13.12.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Маълумки, мамлакатимизда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг бош мезони бўлиб келмоқда.
Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови ҳам Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида меҳнат қилаётган инсонлар,
биринчи навбатда, раҳбар ходимлар, фуқароларнинг Конституция ва қонунларни пухта билиши, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиши, бу қоидаларга бутун жамият аъзолари қатъий амал қилиши шарт бўлган муҳитни яратиш ғоят муҳим ва долзарб вазифага айланмоқда.
Мамлакатимизда жадал суръатлар билан олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар негизида, авваламбор, Конституциямизда белгиланган давлат органларининг халқ манфаатларига хизмат қилиши лозимлиги ҳақидаги қоидани амалда татбиқ этишдек эзгу мақсад мужассам экани ҳам айнан шуни тақозо этмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун кўплаб янги қонунлар ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Айни вақтда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш қонун бузилиши билан боғлиқ салбий оқибатларга қарши самарали курашишни ҳамда бундай ҳолатнинг барвақт олдини олишга қаратилган таъсирчан тизимни шакллантиришни талаб этмоқда.
Қонунийликни мустаҳкамлашда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу ҳар бир шахсда қонунларга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни ҳамда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантиришни кун тартибига энг асосий масала қилиб қўймоқда.
Шу билан бирга, Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратининг таъсирчан шаклларини жорий этиш, оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳар қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмаслик ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини кучайтириш, қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришда жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш ҳамда бу жараёнда оммавий ахборот воситалари иштирокини кенгайтириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш,
бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Дастурни амалга оширишнинг асосий мақсади этиб қуйидаги пировард натижаларга эришиш белгилансин:
Конституция ва қонун устуворлигини, давлат органлари қарорлари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари қонунларга тўлиқ мувофиқ бўлишини таъминлаш, қонунлар ижросини самарали ташкил этиш;
жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш, ҳуқуқий ахборотни замонавий усуллар орқали кенг оммага етказиш, ҳар бир фуқаро ва мансабдор шахсларда Конституция ва қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш;
Конституция ва қонун устуворлигига эришишда давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш, мустақил ва холис оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш;
одил судлов тизимини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг обрўсини ошириш ва чинакам мустақиллигини таъминлаш;
давлат ва жамият бошқарувида, давлат органларининг кундалик фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни халқ манфаати йўлида хизмат қиладиган идораларга айлантириш;
Конституция ва қонунларда белгиланган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида янада мустаҳкамлаш, мулк дахлсизлигини кафолатлаш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
а) 2020 йил 1 мартдан бошлаб:
аҳоли масканларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш ва ободонлаштириш, шунингдек, уларда комплекс қурилиш ва реконструкция қилиш ишларини амалга оширишга оид қарорлар дастлаб ўша ҳудуддаги аҳоли ўртасида муҳокама қилиниб, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилади;
жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш ҳақидаги ҳужжатлар қабул қилинганидан (расмийлаштирилганидан) кейин бир кун муддатда тегишли ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилади;
б) 2020 йил 1 апрелдан бошлаб:
шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартиби жорий этилади;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари зиммасига улар томонидан шахс ушланганидан сўнг унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг оила аъзоларидан бирини, улар бўлмаган тақдирда эса, бошқа қариндошларини ёки яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш бўйича мажбурият юкланади;
в) 2020 йил 1 июлдан бошлаб ҳуқуқни чеклайдиган процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, жумладан шахсни ушлаб туриш ҳолатлари ягона электрон ҳисобга олиш тизимига киритиб борилади.
4. Қонунлар ижросини таъминлашнинг самарадорлигини ошириш юзасидан:
а) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатига қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ҳамда қонуности ҳужжатларининг қабул қилинишини мониторинг қилиб бориш, қабул қилинган қонунларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ишларини такомиллаштириш ва кучайтириш тавсия этилсин;
б) Ўзбекистон Республикаси Олий судига жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишда қонунларнинг бир хил ва тўғри қўлланилиши ҳолатларини ўрганиш юзасидан суд амалиётини ҳар чоракда умумлаштириб бориш, заруратга кўра тегишли Пленум қарорларини қабул қилиш тавсия этилсин;
в) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунлар ижросининг мақсадли ва комплекс ўрганилишини ҳамда унинг натижаларини режа асосида ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида муҳокама қилиб борилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин:
прокурор, суриштирувчи ёки терговчининг жиноят ишини қўзғатиш, жиноят иши қўзғатишни рад этиш, тафтиш тайинлаш, суриштирув ёки дастлабки терговни тўхтатиш ва жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарорлари устидан манфаатдор шахслар томонидан бевосита судга шикоят қилиш;
суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жумладан ишнинг ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш, адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда таъсир ўтказиш ҳолатлари бўйича жавобгарликни кучайтириш.
6. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши (А. Саидов):
Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда, 2020 йил
1 мартга қадар илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, ҳар бир соҳа ва тармоқ бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ҳамда замонавий тизимини яратиш бўйича комплекс дастурни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
жамоатчилик назорати соҳасида фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликнинг замонавий механизмларини ҳамда уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш чораларини жорий қилиш бўйича таклифларни белгиланган тартибда киритсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига 2020 йил 1 майга қадар нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг самарали ва замонавий механизмларини жорий этиш ҳамда мазкур институтларнинг жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш бўйича энг яхши таклифларнинг давлат гранти танловларини ўтказиш тавсия этилсин.
7. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази 2020 йил 1 майга қадар халқаро ташкилотлар, жамоатчилик, соҳа мутахассислари ва экспертлари иштирокида кенг муҳокама қилиш орқали қуйидагиларни назарда тутувчи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин:
Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг тўлиқ бажарилишини таъминлаш;
фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш;
инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа комплекс чоралар тизимини яратиш;
қонунчиликка ва давлат органлари, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг амалий фаолиятига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш механизмлари ва тартиби самарадорлигини ошириш;
аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жумладан бу борада самарали ахборот ва маърифат тарқатиш, таълим бериш фаолиятини ташкил этиш;
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш.
8. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги:
2020 йил 1 июлга қадар оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини таъминлаш, давлат органлари
ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари)дан ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, журналистларнинг ўз касбий фаолиятига оид мажбуриятлари белгиланишини назарда тутувчи “Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги ва “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2020 йил 1 мартга қадар барча давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, уларда жамоатчилик, хусусан, оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Адлия вазирлиги, Олий суд ва Бош прокуратура билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мавқеини тубдан ошириш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин:
Адвокатура институтини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Адвокатлар палатаси фаолияти билан боғлиқ бўлган ваколатларини қайта кўриб чиқиш орқали ушбу тузилманинг роли ва аҳамиятини янада ошириш;
терговчи, прокурор ва суд томонидан давлат ҳисобидан адвокатларни жалб қилиш механизмини халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш;
адвокатлар учун қўшимча имтиёзлар белгилаш.
10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 2020 йил 1 мартга қадар:
аҳолига, айниқса, ёшларга уларнинг ҳуқуқларини тушунтиришда амалий, таъсирчан ва инновацион механизмларни қўллашни назарда тутувчи Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини 2020–2021 йилларда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;
қонунчиликни янгилаш ва тизимлаштириш бўйича янги тизимни яратиш юзасидан таклифлар тайёрласин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар раҳбарлари:
Дастурда белгиланган тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини, унда назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари қонунчилик ва амалиётни чуқур таҳлил қилган ҳолда ҳамда ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаси асосида ишлаб чиқилишини ва кенг жамоатчилик ўртасида, жумладан ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинишини;
Дастурнинг амалга оширилиши ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳар чоракда ахборот тақдим этиб борилишини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
Дастурда белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолатини доимий мониторинг қилиб борсин;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига мониторинг натижалари тўғрисида ҳар чоракда ахборот киритиб борилишини таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда ушбу қарорнинг мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситалари ҳамда Интернет тармоғида кенг ёритилишини ташкил этсин.
14. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев