29.01.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, замонавий ва инновацион услубларни жорий этиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон чорва маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда чорвачиликка ихтисослашган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Паррандасаноат” уюшмаси, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси ва “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасининг Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш Республика кенгашини (кейинги ўринларда – Республика кенгаши) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин ҳамда Республика кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Республика кенгашининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
чорвачилик соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш саноати корхоналари ҳамда чорвачилик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;
чорвачиликнинг барча тармоқлари ва наслчилик соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш ҳамда бу борадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш;
чорвачилик соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг чорвачилик тармоқларини барқарор ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси тўғрисидаги ҳисоботларини ҳамда чорвачилик бўйича инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши юзасидан ахборотларини мунтазам тинглаш;
чорвачилик ва наслчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, маҳсулдорликни ошириш ва озуқабоп экинлар уруғчилигини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
чорвачилик хўжаликларига ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳолати таҳлил қилинишини ташкил этиш ҳамда чорва бош сонидан келиб чиқиб, мутаносиб равишда экин ерлари ажратилишини назорат қилиш;
чорвачиликнинг барча тармоқлари фаолиятини илмий асосда ташкил этиш, илмий-тадқиқот натижалари ва инновацион ишланмаларни маҳсулот ишлаб чиқариш ва наслчилик-селекция амалиётига жорий этиш ишларини йўлга қўйиш;
чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш, жумладан, янги қувватларни ишга тушириш ва маҳсулотлар турларини кенгайтириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш;
кадрларни тизимли тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
а) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ҳисобидан чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик бўйича, шу жумладан, чорва комплексларини қуриш, йирик ва майда шохли наслдор чорва молларини харид қилиш, чорва маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация ёки кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этиш;
б) Жамғарма томонидан кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига эквиваленти 20 миллиард сўмдан ошмайдиган хорижий валютадаги кредитлар учун тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизигача, лекин 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этиш.
Белгилаб қўйилсинки, ушбу банд талаблари тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун Жамғарма томонидан тақдим этиладиган кафилликлар ва компенсацияларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг аввал қабул қилинган ҳужжатлари ва Ҳукумат қарорлари билан тасдиқланган шартларига татбиқ этилмайди.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2020-2022 йилларда:
а) чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга давлат томонидан қуйидаги тартибда субсидия ажратилади:
республика ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 1 миллион сўм миқдорида;
хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида;
б) “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига аъзо бўлган интенсив усулда балиқ етиштирувчи хўжаликларга давлат томонидан қуйидаги тартибда субсидия ажратилади:
интенсив усулда етиштирилган бир тонна балиқ маҳсулоти учун 1 миллион сўм миқдорида;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинган 1 дона наслдор она балиқнинг 3,5 миллион сўмгача бўлган харажатларининг 50 фоизи миқдорида;
в) “Паррандасаноат” уюшмасига аъзо бўлган паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш
билан боғлиқ харажатларнинг 9 минг сўмини қоплаш учун давлат томонидан субсидия ажратилади.
4. 2020 йилда сотиб олинадиган наслдор:
а) қорамоллар учун ажратиладиган субсидиянинг умумий суммаси:
республика ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олиш учун 10 миллиард сўм миқдорида;
хорижий давлатлардан импорт қилиш учун 40 миллиард сўм миқдорида;
б) қўй ва эчкиларни импорт қилиш учун ажратиладиган субсидиянинг умумий суммаси 6 миллиард сўм миқдорида белгилансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга, интенсив усулда балиқ етиштирувчи ва паррандачилик хўжаликиларга субсидия бериш харажатларини 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетида Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига мувофиқ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича харажатлар учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан қопланишини таъминласин ва 2021-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида тегишли маблағ ажратилишини назарда тутсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
а) чорвачилик соҳасини ривожлантириш стратегиясини, шу жумладан, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўналишларини ишлаб чиқиш учун мустақил консалтинг компанияларини ўрнатилган тартибда жалб қилган ҳолда таклифлар ишлаб чиқсин ва 2020 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига кўриб чиқиш учун киритсин.
