18.12.2019
Муҳтарам Мацуо жаноблари!
Ҳурматли профессорлар ва талабалар, университет жамоаси!
Хонимлар ва жаноблар!
Аввало, Нагоя университети президентининг самимий дил сўзлари ва эзгу тилаклари учун чин қалбимдан ташаккур изҳор этаман.
Ўйлайманки, менинг Президент сифатида мамлакатингизга илк ташрифим ҳақида билдирилган фикрлар, мана шундай эътибор, бир-биримизга ҳурмат, илиқ муносабат ҳақиқатан ҳам Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, келгусида катта натижаларга эришиш йўлида ишончли замин яратади.
Биз Нагоя университетини дунёдаги энг нуфузли илм-фан ва таълим масканларидан бири сифатида эътироф этамиз.
Нобель мукофоти совриндорлари Рёжи Ноёри, Осаму Симомура, Макото Кобаяси, Тосихиде Маскава, Исаму Акасаки, Хироси Амано ва бошқа машҳур олимларни етиштириб берган ушбу университетнинг фахрий доктори деган юксак шарафга муносиб кўрилганимдан ғоятда хурсандман.
Бу унвонни мен аввало Ўзбекистон халқига кўрсатилган эҳтиром ифодаси, деб қабул қиламан ва бунинг учун Нагоя университети раҳбариятига, унинг илмий жамоасига чуқур миннатдорчилик билдираман.
Мен Нагоя университетининг фахрий доктори сифатида Ўзбекистонда унинг улкан илмий салоҳияти ва ютуқларини кенг тарғиб ва ташвиқ қилишга, таъбир жоиз бўлса, ушбу университетнинг ишончли вакили сифатида иш олиб боришга ҳаракат қиламан.
Бутун жаҳонга машҳур Нагоя шаҳри ҳақида халқ орасида шундай ибора бор экан: “Нагоя қалъаси бўлмаганида Нагоя шаҳри ҳам бўлмас эди”. Мен бунга қўшимча қилиб: “Нагоя университетисиз Нагоя шаҳрини ҳам тасаввур этиб бўлмайди”, деган бўлардим.
Маълумки, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар кўп асрлик тарихга эга. Япониянинг машҳур Нара шаҳри музейида сўғд ёзувида битилган ёдгорликлар борлиги буни яққол тасдиқлайди.
Япон археологи, марҳум профессор Като томонидан Кушон подшоҳлигининг дастлабки пойтахти бўлган Ўзбекистондаги Далварзинтепадан топилган будда ибодатхонаси ва қирққа яқин ҳайкаллар япон ва жаҳон илмий жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотиб келмоқда.
Шу ўринда ўзбек ва япон халқларини ўхшаш миллий ва ахлоқий қадриятлар билан бирга илм-фан ва тафаккурга, камолотга доимо интилиб яшаш каби эзгу фазилатлар бирлаштириб туришини эътироф этмоқчиман.
Бизнинг улуғ боболаримиз – алгебра фани ва “Алгоритм” тушунчасининг асосчиси Ал-Хоразмий, Ернинг айланаси узунлиги ва радиусини илк бор ҳисоблаб чиққан Ал-Беруний, тарихда Авиценна номи билан машҳур бўлган, жаҳон тиббиёт фани ривожига улкан ҳисса қўшган Ибн Сино, ноёб расадхона ва 1018 та юлдузнинг жойлашуви аниқ акс эттирилган астрономик жадвал яратган Мирзо Улуғбек каби буюк ўзбек олимларининг илмий меросини, ўйлайманки, сизлар яхши биласизлар.
Қадрли дўстлар!
Биз Ўзбекистонда бундан уч йил аввал миллий тараққиётимизнинг янги Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик. Жамият ҳаётида ҳар томонлама очиқлик ва эркинликни таъминлаш, мамлакатни модернизация қилишга асосланган ушбу Стратегия доирасида беш устувор йўналишда изчил ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз.
Бу жараёнда энг ривожланган давлатларнинг, хусусан, илғор япон тажрибасидан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Чунки Япония бизнинг вақт синовидан ўтган, ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойилларига асосланган стратегик шеригимиздир.
Биз ушбу ташрифни ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлигимиз тарихида бошланаётган мутлақо янги даврнинг ўзига хос ифодаси деб биламиз.
Япония Ўзбекистонни халқаро майдонда доимий қўллаб-қувватлаб келмоқда. Айни пайтда иқтисодиётимизни ривожлантириш, устувор ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда яқиндан кўмаклашмоқда.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг 5 мингдан зиёд ёшларимиз Япония университетларини тамомлаб, ўз билим ва тажрибаларини Ватанимиз равнақи учун сафарбар этаётгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Мен кўп йиллар олий таълим тизимида ишлаган инсон сифатида бу соҳанинг шарафли, шу билан бирга нақадар машаққатли ва масъулиятли эканини яхши биламан.
Биз бугун учрашиб турган Нагоя университети билан Ўзбекистоннинг ҳамкорлиги 20 йилдан зиёд тарихга эга. Сизнинг университетингиз 2010 йилда Тошкент шаҳрида ўз ваколатхонасини очганини биз юксак баҳолаймиз. Ҳозирга қадар мазкур даргоҳда 400 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба ва тадқиқотчилар таҳсил олгани айниқса қувонарлидир.
Бугунги учрашувимизда Японияда ўқиётган кўплаб ёшларимизни кўриб турганимдан хурсандман. Сизлар ўз истеъдод ва салоҳиятингизни намоён этишингиз учун Ўзбекистонда барча шароит ва имкониятларни яратиб берамиз. Мен ҳозир сизларни кўриб, юзингиздаги, чеҳрангиздаги ўзингизга бўлган ишончингизни ҳис қилиб хурсанд бўлиб ўтирибман.
Сизларга қараб, барчангиз чиндан ҳам жонажон Ватанимизга муносиб ўғил-қизлар бўлишингизга ишонч ҳосил қилдим. Энг катта вазифангиз – вақтингизни бекор ўтказмасдан, аъло ўқиш, юқори технологияларни чуқур эгаллаш, Ўзбекистон ва Япония ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдан иборатдир. Шу йўлда барчангизга янги ютуқ, бахт ва омадлар тилайман.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Глобаллашув даврида жаҳоннинг кўпгина тараққий этган давлатлари “ахборот жамияти”, “билимлар иқтисодиёти”, “рақамли иқтисодиёт” йўлини танлаганига гувоҳмиз.
Замонавий дунёда инсон капитали, интеллектуал салоҳият, инновацион ғоялар, юқори технологиялар жадал ва барқарор тараққиётнинг фундаментал асосини ташкил қилмоқда.
Бундан ярим аср муқаддам пухта ўйланган, тараққиётнинг илм-фанга асосланган “япон модели” туфайли мамлакатингиз бугун барча соҳаларда етакчи давлатлардан бирига айланди.
Япония фани сунъий интеллект, нанотехнологиялар, биотехнологиялар, робототехника, космик тадқиқотлар, ядровий тиббиёт, “яшил энергетика” йўналишларидаги илмий изланишлар борасида оламшумул ютуқларга эришмоқда. Хусусан, мамлакатингиздан 28 нафар Нобель мукофоти совриндори етишиб чиққани ҳам бу фикрнинг ёрқин исботидир.
Ҳурматли дўстлар!
Биз замонавий тараққиётнинг калити айнан илм-фан ва таълимда эканини чуқур англаб, инсон капиталига инвестиция киритишни давлат сиёсати даражасига кўтардик.
Ўтган йили Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш Стратегиясини қабул қилдик. Биз инновациялар соҳасидаги илғор мамлакатлар қаторидан ўрин эгаллашни ўз олдимизга вазифа қилиб қўйдик.
