13.01.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 январь куни электр энергетикаси соҳасини янада ривожлантириш бўйича жорий йилги асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Электр энергетикаси иқтисодий ўсишнинг барқарорлигини ва аҳоли фаровонлигини таъминлайдиган муҳим манбадир. Бу тармоқни модернизация қилиш, энергия қувватларини кўпайтириш ва истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1 февралдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ташкил этилган эди. Ўша йилнинг 27 мартидаги Президент қарорига асосан, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ислоҳ қилиниб, унинг негизида “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари ташкил топди.
Ўтган йили мамлакатимизда 6 та йирик лойиҳа доирасида жами 1076 мегаватт электр энергия қувватлари ишга туширилди.
Жорий йилда электр энергияси истеъмоли 71 миллиард киловатт-соатни ташкил этиб, ўтган йилгига нисбатан ўртача 9 фоизга, яъни, иқтисодиёт тармоқлари талаби 10, аҳолиники эса 8,5 фоизга ошиши кутилмоқда.
Йиғилишда ушбу эҳтиёж қайси манбалар ҳисобидан қопланиши, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “йўл харитаси” ижроси муҳокама қилинди.
Президентимиз 2020 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва етказиб бериш бўйича белгиланган чора-тадбирларни тўлиқ, сифатли амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Жорий йилда иссиқлик электр станцияларида 1177 мегаватт, гидро электр станцияларида 120 мегаватт қувватлар ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 3 минг 500 мегаваттли буғ-газ қурилмалари, 400 мегаваттли шамол ва шундай қувватга эга қуёш электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳалар шакллантирилган.
Йиғилишда тармоқ корхоналарида рентабелликни таъминлаш, энергия истеъмоли учун қарздорликни бартараф этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими бу борада яхши самара бераётгани қайд этилиб, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига йил якунигача яна 4 миллион 500 минг дона замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиш вазифаси қўйилди.
Соҳадаги ислоҳотларнинг кейинги босқичида электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозорини шакллантириш, генерация жараёнига давлат-хусусий шериклик тамойили асосида инвесторларни жалб қилиш ва бунда давлат кафолатини босқичма-босқич камайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда соҳани ривожлантиришнинг узоқ истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб юртимизда электр энергияси истеъмоли ҳозиргига нисбатан 2 баробар кўп бўлиши кутилмоқда. Шу боис Энергетика вазирлигига кейинги ўн йилда умумий қуввати 7 минг 900 мегаваттни ташкил этадиган янги иссиқлик электр станцияларини ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, инвесторларни жалб қилган ҳолда, 8 минг мегаватт қувватга эга қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, гидро электр станциялари қувватини 1 минг 935 мегаваттга ошириш, кичик гидро электр станциялар барпо этишни хусусий секторга бериш юзасидан вазифалар белгиланди.
Мутасадди ташкилотларга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда электр энергияси соҳасида замонавий технологиялар билан бевосита ишлайдиган ўрта ва кичик бўғин мутахассисларини тайёрлаш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан соҳа корхоналари раҳбарлари ҳисобот берди, чора-тадбирлар белгилаб олинди.