18.11.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4388-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, углеводород хомашёси учун геология-қидирув ишлари самарадорлиги ва натижадорлигини янада ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига (кейинги ўринларда – Давлат геология қўмитаси) қуйидаги функцияларни топшириш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин:
янги углеводород хомашёси конларини очиш учун нефть ва газ истиқболли тузилмаларини аниқлаш ва тайёрлашга қаратилган илмий-тадқиқот, регионал геологик-тасвирлаш, геофизик ва бурғулаш ишларини олиб бориш;
республика углеводород хомашёси захираларини жадал ривожлантириш ва қайта тиклаш, янги углеводород хомашё конларини очишни таъминлашга йўналтирилган геология-қидирув ишлари самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш ишларини ташкиллаштириш.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ 2019 йил якунига қадар Давлат геология қўмитасига илмий-тадқиқот ва геофизик ишларини олиб боришнинг амалдаги лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни ҳамда барча мавжуд истиқболли майдонлар, инвестиция блоклари ва углеводород хомашёси конлари бўйича фонд ва бошқа материалларни тақдим этсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
2020 йилдан бошлаб нефть ва газ минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш йиллик давлат дастурлари Давлат геология қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади;
нефть ва газ минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш йиллик давлат дастурлари доирасида етакчи хорижий консалтинг компаниялари ва мутахассисларини жалб этган ҳолда, геология-қидирув ишларини ташкил қилишнинг халқаро стандартларини татбиқ этиш чоралари амалга оширилади;
нефть ва газ бўйича илмий-тадқиқот, регионал геологик-тасвирлаш, геофизик ва бурғулаш ишлари ҳамда замонавий ускуналар, илмий ҳажмдор технологиялар, дастурий маҳсулотлар, махсус ва автотранспорт техникалари билан жиҳозлаш чоралари нефть ва газ минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш йиллик давлат дастурларида кўзда тутилади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан Давлат геология қўмитасининг асосланган ҳисоб-китоблари асосида молиялаштирилади;
нефть ва газ минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш йиллик давлат дастурлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига бурғуланиб, қурилиши якунланган қудуқлар уларни Давлат геология қўмитаси ва унинг ташкилотлари томонидан ер қаъридан муайян фойдаланувчиларга берилгунига қадар солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат геология қўмитасининг “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзбурғунефтгаз” АЖнинг “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамда “Нефть ва газ конлари геологияси ва қидируви институти” АЖнинг устав капиталларидаги улушларини Давлат активларини бошқариш агентлигига (кейинги ўринларда – Агентлик) ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Молия вазирлиги, Агентлик ва Давлат геология қўмитаси билан биргаликда 2020 йилнинг 1 июлига қадар геология-қидирув хизматлари соҳаси ва ушбу тармоқдаги рақобат даражасини ўрганган ҳолда 1-иловага мувофиқ Давлат геология қўмитаси таркибига кирувчи давлат корхоналарини Агентликка акциядор (таъсисчи ва иштирокчи) ҳуқуқини бериш орқали қайта ташкил этишни таъминласин.
Давлат геология қўмитаси Агентлик ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда ҳар бир давлат корхонасини қайта ташкил этиш бўйича тадбирлар режасини уларнинг аниқ муддатлари ва масъул ижрочиларини кўрсатган ҳолда ишлаб чиқсин, тасдиқласин ҳамда амалга оширилишини таъминласин.
Белгилансинки, “Ўзбекгеофизика” АЖ, “Нефть ва газ конлари геологияси ва қидируви институти” АЖ ҳамда қайта ташкил этилаётган давлат корхоналари ўз фаолиятини Давлат геология қўмитасининг ташкилий тузилмаси таркибида амалга оширади.
4. Қуйидагилар белгилансин:
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзбурғунефтгаз” АЖнинг “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамда “Нефть ва газ конлари геологияси ва қидируви институти” АЖнинг устав капиталларидаги улушларининг Агентликка берилиши баланс қийматида “Ўзбекнефтгаз” АЖ устав капиталидаги давлат улуши камайтирилиши ҳисобига амалга оширилади;
ушбу қарорга асосан бир ташкилотдан бошқа ташкилотга берилаётган ва қабул қилинаётган мулклар, мулкий ҳуқуқлар, шу жумладан, акциялар ва устав капиталларидаги улушлар барча солиқ турлари бўйича солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди;
“Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамда “Нефть ва газ конлари геологияси ва қидируви институти” АЖ акциялари Агентлик эгалигига ўтиши янги сотиб олинган акциялар пакети деб ҳисобланмайди;
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамда “Нефть ва газ конлари геологияси ва қидируви институти” АЖ билан амалдаги шартномалар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари сақланиб қолинади.
5. Давлат геология қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган:
Давлат геология қўмитаси томонидан бажариладиган 2020-2021 йилларда ер қаърини углеводород хомашёсига геологик ўрганиш ишларининг асосий параметрлари 2-иловага мувофиқ;
“Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамда“Нефть ва газ конлари геологияси ва қидируви институти” АЖ моддий-техник базасини модернизациялаш ва мустаҳкамлаш учун сотиб олинадиган замонавий геофизик, лаборатория ва бошқа қурилмалар, дастурий маҳсулотлар, махсус ва автотранспорт техникалари рўйхати 3-иловага мувофиқ;
Минерал-хомашё, жумладан, нефть ва газ базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш бўйича фаолиятни босқичма-босқич ислоҳ қилиш ва тижоратлаштириш йўли билан геология-қидирув ишларини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” 4-иловага мувофиқ маъқуллансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида Давлат геология қўмитасига ҳар йили тасдиқланадиган минерал-хомашё базасини (шу жумладан, нефть ва газни) ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурларига мувофиқ, шунингдек, ушбу қарор билан топширилаётган функцияларни ҳисобга олган ҳолда маблағ ажратилишини назарда тутсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 майдаги “2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2954-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси минерал-хомашё базасини ривожлантириш стратегияси амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Ишчи гуруҳ зиммасига (кейинги ўринларда – Ишчи гуруҳ) ушбу қарордан келиб чиқадиган топшириқ ва чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш вазифаси юклатилсин.
8. Амалдаги лойиҳалар доирасида илгари бошланган параметрик ва излов қудуқларини бурғулаш ишларини тугатиш шарти билан углеводород хомашёси учун геология-қидирув ишларини лицензия олмаган ҳолда олиб бориш ҳуқуқи “Ўзбекнефтгаз” АЖда сақлаб қолинсин.
9. Давлат геология қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан биргаликда уч ой муддатда:
2020-2025 йилларда углеводород захираларини кўпайтиришнинг мақсадли кўрсаткичларини;
тўғридан-тўғри музокаралар натижаси бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖга ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензияни тақдим этган ҳолда, нефть ва газгеология-қидирув ишлари доирасида у томонидан қудуқларни бурғулаш ишлари амалга ошириладиган истиқболли тузилмалар ва углеводород конларининг рўйхатини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Қуйидагиларга:
“Ўзбекнефтгаз” АЖга Нефть ва газ минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастури доирасида аввал бошланган лойиҳалар бўйича “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамда“Нефть ва газ конлари геологияси ва қидируви институти” АЖ билан илмий-тадқиқот, тематик, геофизик ва лаборатория ишларини бажариш юзасидан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга;
“Ўзбекнефтгаз” АЖ, Давлат геология қўмитаси ва уларнинг таркибига кирувчи ташкилотларга, шу жумладан, акциядорлик жамияти сифатида қайта ташкил этилаётган давлат корхоналарига 2021 йилнинг охирига қадар геология-қидирув ва қўшимча ишларни бажарувчи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш йиллик давлат дастурлари доирасида тендер савдоларисиз танлов ўтказиш йўли билан давлат харидларини амалга оширувчи пудратчиларни аниқлашга рухсат берилсин.
11. Хорижий инвесторлар томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан илгари тузилган келишувлар доирасида кейинчалик Давлат геология қўмитаси билан ер қаърини геологик ўрганиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилиш учун тақдим этилган материаллар ўрганиладиган инвестиция блоклари рўйхати 5-иловага мувофиқ маъқуллансин.
Белгилаб қўйилсинки:
хорижий инвесторлар билан келишувлар муддати тугаганидан сўнг инвестиция блоклари ва истиқболли участкалар Давлат геология қўмитаси тасарруфига ўтади;
инвестиция блоклари чегаралари ва майдонлари Давлат геология қўмитаси тасарруфига ўтганидан сўнг инвесторларни жалб этиш жараёнини оптималлаштириш учун бир йил ичида қайта кўриб чиқилади.
12. 2020 йил 1 январдан қуйидаги механизм жорий этилсин, унга мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги “Стратегик муҳим турдаги қаттиқ фойдали қазилма конларини геологик ўрганиш ва ўзлаштиришга хорижий инвестициялар жалб қилишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3000-сон қарорида кўрсатилган стратегик фойдали қазилма турлари мавжуд ер қаъри участкаларини фойдаланишга топшириш лицензияларни бериш шаффофлигини таъминловчи аукцион савдолар асосида амалга оширилади;
стратегик фойдали қазилма турларига эга ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг бошланғич баҳоси геологик тадқиқот учун – имзо бонуси ставкаси миқдорида, қазиб чиқариш учун – тижорат топилма бонуси ставкаси миқдорида қонунчиликда ўрнатилган тартибда белгиланади. Бунда стратегик фойдали қазилма турларига эга ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг бошланғич баҳоси Давлат геология қўмитаси томонидан бажарилган қидирув ва разведка ишлари харажатларидан кам бўлмаслиги керак;
стратегик фойдали қазилма турларига эга ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи реализациясидан тушган маблағлар аукцион савдоларини ташкиллаштиришга кетган харажатлар чегирилгандан кейин, ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтирилади;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг ишлатилганлиги ҳамда эришилган натижалар тўғрисидаги Давлат геология қўмитасининг ҳисоботи ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилади;
халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг техник кўмаги, аудиторлар ва мустақил маслаҳатчиларни жалб этган ҳолда, шаффоф тартиб-таомиллар асосида тендер ҳужжатларини тайёрлаш ва савдоларни ташкиллаштириш, инвестицион геологик объектларни баҳолаш йўли билан стратегик турдаги фойдали қазилмаларни қазиб чиқаришга доир инвестиция битимларини тузиш амалиёти қўлланилади.
Давлат геология қўмитаси тасдиқланган минерал-хомашё базасини (жумладан, нефть ва газни) ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурлари бўйича ишларни молиялаштириш учун Давлат геология қўмитасига ажратиладиган йиллик маблағлар доирасида ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг бошланғич қийматини баҳолаш бўйича хизматлар ҳақи тўлови учун зарур маблағларни назарда тутсин.
13. Белгилаб қўйилсинки, Давлат геология қўмитаси:
Ишчи гуруҳнинг ишчи органи ва илмий-тадқиқот ва геофизик ишлар, шунингдек, барча истиқболли участкалар, инвестиция блоклари ва углеводород хомашёси конлари бўйича амалдаги лойиҳалар тўғрисидаги маълумотларнинг эгаси ҳисобланади;
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳалардан ташқари, салоҳиятли хорижий инвесторлар иштирокида нефть ва газ истиқболли тузилмаларини геологик ўрганиш соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва мувофиқлаштириш учун масъул ижрочи орган ҳисобланади;
нефть ва газгеология-қидирув ишларини олиб бораётган ер қаъри фойдаланувчилари учун умуман республика минерал-хомашё базасини мутаносиб ривожлантириш ва қайта тиклашни таъминлашни ҳисобга олган ҳолда углеводород хомашё захираларини кўпайтириш бўйича вазифаларни белгилайди.
14. Белгилансинки, ер қаърини геологик ўрганиш, фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, шунингдек, кончилик муносабатларини бошқариш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Давлат геология қўмитаси билан келишилиши шарт.
15. Давлат геология қўмитасининг марказий аппарати тузилмасида:
ходимларнинг чекланган сони 9 нафардан иборат Нефть ва газ геологияси бошқармаси;
ходимларнинг чекланган сони 7 нафардан иборат Нефть ва газбурғулаш ишларини ташкиллаштириш бошқармаси;
ходимларнинг чекланган сони 4 нафардан иборат Харид ишларини ташкиллаштириш бошқармаси ташкил қилинсин.
Давлат геология қўмитасига ушбу бандга асосан ташкил этиладиган бошқармаларни бутлаш мақсадида қўшимча 14 нафар бошқарув ходимлари штат бирликлари ажратилсин.
Давлат геология қўмитаси раисининг нефть ва газ геология-қидирув ишларини ўтказиш масалаларини мувофиқлаштирувчи ўринбосари лавозими киритилсин.
16. Давлат геология қўмитаси марказий аппаратининг янгиланган тузилмаси 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3578-сон қарорида:
10-банднинг учинчи хатбошиси, шунингдек, 5-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
11-банддаги “339” ва “92” рақамлари тегишинча “391” ва “107” рақамлари билан алмаштирилсин.
18. Давлат геология қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С.Султанов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев