07.12.2019
Ўзбекистон Республикаси Қонуни
Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 24 октябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2019 йил 30 ноябрда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга ошириш, шунингдек касаба уюшмаларини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлар
Касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Қонун ҳужжатларида ушбу Қонунни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида, ички ишлар органларида, Давлат хавфсизлик хизматида, Миллий гвардиясида ва бошқа ҳарбий тузилмаларда қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланиши мумкин.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
касаба уюшмаси – фуқароларнинг ўз фаолияти ёки ўқиши тури бўйича умумий касбий манфаатлари билан боғлиқ бўлган, уларнинг меҳнатга оид, бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида тузиладиган, ўз устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий жамоат бирлашмаси;
бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти – бир ёки бир нечта иш берувчида ишлайдиган ёки тегишли таълим муассасасида ўқийдиган касаба уюшмаси аъзоларининг тегишли касаба уюшмаси устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий бирлашмаси;
касаба уюшмаларининг бирлашмаси – ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш ҳамда ҳимоя қилишда ҳаракатларнинг мувофиқлаштирилишига ва бирлигига эришиш мақсадида тармоққа доир, ҳудудий ёки касбий ўзига хосликни ҳисобга олувчи бошқа белги бўйича тузиладиган ихтиёрий бирлашма;
касаба уюшмасининг бўлинмаси – касаба уюшмасининг уставига мувофиқ ташкил этиладиган, тегишли ҳудудда унинг вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини амалга оширадиган бўлинма.
4-модда. Касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи
Меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида таълим олаётган, ўн беш ёшга тўлган шахслар (бундан буён матнда ходимлар деб юритилади) ҳеч қандай тафовутсиз ўз танловига кўра ва олдиндан рухсат олмай туриб, ихтиёрий равишда касаба уюшмаларини тузиш ҳуқуқига, шунингдек касаба уюшмаларига уларнинг уставларига риоя этиш шарти билан аъзо бўлиш ҳуқуқига эгадир.
2-боб. Касаба уюшмалари фаолиятининг принциплари
5-модда. Касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принциплари
Касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
қонунийлик;
ихтиёрийлик;
камситишга йўл қўймаслик;
мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш;
тенг ҳуқуқлилик;
ошкоралик ва очиқлик.
6-модда. Қонунийлик принципи
Касаба уюшмалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт.
7-модда. Ихтиёрийлик принципи
Фуқаролар ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўз танловига кўра ихтиёрий равишда касаба уюшмаларини тузиш, уларга аъзо бўлиш, касаба уюшмаси фаолияти билан шуғулланиш ва касаба уюшмаларига аъзоликдан чиқиш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмасига аъзо бўлиш ва аъзоликдан чиқиш, шунингдек меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин касаба уюшмасига аъзоликни сақлаб қолиш тартиби ва шартлари тегишли касаба уюшмасининг устави билан тартибга солинади.
Фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашишга бўлган ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилишга, шунингдек уларни касаба уюшмасига аъзо бўлишга ёки аъзоликдан чиқишга мажбурлашга йўл қўйилмайди.
8-модда. Камситишга йўл қўймаслик принципи
Касаба уюшмаларига мансублик ёки мансуб эмаслик фуқароларнинг қонун ҳужжатларида кафолатланадиган меҳнатга оид, бошқа ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, шахсий ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бирор-бир тарзда чеклашга сабаб бўлмайди. Ишга қабул қилишни, ишда кўтарилишни, шунингдек ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишни муайян касаба уюшмасига мансублик, унга аъзо бўлиш ёки аъзоликдан чиқиш билан боғлиқ қилиб қўйиш тақиқланади.
Ходимнинг касаба уюшмасига аъзо бўлмаслигига ёки аъзоликдан чиқишига доир ёзма ёки оғзаки мажбуриятлари ҳақиқий эмас.
Ўзини касаба уюшмасига мансублиги ёки мансуб эмаслиги белгисига қараб камситилган деб ҳисобловчи шахс камситишни бартараф этиш, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.
9-модда. Мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципи
Касаба уюшмалари ўз фаолиятида, шу жумладан молиявий фаолиятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақилдир, улар олдида ҳисобдор эмас ҳамда улар томонидан назорат қилинмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Касаба уюшмалари мустақил равишда ўз уставларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, ташкилий тузилмасини белгилайди, касаба уюшмаси органларини сайлайди, ўз фаолиятини ташкил этади, йиғилишлар, шунингдек бошқа тадбирлар ўтказади.
10-модда. Тенг ҳуқуқлилик принципи
Касаба уюшмаларининг барча аъзолари ушбу Қонунда, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, касаба уюшмаларининг уставларида ёки локал ҳужжатларида белгиланган ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари борасида тенгдир.
Касаба уюшмалари тармоққа мансублигидан, ҳудудий жойлашувидан, касаба уюшмалари бирлашмасидаги иштирокидан ёки бошқа белгисидан қатъи назар тенг ҳуқуқларга эга.
11-модда. Ошкоралик ва очиқлик принципи
Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг фаолияти ошкора ва очиқдир. Касаба уюшмалари томонидан қабул қилинадиган уставлар ва низомлар оммавий ахборот воситаларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғида, шу жумладан касаба уюшмаларининг расмий веб-сайтларида албатта эълон қилиниши лозим.
3-боб. Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқларига риоя этилиши кафолатлари
12-модда. Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг фаолиятига аралашмаслик кафолатлари
Давлат касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлайди. Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг фаолиятига аралашишга, шу жумладан уларнинг фаолияти тўғрисида бирор-бир ҳужжат тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг фаолиятини давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар ташаббусига кўра тугатишга йўл қўйилмайди.
13-модда. Касаба уюшмалари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
Давлат касаба уюшмалари фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаши мумкин.
Давлат касаба уюшмалари фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тарзда ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин.
14-модда. Касаба уюшмаларининг мулк ҳуқуқи кафолатлари
Касаба уюшмаларининг мулки дахлсиздир ва у қонун билан қўриқланади. Касаба уюшмаларининг мол-мулки национализация, реквизиция ва мусодара қилинмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
15-модда. Касаба уюшмалари органларига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ходимлар учун кафолатлар
Қуйидагиларга интизомий жазо берилиши мумкин эмас:
касаба уюшмаси органи таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ходимларга – шу органнинг розилигисиз;
ташкилот бўлинмаларидаги касаба уюшмалари органларининг раҳбарларига – тегишли касаба уюшмаси органининг розилигисиз;
ташкилотдаги касаба уюшмалари органларининг раҳбарларига – тегишли касаба уюшмалари бирлашмасининг розилигисиз.
Касаба уюшмалари органлари таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган шахслар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя этишдан ташқари, улар аъзо бўлган касаба уюшмаси органининг розилиги олдиндан олинган ҳолда йўл қўйилади, ташкилот касаба уюшмаси органининг раиси билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга эса бундан ташқари тегишли касаба уюшмалари бирлашмасининг шундай розилиги олинган тақдирда йўл қўйилади.
Касаба уюшмалари органларининг ишлаб чиқаришдаги ўз ишидан озод этилмаган аъзоларига жамоа шартномасида, келишувида белгиланадиган шартларга кўра меҳнат жамоасининг манфаатларини кўзлаб жамоатчилик вазифаларини бажариши, шунингдек касаба уюшмасининг йўналиши бўйича қисқа муддатли ўқиши учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда вақт берилади.
Касаба уюшмалари органларининг аъзолари ишлаб чиқаришдаги ишидан касаба уюшмалари томонидан чақириладиган қурултойларда, конференцияларда делегат сифатида, шунингдек касаба уюшмаларининг пленумлари ва раёсатлари ишида иштирок этиш вақтига озод қилиниб, уларга касаба уюшмасининг маблағлари ҳисобидан ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланади.
Касаба уюшмасининг уставида назарда тутилган ҳолларда ташкилотларда касаба уюшмасининг ташкилотчилари ёки касаба уюшмаси гуруҳларининг ташкилотчилари сайланиши мумкин, уларга нисбатан ушбу моддада назарда тутилган кафолатлар татбиқ этилади.
16-модда. Касаба уюшмалари органларига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилган ходимлар учун кафолатлар
Касаба уюшмалари органларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланганлиги туфайли ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилган ходимларга уларнинг сайлов ваколатлари тугаганидан сўнг аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаган тақдирда эса ўша ташкилотда ёки ходимнинг розилиги билан бошқа ташкилотда аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.
Касаба уюшмалари органларига сайланган ходимларга тегишли иш (лавозим) бериш имкони бўлмаган тақдирда, улар қонун ҳужжатларида, жамоа шартномаларида, келишувларида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланади.
17-модда. Касаба уюшмалари органларига сайланган ходимлар учун меҳнатга оид қўшимча кафолатлар
Касаба уюшмалари органлари таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ходимларга иш берувчининг ташаббусига кўра интизомий жазо беришга, улар билан меҳнат шартномасини бекор қилишга, шунингдек касаба уюшмалари органлари таркибига сайланган ходимлар билан меҳнатга оид муносабатларни уларнинг сайлов ваколатлари тугаганидан кейин икки йил ичида иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга маҳаллий меҳнат органининг олдиндан розилигини олмасдан туриб йўл қўйилмайди.