Бунда мустақил консалтинг компанияларини жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасидан қоплансин;
б) Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва “Паррандасаноат” уюшмаси билан биргаликда ўн беш кун муддатда мазкур қарорнинг 3-бандида белгиланган чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга, интенсив усулда балиқ етиштирувчи ва паррандачилик хўжаликларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия бериш тартибларини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда субсидия бериш “Ўзбекчорванасл” агентлиги томонидан амалга оширилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси чорвачилик соҳасини ривожлантириш стратегиясига асосланган ҳолда 2020 йил 1 июлга қадар 2021-2022 йилларда республикада фаолият юритаётган наслчилик хўжаликлари томонидан сотиладиган ва импорт қилинадиган наслдор қорамоллар, қўй ва эчкилар ҳамда жўжалар сонидан келиб чиқиб, ажратилиши керак бўлган субсидия ҳисоб-китобини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда инобатга олиш учун Молия вазирлигига киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда чорвачилик соҳасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари ва чора-тадбирларга Осиё тараққиёт банкининг чорвачиликни ривожлантириш учун 150,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари йўналтирилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар сунъий сув ҳавзаларининг ҳосилдорлигидан келиб чиқиб, ушбу майдонларга ер солиғининг табақалаштирилган ставкаларини қўллаш бўйича асосланган таклифларини Молия вазирлигига киритсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги киритилган таклифлар асосида ер солиғининг табақалаштирилган ставкаларини қўллашни 2021 йил бюджети лойиҳасини тайёрлашда инобатга олсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар балиқ етиштирувчи хўжаликларга бириктирилган сунъий ва табиий сув ҳавзаларининг кадастр ҳужжатларини “Ўздаверлойиҳа” институти билан ўзаро шартнома асосида расмийлаштирилишини таъминласин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари:
а) 2020 йилда яйловлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5742-сон Фармонида назарда тутилган қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш ҳисобидан озуқабоп экинларни етиштиришни йўлга қўйиш учун чорвачилик хўжаликларига ажратиб берилишини таъминласин;
б) Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда пахта-тўқимачилик кластерлари ва пахтачилик-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари экин майдонининг 10 фоизига беда экилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда ушбу топшириқ ижроси юзасидан Республика кенгашига 2020 йил 1 майга қадар ахборот киритсин.
12. Республика кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан чорвачилик, шу жумладан, паррандачилик хўжаликларига озуқабоп экинлар экиш учун чорва моллари ва парранда бош сонига мутаносиб равишда экин ерлари ажратилишини доимий равишда назорат қилиб борсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси:
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳузуридаги Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ходимларини жалб қилган ҳолда жойларда сут соғувчиларни тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Жиззах, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари ва “Паррандасаноат” уюшмаси билан биргаликда паррандаларнинг юқори маҳсулдор зотлари ва кроссларини урчитиш билан шуғулланувчи гўшт йўналишидаги II тартибли репродуктор наслчилик паррандачилик корхоналари фаолиятини йўлга қўйсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва “Uzbekistan Airways” АЖнинг 2022 йил 1 январга қадар “Паррандасаноат” уюшмаси таркибидаги паррандачилик корхоналарига ўзи ишлаб чиқарган тухум ва гўшт маҳсулотларини экспорт қилишда, наслдор инкубацион тухум ва наслдор бир кунлик жўжаларни, вакцина, ветеринария дори воситаларини импорт қилишда, истисно тариқасида, амалдаги ҳаво транспортида ташиш тарифларига нисбатан 20 фоизлик чегирма бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
15. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда озуқа экин майдонларидан келиб чиққан ҳолда 2020-2022 йиллар учун озуқабоп экинлар уруғчилигини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
16. Тошкент вилояти ҳокимлиги:
10 кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Тошкент филиалига ўқув-тажриба участкаси учун Янгийўл тумани ҳудудидан 30 гектар;
бир ой муддатда “Ўзбекчорванасл” агентлиги ҳузуридаги “Ўзнаслчилик” давлат корхонасидаги наслдор буқаларни озиқлантириш учун озуқабоп экинлар экишга Қибрай, Юқоричирчиқ ва Ўртачирчиқ туманлари ҳудудидан 80 гектар суғориладиган ер майдони ажратилишини таъминласин.
17. “Паррандасаноат” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига тегишли бўлган Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Жомий кўчаси, 5-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларда бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
18. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4005-сон қарори 5-бандида белгиланган компенсация бериш тартиби лизинг ташкилотларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
20. Мазкур қарор ижроси юзасидан қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А.Қўчқоров – мазкур қарорда белгиланган чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга, интенсив усулда балиқ етиштирувчи ва паррандачилик хўжаликларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат
соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д.Вахабов – чорва хўжаликларига ер майдонларини ажратишни таъминласин, мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил қилсин, ҳар ойда уларнинг бажарган ишлари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитсин ҳамда аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;
Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Т.Норқобилов – чорвачиликнинг барча тармоқларини, шу жумладан, қорамолчилик, қўйчилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик йўналишидаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини ҳамда ажратилаётган субсидия маблағларидан самарали фойдаланилишини таъминласин, чорвачилик хўжаликларига маҳсулдорликни оширишга кўмаклашсин, наслчилик-селекция ишларини мувофиқлаштирсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари – чорвачиликнинг барча тармоқлари, шу жумладан, қорамолчилик, қўйчилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик йўналишида лойиҳаларни амалга оширадиган ташаббускорларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатсин ҳамда қонунчиликда белгиланган меъёрлар асосида ер майдонларини ўз вақтида ажратсин;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К.Кўчимов ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси вазифасини бажарувчи А.Д.Хаджаев – мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид мақолалар, брифинглар, пресс-конференциялар, тематик телекўрсатувлар ташкил этсинлар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев