлатимиз раҳбари.
Аксарият минтақавий ва халқаро муаммолар борасида, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий тилли давлатлар кенгаши доирасидаги ҳамкорликка ёндашувлар муштарак экани таъкидланди. Замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда ҳам мулоқотни кучайтириш лозимлиги айтилди.
Маърифий Исломни тарғиб этиш, маданият, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида биргаликда тадбирлар ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
– Қардош халқларимиз тараққиёти, тинч ва фаровон ҳаёти йўлида ривожланиб бораётган анъанавий дўстлик, кенг қамровли ҳамда истиқболга мўлжалланган ҳамкорликни янги босқичга кўтариш учун барча имкониятларимизни сафарбар этишга тайёрмиз. Айнан шу тамойиллар мулоқотимиз якунида имзоланган Қўшма баёнотда ўз ифодасини топди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркияга ташрифи давом этмоқда.