18-модда. Иш берувчининг касаба уюшмалари фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратишга доир мажбуриятлари
Иш берувчи:
касаба уюшмаларининг ҳуқуқларига риоя этиши, уларнинг фаолиятига кўмаклашиши;
ходимларнинг манфаатларига дахлдор қарорлар қабул қилингунига қадар касаба уюшмалари билан маслаҳатлашувлар ўтказиши, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ва норматив ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда эса уларнинг розилигини олиши;
касаба уюшмаларининг таклифларини ўз вақтида кўриб чиқиши ва уларга қабул қилинган қарорлар ҳақида ёзма шаклда, сабабларини кўрсатган ҳолда хабар қилиши;
касаба уюшмалари органлари вакилларини улар манфаатларини ифода этаётган ходимларнинг иш жойларига монеликсиз киритиши;
касаба уюшмаларига ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган масалалар бўйича зарур ахборотни бепул тақдим этиши;
касаба уюшмаларига ўз вазифаларини бажариши учун зарур шароитларни таъминлаш;
касаба уюшмалари органлари таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган шахсларга касаба уюшмаларига оид мажбуриятларини иш вақтида бажариши учун вақт бериши. Бунда касаба уюшмаларига оид мажбуриятларни бажариш вақти иш ҳафтаси соатлари сонининг 30 фоизидан кам бўлмаслиги керак;
касаба уюшмаларига жамоа шартномасида, келишувида белгиланган мақсадлар учун ва миқдорларда маблағлар ўтказиши;
касаба уюшмасининг аъзолари бўлган ходимларнинг ёзма аризалари мавжуд бўлганда касаба уюшмасининг тегишли ҳисобварағига ходимларнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган касаба уюшмасига аъзолик бадалларини, агар жамоа шартномасида, келишувида шундай қоида назарда тутилган бўлса, ўз вақтида ўтказиши шарт.
4-боб. Касаба уюшмаларини, уларнинг бирлашмаларини, бўлинмаларини ҳамда бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби
19-модда. Касаба уюшмаларини, уларнинг бирлашмаларини, бўлинмаларини ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини ташкил этиш
Касаба уюшмалари ўз фаолиятини жамоат бирлашмаси шаклидаги юридик шахсни ташкил этган ҳолда амалга оширади.
Касаба уюшмалари бир ёки бир нечта ташкилот ходимларининг ташаббусига кўра ташкил этилади.
Касаба уюшмаларининг бўлинмалари, бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари юридик шахс мақоми билан ёки юридик шахс мақомисиз ташкил этилиши мумкин. Касаба уюшмалари ўз бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг, шу жумладан юридик шахс мақомига эга бўлмаган бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг ҳисобини юритади.
Касаба уюшмалари адлия органларида рўйхатдан ўтказилган устав асосида фаолият кўрсатади.
Давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар касаба уюшмаларини, уларнинг бирлашмаларини ташкил этиш ташаббускорлари, шунингдек уларнинг раҳбар органлари аъзолари бўлиши мумкин эмас.
Касаба уюшмасини, касаба уюшмалари бирлашмасини ташкил этиш ташаббускорлари қурултойни (конференцияни) ёки умумий йиғилишни чақиради, унда устав қабул қилинади, шунингдек раҳбар органлар тузилади.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, шунингдек юридик шахс бўлган бўлинмалари ҳамда бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан ташкил этилган ҳисобланади.
20-модда. Касаба уюшмасининг, касаба уюшмалари бирлашмасининг устави
Касаба уюшмасининг, касаба уюшмалари бирлашмасининг уставида қуйидагилар назарда тутилади:
номи, мақсад ва вазифалари;
ташкилий-ҳуқуқий шакли, фаолият қайси ҳудуд доирасида амалга оширилса, ўша ҳудуд;
бирлашаётган ходимларнинг тоифалари ва касбий гуруҳлари;
касаба уюшмаси, касаба уюшмалари бирлашмаси аъзолигига қабул қилиш ва ундан чиқиш (чиқариш) шартлари;
аъзолик бадалларини тўлаш тартиби ва уларнинг миқдорлари;
аъзоларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
тузилмаси ва раҳбар органлари, зарур бўлган тақдирда назорат-тафтиш органлари;
касаба уюшмалари органларининг ваколати ва уларни шакллантириш тартиби, уларнинг ваколатлари муддатлари, доимий асосда фаолият кўрсатувчи раҳбар органининг жойлашган ери;
пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни шакллантириш манбалари, шунингдек уларни бошқариш тартиби;
аъзолар олдида ҳисобот бериш тартиби ва муддатлари;
қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;
уставга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби.
Касаба уюшмаси, касаба уюшмалари бирлашмаси уставида уларнинг рамзлари тавсифи бўлиши мумкин.
Уставда касаба уюшмаси, касаба уюшмалари бирлашмаси фаолиятига тааллуқли бўлган, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам назарда тутилиши мумкин.
Касаба уюшмалари бирлашмаси уставининг талаблари касаба уюшмалари бирлашмаси аъзолари бўлган касаба уюшмалари учун мажбурийдир.
21-модда. Касаба уюшмаларини, уларнинг бирлашмаларини, бўлинмаларини ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш
Касаба уюшмаларини, уларнинг бирлашмаларини, шунингдек юридик шахс бўлган бўлинмаларини ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш адлия органлари томонидан амалга оширилади.
22-модда. Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг рамзлари
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари байроққа, тимсолга, рамзий байроққа ва бошқа рамзларга эга бўлиши мумкин. Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг рамзлари давлат рамзлари билан бир хил бўлмаслиги керак.
Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг рамзлари уларнинг раҳбар органи томонидан уставга мувофиқ тасдиқланади ва давлат рўйхатидан ўтказилади.
23-модда. Касаба уюшмаларини, уларнинг бирлашмаларини, бўлинмаларини ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини қайта ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолиятини тугатиш
Касаба уюшмаларини, уларнинг бирлашмаларини, бўлинмаларини ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини қайта ташкил этиш уставда белгиланадиган улар раҳбар органининг қарорига кўра амалга оширилади.
Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг фаолиятини тугатиш улар раҳбар органининг қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади.
Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг фаолияти маъмурий тартибда тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин эмас.
5-боб. Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятининг иқтисодий асослари
24-модда. Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг мол-мулки
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, шунингдек юридик шахс бўлган бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ўз мулкида биноларга, иншоотларга, турар жойларга ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларга, асбоб-ускуналарга, инвентарларга, пул маблағларига, шу жумладан чет эл валютасидаги пул маблағларига, қимматли қоғозларга ва бошқа мол-мулкка эга бўлиши мумкин.
Юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмасининг бўлинмаси, бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тегишли касаба уюшмаси ёки унинг бўлинмаси ёхуд уларнинг аризасига кўра иш берувчи томонидан ўзига хизмат кўрсатувчи банкда очиладиган махсус банк ҳисобварағига эга бўлишга, мазкур ҳисобварақда турган пул маблағларини эркин тасарруф этишга ҳақли. Касаба уюшмаси ташкилотининг махсус ҳисобварағидан иш берувчининг мажбуриятлари бўйича ундирувга йўл қўйилмайди.
Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг иш берувчилар бирлашмаларига (иттифоқларига, уюшмаларига) ва сиёсий партияларга бирор-бир молиявий ёрдам кўрсатиши тақиқланади.
25-модда. Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг мол-мулкини шакллантириш манбалари
Қуйидагилар касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг мол-мулкини шакллантириш манбалари бўлиши мумкин:
аъзолик бадаллари;
ихтиёрий мулкий бадаллар ва хайриялар;
тадбиркорлик фаолиятидан тушган тушумлар;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари мол-мулкининг манбалари, уларни шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби уларнинг таъсис ҳужжатларида белгиланади.
Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг мол-мулкини шакллантириш манбаларидан олинган маблағлардан уларнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган мақсадларга эришиш ва вазифаларни ҳал этиш учун фойдаланилади.
26-модда. Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг тадбиркорлик фаолияти
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, шунингдек юридик шахс бўлган бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ўз таъсис ҳужжатларида белгиланган тегишли мақсад ҳамда вазифалари доирасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, шунингдек юридик шахс бўлган бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ўз таъсис ҳужжатларида белгиланган мақсад ҳамда вазифаларига мувофиқ белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, тижорат ташкилотларини ташкил этиш, ноширлик фаолияти билан шуғулланиш, турли жамғармалар шакллантириш ҳуқуқига эга.
6-боб. Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг ҳуқуқлари
27-модда. Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини ҳал қилишда иштирок этишга бўлган ҳуқуқ
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари аҳоли бандлигини таъминлаш, ишдан озод этилаётган ходимларни ҳимоя қилиш масалаларини, шунингдек ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судга даъво аризаси, шунингдек суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.
28-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этишга бўлган ҳуқуқ
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда тегишли касаба уюшмаси ёки касаба уюшмалари бирлашмаси билан келишиб олиниши шарт.
29-модда. Жамоа музокараларини олиб боришга ҳамда жамоа шартномалари ва келишувларини тузишга бўлган ҳуқуқ
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари манфаатлари улар томонидан ифода этилаётган ходимлар номидан жамоа музокараларини олиб боришга, жамоа шартномалари ва келишувларини тузишга бўлган устувор ҳуқуққа эгадир.
Иш берувчининг вакили бўлган шахсларнинг ходимлар номидан жамоа музокараларини олиб бориши ҳамда жамоа шартномалари ва келишувларини тузиши тақиқланади.
30-модда. Бандликка кўмаклашиш соҳасидаги ҳуқуқлар
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари давлат бандлик дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, бандликни таъминлаш, шу жумладан янги иш ўринларини ташкил қилиш ва мавжудларини сақлаб қолиш, ташкилотларнинг фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг оммавий равишда ишдан озод этилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни таклиф этиш ҳуқуқига эга.
Иш берувчи ходимларнинг манфаатларини ифода этувчи тегишли касаба уюшмасига ёки касаба уюшмалари бирлашмасига ходимларнинг оммавий равишда ишдан озод этилиши эҳтимоли тўғрисида ўз вақтида, камида икки ой олдин ахборот тақдим этади ва ишдан озод этиш оқибатларини юмшатишга қаратилган маслаҳатлашувлар ўтказади.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари иш берувчининг ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш тўғрисидаги қарорини олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб туриш ҳақидаги таклифларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кўриб чиқиши учун киритиш ҳуқуқига эга.
Жамоа шартномасида ёки келишувида назарда тутилган ҳолларда, тегишли касаба уюшмасининг ёки бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг олдиндан розилигини олмасдан туриб меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, йўл қўйилмайди.
31-модда. Ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқлар
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришини ва эркин ривожланишини таъминловчи шарт-шароитлар яратишга қаратилган ижтимоий дастурларни шакллантиришда, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда, турмуш даражасининг асосий мезонларини ва тирикчилик учун зарур бўлган нарсаларнинг энг кам миқдорини белгилашда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ташкилотларни қайта ташкил этиш ёки тугатиш чоғида тугатиш комиссияларининг ишида иштирок этишга ҳақли.
32-модда. Ахборот олишга бўлган ҳуқуқ
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ўз устав фаолиятини амалга ошириш учун давлат органларидан, уларнинг мансабдор шахсларидан, иш берувчилардан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари масалалари юзасидан бепул ахборот олиш ҳуқуқига эга.
33-модда. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлар
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича давлат дастурларини шакллантиришда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида:
ташкилотларнинг раҳбарларидан ва бошқа мансабдор шахсларидан меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида, шунингдек ишлаб чиқаришдаги барча бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари ҳақида ахборот олиш;
ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини текширишда иштирок этиш;
ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилган ҳолларда ишларни тўхтатиб туриш тўғрисида, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш талабларининг бузилишларини бартараф этиш ҳақида иш берувчига таклифлар киритиш;
меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳолатини ўрганиш, иш берувчиларнинг жамоа шартномалари ва келишувларида назарда тутилган меҳнатни муҳофаза қилишга доир мажбуриятларининг бажарилишини назорат қилиш;
лойиҳалаштирилаётган, қурилаётган, реконструкция қилинаётган ва фойдаланилаётган ишлаб чиқариш объектларида меҳнат шароитларининг хавфсизлиги экспертизасида, шунингдек лойиҳалаштирилаётган ва фойдаланилаётган ишлаб чиқариш воситаларининг хавфсизлиги экспертизасида иштирок этиш;
ишлаб чиқариш объектларини ва ишлаб чиқариш воситаларини синовлардан ўтказиш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссияларнинг ишида мустақил экспертлар сифатида иштирок этиш;
тиббий-меҳнат эксперт комиссияси мажлисларида иштирок этиш;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бузганликда, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар фактларини яширганликда айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги талаблар билан тегишли органларга мурожаат этиш;
ходимнинг меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда майиб бўлиши ёки соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилиши туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда ходимларнинг соғлиғи ва меҳнатини муҳофаза қилишга бўлган ҳуқуқлари камситилган бошқа ҳолларда ходимнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
34-модда. Жамоатчилик назоратини амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқлар
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари иш берувчилар томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шунингдек жамоа шартномалари ва келишувлари талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини иш ўринларида амалга ошириш ҳуқуқига эга.
35-модда. Меҳнат низоларини кўриб чиқишда ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқ
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари қонун ҳужжатларида ташкил этилиши ҳамда фаолият кўрсатиши тартиби белгиланадиган меҳнат низолари бўйича комиссияларнинг ишида иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари жамоавий меҳнат низоларини тартибга солишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун юридик ҳамда бошқа хизматларни ташкил этиши, шунингдек шартнома асосида тегишли мутахассисларни жалб қилиши мумкин.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ташкилотларнинг раҳбарларига ҳамда бошқа мансабдор шахсларига ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритишга, шунингдек ташкилотларнинг раҳбарларига мазкур қоидабузарликларда айбдор бўлган шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида тақдимномалар киритишга ҳақли.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи талаблар бўйича даъволар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мурожаат қилиш чоғида судларда давлат божини тўлашдан озод этилади.
36-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузишда ва уларнинг ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга бўлган ҳуқуқ
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари Ўзбекистон Республикасининг ходимлар ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган халқаро шартномаларини тузишда ҳамда уларнинг ижросини мониторинг қилишда иштирок этиши мумкин.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари тегишли давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг, иш берувчиларнинг ходимлар ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ижро этилиши тўғрисидаги ахборотини эшитишга ҳақли.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари бошқа мамлакатларнинг касаба уюшмалари билан ҳамкорлик қилиш, халқаро ва бошқа касаба уюшмалари бирлашмаларига, ташкилотларига аъзо бўлиш ҳуқуқига эга.
7-боб. Жамоатчилик назоратини амалга ошириш
37-модда. Жамоатчилик назоратининг объекти
Давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг, иш берувчиларнинг:
ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ижросини таъминлашга;
жамоа шартномалари ва келишувларини бажаришга, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳамда дастурларни рўёбга чиқаришга доир фаолияти жамоатчилик назорати объектидир.
38-модда. Мурожаатлар ва сўровлар
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари давлат органларига, уларнинг мансабдор шахсларига, иш берувчиларга, уларнинг бирлашмаларига (иттифоқларига, уюшмаларига) аризалар, шикоятлар ва таклифлар билан мурожаат қилишга, уларга сўровлар юборишга ҳақли.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари олинган ахборотни давлат органларининг, иш берувчиларнинг, улар бирлашмаларининг (иттифоқларининг, уюшмаларининг), ташкилотлар коллегиал бошқарув органларининг вакиллари иштирокида муҳокама қилишга ҳақли.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган маълумотномаларни ҳамда бошқа ҳужжатларни давлат органларидан сўраб олишга, шунингдек сўралган ҳужжатларни ёки уларнинг тасдиқланган кўчирма нусхаларини бериши шарт бўлган ташкилотлардан сўраб олишга ҳақли.
Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг, бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг ахборотга бўлган ҳуқуқи, агар мазкур ахборот қонунда белгиланган тартибда шахсга доир маълумотлар ёхуд давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган бўлса, чекланиши мумкин.
39-модда. Давлат органларининг, иш берувчиларнинг, улар бирлашмаларининг (иттифоқларининг, уюшмаларининг) очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари давлат органларининг, иш берувчиларнинг, улар бирлашмаларининг (иттифоқларининг, уюшмаларининг) очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиб, мазкур органлар ўз очиқ ҳайъат мажлисларида уларнинг иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларига ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган масалалар кўриб чиқилаётганда касаба уюшмаларининг энг оммавий бирлашмаси вакили таклиф этилади.
40-модда. Жамоатчилик муҳокамаси
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, давлат органлари, иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари (иттифоқлари, уюшмалари) қарорлари лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиши мумкин.
41-модда. Жамоатчилик эшитуви
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларини бажариш бўйича давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг, иш берувчиларнинг фаолиятига тааллуқли бўлган масалаларни муҳокама қилиш мақсадида жамоатчилик эшитувларини ўтказиши мумкин.
Бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларини бажариш бўйича иш берувчиларнинг фаолиятига тааллуқли бўлган масалаларни муҳокама қилиш мақсадида жамоатчилик эшитувларини ўтказиши мумкин.
Жамоатчилик эшитувлари давлат органларининг, иш берувчиларнинг, улар бирлашмаларининг (иттифоқларининг, уюшмаларининг), фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари ва касаба уюшмаларининг аъзолари иштирокида ўтказилиши мумкин.
42-модда. Жамоатчилик мониторинги
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шунингдек жамоа шартномалари ва келишувлари ижросининг жамоатчилик мониторингини ўтказиши мумкин.
43-модда. Жамоатчилик экспертизаси
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, давлат органларининг, иш берувчиларнинг, улар бирлашмаларининг (иттифоқларининг, уюшмаларининг) қарорлари лойиҳаларини, шунингдек жамоа шартномалари ва келишувлари лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиши мумкин.
Касаба уюшмаси, касаба уюшмаларининг бирлашмаси норматив-ҳуқуқий ҳужжат, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат лойиҳасининг мазмунидан умуман ёки унинг бирор-бир қисмидан норози бўлган тақдирда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатни қабул қилувчи органга тегишли хулоса киритишга ҳақли.
Касаба уюшмасининг, касаба уюшмалари бирлашмасининг ходимлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига тўсқинлик қилувчи ёки уларни чекловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек бундай ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш зарурлиги тўғрисидаги тавсиялари ва ёзма сўровлари кўриб чиқилиши шарт бўлиб, уларни кўриб чиқиш натижалари ҳақидаги асосли хулосалар кейинчалик касаба уюшмасига, касаба уюшмаларининг бирлашмасига юборилади.
Иш берувчиларнинг қарорлари, жамоа шартномалари ва келишувлари лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизаси касаба уюшмаларининг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.
44-модда. Касаба уюшмаларининг инспекцияларини тузиш
Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ва бўлинмаларининг тузилмасида касаба уюшмаларининг тегишли инспекторлари фаолият кўрсатадиган инспекциялар (бундан буён матнда касаба уюшмаларининг инспекциялари деб юритилади) тузилиши мумкин.
Касаба уюшмаларининг инспекцияси тўғрисидаги низом тегишли касаба уюшмаси ёки касаба уюшмалари бирлашмаси томонидан тасдиқланади.
45-модда. Касаба уюшмаларининг инспекторлари ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Касаба уюшмаларининг инспекторлари ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида:
давлат органларидан, ташкилотлардан, уларнинг мансабдор шахсларидан, иш берувчилардан, уларнинг бирлашмаларидан (иттифоқларидан, уюшмаларидан) ўз вазифаларини бажариш учун зарур бўлган маълумотномаларни ва бошқа ҳужжатларни, статистик маълумотларни ҳамда бошқа ахборотни сўраш ва бепул олиш;
судларда ва меҳнат низоларини кўриб чиқадиган бошқа органларда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўз ташаббусига кўра ёхуд ходимларнинг илтимосига биноан вакиллар сифатида иштирок этиш;
ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида, шунингдек касаба уюшмаси аъзоларининг мурожаатлари асосида ташкилотларга, иш жойларига бориш;
ходимларнинг меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва уларнинг соғлиғига бошқача тарзда шикаст етганлигини ҳамда касб касалликларини текширишда белгиланган тартибда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмаларининг инспекторлари:
қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;
ташкилотларнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмаслиги;
ўз вазифаларини амалга ошириш чоғида танишиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш ёки тижорат сирини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмаслиги, шу жумладан лавозимидан кетганидан кейин ҳам ошкор этмаслиги;
тегишли касаба уюшмаси органига ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг бузилишларини аниқлаганда, шунингдек мазкур қоидабузарликларни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳар чоракда ахборотни тақдим этиши шарт.
Касаба уюшмаларининг инспекторлари томонидан тақдим этиладиган ахборот тегишли касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари томонидан умумлаштирилади ва уларнинг расмий веб-сайтларида, шунингдек, зарур бўлган ҳолларда, бошқа манбаларда ҳар йили, келгуси йилнинг 1 майидан кечиктирмай эълон қилиниши лозим.
Касаба уюшмаларининг инспекторлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ҳамда уларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
46-модда. Жамоатчилик назоратининг натижалари
Жамоатчилик назоратининг натижалари бўйича баённома, хулоса, маълумотнома, кўрсатма, тақдимнома шаклидаги ёҳуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклдаги якуний ҳужжат тайёрланади.
Якуний ҳужжатда баён этилган ахборот, тавсиялар ва таклифлар давлат органлари ҳамда иш берувчилар томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади ва улар юзасидан қарорлар қабул қилинади. Давлат органлари ва иш берувчилар кўриб чиқиш натижалари ҳақида тегишли касаба уюшмаларини, уларнинг бирлашмаларини хабардор қилади.
Иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари (иттифоқлари, уюшмалари), ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан жамоа шартномасининг, келишувининг шартлари бузилган тақдирда, касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари уларга бу қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома юборишга ҳақли бўлиб, тақдимнома бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилади. Бу қоидабузарликларни бартараф этиш рад қилинган ёки белгиланган муддатда келишувга эришилмаган тақдирда, келишмовчиликлар қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқилади.
Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларининг бузилиши фактлари аниқланган тақдирда, касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари материалларни Давлат меҳнат инспекциясига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборишга ҳақли.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари жамоатчилик назорати натижаларини эълон қилишга ҳақли.
8-боб. Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик
47-модда. Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик ва унинг асосий принциплари
Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик – касаба уюшмалари (касаба уюшмаларининг бирлашмалари) тимсолида ходимлар, иш берувчилар (иш берувчиларнинг бирлашмалари (иттифоқлари, уюшмалари), давлат органлари ўртасида ходимларнинг, иш берувчиларнинг ва давлатнинг ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш масалалари бўйича манфаатларини келишиб олишни таъминлашга қаратилган ўзаро ҳамкорликдир.
Касаба уюшмалари ва иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари (иттифоқлари, уюшмалари), давлат органлари ўртасидаги ижтимоий шериклик тенг ҳуқуқлилик, вакилларнинг ваколатлилиги, тарафларнинг манфаатларини ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш, мажбуриятлар қабул қилишнинг ихтиёрийлиги принциплари асосида қурилади.
48-модда. Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик тарафлари
Қуйидагилар меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик тарафларидир:
касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари тимсолида ходимлар;
иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари (иттифоқлари, уюшмалари);
давлат органлари.
49-модда. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиялар
Меҳнат муносабатлари тартибга солинишини таъминлаш, жамоа музокараларини, маслаҳатлашувларини олиб бориш, жамоа шартномаларининг ва келишувларининг лойиҳаларини тайёрлаш, уларни тузиш, шунингдек уларнинг бажарилиши устидан тенг ҳуқуқлилик асосида назоратни ташкил этиш учун тарафларнинг қарорига биноан зарур ваколатлар берилган ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиялар тузилади.
Республика даражасида доимий асосда фаолият кўрсатувчи ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссия тузилади. Касаба уюшмалари республика бирлашмаларининг, иш берувчилар республика бирлашмаларининг (иттифоқларининг, уюшмаларининг), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, манфаатдор вазирликларнинг, давлат қўмиталари ва идораларнинг вакиллари комиссия аъзолари ҳисобланади.
Тармоқ даражасида доимий асосда фаолият кўрсатувчи ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиялар тузилади. Касаба уюшмалари тармоқ бирлашмаларининг, иш берувчилар тармоқ бирлашмаларининг (иттифоқларининг, уюшмаларининг) вакиллари, тарафларнинг таклифи бўйича эса – Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳамда бошқа манфаатдор вазирликларнинг, давлат қўмиталари ва идораларнинг вакиллари ҳам комиссиялар аъзолари ҳисобланади.
Ҳудудий даражада доимий асосда фаолият кўрсатувчи ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссиялар тузилади. Касаба уюшмалари ҳудудий бирлашмаларининг, иш берувчилар ҳудудий бирлашмаларининг (иттифоқларининг, уюшмаларининг) вакиллари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ва бошқа манфаатдор давлат органларининг вакиллари комиссиялар аъзолари ҳисобланади.
Ташкилотлар даражасида жамоа музокараларини олиб бориш учун бошланғич касаба уюшмалари ташкилотининг вакилларидан ва иш берувчининг вакилларидан иборат икки томонлама комиссиялар тузилади.
50-модда. Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик шакллари
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари ижтимоий шерикликни қуйидаги шаклда амалга ошириши мумкин:
жамоа шартномалари, келишувлари лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни тузиш, шунингдек жамоа шартномаларига, келишувларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича жамоа музокаралари ўтказиш;
жамоа шартномалари ва келишувларининг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
ташкилотларнинг локал ҳужжатлари лойиҳаларини келишиб олиш;
ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан тарафларнинг ўзаро маслаҳатлашувлари;
ташкилотларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
давлат органлари ҳузуридаги тегишли жамоатчилик кенгашларида иштирок этиш.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари ижтимоий шерикликда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа шаклларда ҳам иштирок этишга ҳақли.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ижтимоий шериклик доирасида ҳамкорликдаги тадбирларни ўтказиш ташаббуси билан чиқиши, уларни ташкил этиши, шунингдек уларда иштирок этиши мумкин.
9-боб. Якунловчи қоидалар
51-модда. Низоларни ҳал этиш
Касаба уюшмаларининг фаолияти соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
52-модда. Касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
53-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш
Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
1) Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлда қабул қилинган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги 638–XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, № 9,
344-модда);
2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 2 июлда қабул қилинган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида”ги 639–XII-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, № 9, 345-модда);
3) Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 7 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 320–II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, № 1, 20-модда) I бўлими;
4) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ–413-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, № 11, 354-модда);
5) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 18 февралда қабул қилинган “Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–522-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 2, 47-модда) 6-моддаси.
54-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
55-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
56-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. Мирзиёев