Бугунги кунда 33 миллионли юртимиз аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Креатив фикрлайдиган, фаннинг муайян соҳасида чуқур билимга эга, юқори интеллектуал салоҳиятли мутахассислар тайёрлаш устувор мақсадимиз ҳисобланади.
Бунга эришиш учун охирги уч йилда 36 та янги олий ўқув юртлари ташкил этилиб, институт ва университетларимиз сони 116 тага етказилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШ, Буюк Британия, Россия, Италия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Сингапур ва бошқа давлатлар етакчи олий ўқув юртларининг 22 та филиали фаолият кўрсатмоқда.
Давлат кўмагида жаҳоннинг илғор илмий ва таълим марказларида етук мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимли асосда йўлга қўйилди. Бу жараёнларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (ЖАЙКА) фаолиятини миннатдорлик билан эътироф этишни истар эдим.
Япония ҳукуматининг ташаббуси – «Глобал-30» дастури бўйича Нагоя университетининг Марказий Осиё мамлакатлари учун масъул этиб белгилангани ғоятда самарали бўлмоқда.
Биз Нагоя университетининг президенти, ҳурматли Мацуо жанобларининг юртимизга бир неча марта ташриф буюриб, илмий ҳамкорлигимизни ривожлантириш борасида қилаётган катта хизматларини алоҳида қадрлаймиз. Айниқса, у кишининг ўтган йили Нобель мукофоти совриндори, профессор Ноёри жаноблари билан биргаликда Ўзбекистонга ташрифи мамлакатимиз илмий ҳаётида муҳим воқеа бўлди.
Хабарингиз бор, Нагоя университетининг муҳтарам президенти Мацуо жанобларининг Ўзбекистон илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётганини эътиборга олиб, яқинда Тошкент давлат техника университети илмий кенгаши у кишини ушбу университетнинг фахрий ректориэтиб сайлади.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Япониянинг “Кадрлар тайёрлаш” дастури доирасида мамлакатимизнинг 300 дан зиёд ёшлари юртингизда магистрлик ва докторлик илмий даражаларини олишга эришдилар.
Ўзбекистон – Япония ёшлар инновация маркази орқали ҳам ўнлаб йигит-қизларимиз япон университетларида малака оширмоқдалар.
Муҳтарам дўстлар!
Албатта, Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлигида амалга оширилган ишларимиз эътирофга сазовор. Айни вақтда ҳали бу борада ишга солинмаган имкониятларимиз ҳам борлигини таъкидлаш лозим. Шу муносабат билан айрим таклифларни билдиришга ижозат этгайсиз.
Биринчидан, Нагоя университетининг ташаббуси билан мунтазам ўтказиб келинаётган Япония – Ўзбекистон университетлари ректорлари анъанавий конференцияси илмий ҳаётимизда катта роль ўйнамоқда. Биз ушбу ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида илмий-академик алмашувлар ва технологиялар трансфери бўйича Ўзбек-Япон қўшма фондини ташкил этишни таклиф этамиз.
Мазкур фонд ўзаро илмий тадқиқотларни, икки мамлакат ёш олимларининг биргаликдаги илмий изланишларини молиялаштириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашуви бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Ушбу фонд фаолияти Ўзбекистонда айни шундай йўналишда иш олиб бораётган “Эл-юрт умиди” фондининг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Дастлабки қадамлар сифатида биз ҳар йили Нагоя университетининг 15 нафар профессор-ўқитувчисини Ўзбекистонда азиз меҳмонлар сифатида қабул қилишга тайёр эканимизни билдираман.
Улар ўз фан йўналишлари бўйича мамлакатимиз олий ўқув юртларида маърузалар ўқиб, амалий машғулотлар, маҳорат дарслари ўтказиб берсалар, биз ниҳоятда миннатдор бўлардик. Айни вақтда ана шундай алмашувлар дастури асосида ҳар йили мамлакатингизнинг 50 нафар талаба-ёшларини 15 кун давомида Ўзбекистоннинг тегишли олий ўқув юртларида кутиб олишга тайёрмиз. Ўйлайманки, мана шу 50 нафар талабанинг 50-60 фоизи Нагоя университети талабалари бўлса, айни муддао бўлар эди.
Ишончим комил, бундай лойиҳалар икки томонлама муносабатларни юқори босқичга кўтаришга катта ҳисса қўшади. Нега деганда, ёшларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкам бўлса, дўстлик ва ҳамкорлигимиз албатта самарали ва бардавом бўлади.
Иккинчидан, Нагоя университети ва Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида мамлакатимиз Фанлар академияси қошида нанотехнологиялар асосида янги материаллар яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этаман.
Учинчидан, ўзбек-япон археологлари билан биргаликда юртимиз ҳудудида жойлашган буддавийлик тарихи ва маданиятига оид археологик ёдгорликларни илмий ўрганиш ишларини давом эттиришимиз зарур. Биз бу борада япониялик дўстларимиз билан бирга, Термиз давлат университети қошида Ўзбек-Япон илмий марказини ташкил этишдан манфаатдормиз.
Ҳурматли учрашув қатнашчилари!
Биз яқинда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида илм-фан ва инновациялар бўйича маслаҳатчи-вакил лавозимини жорий этдик. Нега десангиз, мен бу учрашувдан олдин ҳурматли президент Мацуо бошчилигидаги бутун илмий жамоа, Нобель мукофоти лауреатлари, проректорлар, профессорлар билан кўришганимда кўп-кўп масалаларни келишиб олдик. Мана шу масалаларни амалга ошириш бўйича бизнинг маслаҳатчи-вакилимиз Нагоя университети билан бевосита шуғулланади. Айтиш мумкинки, у Ўзбекистон Президентининг Нагоя университетидаги ишончли вакили бўлади.
Вақт ўтади, бугунги тарихий учрашувимиз натижалари икки олий ўқув юрти – Нагоя университети ва Тошкент давлат техника университети ўртасидаги алоқаларга, энг асосийси, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатларимизга катта ижобий таъсирини кўрсатади, деб ишонаман.
Муҳтарам дўстлар!
Ўзбек халқи Япониянинг қадимий тарихи ва бой маданиятига катта ҳурмат ва қизиқиш билан қарайди. Бунинг амалий тасдиғи сифатида яқинда мамлакатимизда “Япония конституцияси”, “Япон шеърияти гулдастаси”, “Марказий Осиё маданий мероси Япония тўпламларида”, “Ўзбекистон япониялик қалбида” каби бир қанча китоб ва альбомлар ўзбек ва япон тилларида чоп этилди.
Ижозатингиз билан, ушбу нашрларни Нагоя университети кутубхонасига тақдим этмоқчиман. Ўйлайманки, мана шу китоблар сизнинг кутубхонангиздан жой олиб, ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бугунги ҳамкорлигимиз, бугунги билдирилган фикрлар, катта-катта таклифларнинг натижаси сифатида икки-уч йилдан кейин таржима қиладиган китобларимиз янада кўпаяди, деб истак билдираман.
Мен боя учрашув пайтида ҳурматли Мацуо жанобларига айтдим: “Энди сизнинг жамоангиз фақат Нагояда эмас, балки Тошкентда ҳам катта илмий жамоа ҳисобланади, ўзбек олимлари, талабалари сизни ректор сифатида кутади”, деб у кишини Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилдим.
Муҳтарам президент Мацуо жаноблари!
Ҳурматли университет илмий жамоаси!
Сўзимнинг якунида менга ва халқимизга кўрсатган юксак ҳурмат ва эҳтиромингиз учун ўз номимдан, делегациямиз номидан яна бир бор миннатдорчилик билдириб, барчангизни Ўзбекистонга таклиф этаман.
Эътиборингиз учун раҳмат.