11.05.2019
Ўзбекистон Республикаси Қонуни
Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 26 апрелда қабул қилинган
Сенат томонидан 2019 йил 3 майда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси
Ушбу Қонуннинг мақсади давлат-хусусий шериклик соҳасидаги уносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимларга ва давлат харидлари соҳасига нисбатан татбиқ этилмайди.
2-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
давлат-хусусий шериклик – давлат шериги ва хусусий шерикнинг муайян муддатга юридик жиҳатдан расмийлаштирилган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришига асосланган ҳамкорлиги;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаси – иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий вазифаларни ҳал этишга қаратилган, хусусий инвестицияларни жалб этиш ва (ёки) илғор бошқарув тажрибасини жорий этиш асосида амалга ошириладиган тадбирлар мажмуи;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси – давлат шериги ва (ёки) хусусий ташаббускор томонидан тайёрланадиган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишни ҳал этишга доир танловни асослаб берадиган, ушбу лойиҳанинг қийматини ва тавсифини белгилайдиган, уни амалга оширишнинг самарадорлиги ва долзарблиги асосларини, асосий тавсифномалари ва ўзига хос хусусиятларини, шунингдек жалб қилинадиган инвестицияларнинг қайтарилишини таъминлаш механизмларини ўз ичига олган ҳужжат;
давлат-хусусий шериклик объекти – лойиҳалаштирилиши, қурилиши, барпо этилиши, етказиб берилиши, молиялаштирилиши, реконструкция қилиниши, модернизациялаштирилиши, фойдаланилиши ва хизмат кўрсатилиши давлат-хусусий шериклик лойиҳасини рўёбга чиқариш доирасида амалга ошириладиган мол-мулк, мулкий комплекслар, ижтимоий инфратузилма, шунингдек давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида жорий этилиши лозим бўлган ишлар (хизматлар) ва инновациялар;
давлат-хусусий шериклик объектидан эркин фойдаланилиши учун тўлов – давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ давлат-хусусий шериклик объектидан фойдаланиш (уни эксплуатация қилиш) ва (ёки) ушбу объектга хизмат кўрсатиш даврида ундан эркин фойдаланилишини таъминлаганлик учун хусусий шерикка давлат шериги томонидан амалга ошириладиган тўловлар;
давлат шериги – Ўзбекистон Республикаси бўлиб, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколат берилган бошқа органлар (ташкилотлар) ёки уларнинг бирлашмалари унинг номидан иш юритади;
фойдаланганлик учун тўлов – товарларни (ишларни, хизматларни) истеъмол қилувчилардан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш доирасида хусусий шерик томонидан йиғиб олинадиган тўловлар;
хусусий шерик – Ўзбекистон Республикасининг ёки чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган, давлат шериги билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузган тадбиркорлик фаолияти субъекти ва шундай субъектларнинг бирлашмаси.
4-модда. Давлат-хусусий шерикликнинг асосий принциплари
Давлат-хусусий шерикликнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
давлат шеригининг ва хусусий шерикнинг қонун олдида тенглиги;
давлат-хусусий шерикликни амалга оширишдаги қоидалар ва тартиб-таомилларнинг шаффофлиги;
хусусий шерикни танлашдаги баҳслашув ва холислик;
камситишга йўл қўймаслик;
коррупцияга йўл қўймаслик.
5-модда. Давлат шеригининг ва хусусий шерикнинг қонун олдида тенглиги принципи
Давлат шериги ва хусусий шерик тенг тарафлардир.
6-модда. Давлат-хусусий шерикликни амалга оширишдаги қоидалар ва тартиб-таомилларнинг шаффофлиги принципи
Давлат-хусусий шерикликнинг қоидалари ва тартиб-таомиллари манфаатдор шахслар учун очиқ, шаффоф ва тушунарли бўлиши керак.
Давлат шериги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган давлат-хусусий шерикликнинг қоидалари ва тартиб-таомиллари тўғрисидаги ахборотдан эркин фойдаланилишини таъминлаши шарт.
7-модда. Хусусий шерикни танлашдаги баҳслашув ва холислик принципи
Хусусий шерикни танлашдаги баҳслашув ва холислик танловга кўра саралаб олиш механизмларидан фойдаланиш, давлат-хусусий шериклик қоидалари ҳамда тартиб-таомилларини амалга оширишдаги ва холис ҳамда асослантирилган мезонлар асосида мақбул вариант фойдасига қарорлар қабул қилишдаги ҳалоллик ва шаффофлик ҳисобига таъминланади.
8-модда. Камситишга йўл қўймаслик принципи
Камситишга йўл қўймаслик қуйидагиларни таъминлаш орқали кафолатланади:
тендер тартиб-таомиллари иштирокчилари ҳуқуқларининг тенглиги;
хусусий шерикни танлашдаги холислик;
хусусий шерикни танлашдаги очиқлик.
Хусусий ташаббускорларга, талабгорларга, хусусий шерикларга, шу жумладан чет эллик хусусий ташаббускорларга, талабгорларга, хусусий шерикларга Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тенг ҳуқуқлар, фаолиятнинг камситиш хусусиятига эга чоралар қўлланилишини истисно этувчи ҳуқуқий режими кафолатланади.
9-модда. Коррупцияга йўл қўймаслик принципи
Давлат-хусусий шериклик қоидалари ва тартиб-таомилларига доир талаблар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслиги ҳамда коррупциянинг ва коррупцияга сабаб бўлувчи омилларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни таъминлаши керак.
2-боб. Давлат-хусусий шериклик соҳасини давлат томонидан тартибга солиш
10-модда. Давлат-хусусий шериклик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари
Давлат-хусусий шериклик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва Ўзбекистон Республикасининг барқарор ривожланишини таъминлаш;
давлат-хусусий шериклик соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш;
мавжуд ижтимоий инфратузилмани шакллантиришга, тиклашга, ундан фойдаланишга, уни сақлашга кўмаклашиш;
ижтимоий инфратузилмадан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш;
давлат хизматлари сифатини яхшилаш ва улардан эркин фойдаланишни кенгайтириш;
хусусий секторнинг молиявий маблағларини, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб этишни таъминлайдиган шарт-шароитлар яратиш;
давлат-хусусий шерикликнинг институционал-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш ва такомиллаштириш учун илмий тадқиқотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, замонавий услублар ва технологияларни жорий этиш.
11-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
давлат-хусусий шериклик соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатли давлат органининг тақдимномасига биноан давлат-хусусий шериклик лойиҳалари учун давлат шеригини белгилайди;
давлат-хусусий шериклик соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади;
умумий қиймати ўн миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тасдиқлайди;
Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестрини юритиш тартибини белгилайди.
12-модда. Давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатли давлат органи
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).
Ваколатли давлат органи:
давлат-хусусий шериклик соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;
давлат-хусусий шериклик соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда идоралараро мувофиқлаштиришни таъминлайди;
давлат-хусусий шериклик соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда, шунингдек давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг концепцияларини ишлаб чиқишда вазирликларга, давлат қўмиталарига, идораларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўмаклашади;
инвесторлар, халқаро молия ва донорлик ташкилотлари, илмий ва эксперт ҳамжамиятлари, шунингдек давлат-хусусий шерикликнинг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорликни ташкил этади;
давлат-хусусий шериклик соҳасида услубий ҳужжатларни, қўлланмалар ва йўриқномаларни тайёрлайди;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг техник-иқтисодий параметрларига доир шарҳларни кўриб чиқади ва тақдим этади;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги намунавий битимлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;
Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестрини юритади;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлашга ва амалга оширишга кўмаклашади;
умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини маъқуллайди, рад этади ёки маромига етказиш учун қайтаради;
умумий қиймати ўн миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади;
тендер ҳужжатларининг ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларнинг лойиҳаларини келишиб олади;
давлат-хусусий шериклик соҳасида кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;
давлат-хусусий шериклик масалалари юзасидан тушунтиришлар беради;
давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бажарилишининг бориши юзасидан мониторингни амалга оширади;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш учун маслаҳатчиларни жалб этади.
3-боб. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
13-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари
Давлат шериги ва хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафларидир.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини молиялаштирувчи молиявий ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар ҳам давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари бўлиши мумкин.
Давлат шериги томонидан ваколат берилган давлат корхоналари ва (ёки) ташкилотлар давлат шериги томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ давлат шеригининг мажбуриятларини ўз зиммасига олган ҳолда ҳаракат қилиши мумкин. Бунда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши учун давлат шериги тўлиқ жавобгар бўлади.
Хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бир ёки бир неча ташкилотга топшириши мумкин. Бунда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши учун хусусий шерик тўлиқ жавобгар бўлади.
14-модда. Давлат-хусусий шериклик тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Давлат шериги:
хусусий шерикдан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартлари бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот сўраш ва олишга;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларининг бажарилишини назорат қилишга ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилиши натижаларини баҳолашни амалга оширишга;
қонун ҳужжатларига ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш доирасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бартараф этилишини талаб қилишга;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича хусусий шерик айби билан юзага келган зарарларнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш учун маслаҳатчиларни жалб қилишга ҳақли.
Давлат шериги:
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва битим талабларига риоя этиши;
тендер иштирокчиларига тендер ҳужжатларини бериши, уларга тендер ҳужжатлари қоидаларини тушунтириши;
тендер иштирокчиларига давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун мўлжалланилаётган жой ва объект билан танишиб чиқиш учун зарур шароитларни таъминлаши;
фаолиятни амалга ошириш учун мўлжалланган мол-мулкни хусусий шерикка эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланишга бериши;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни амалга ошириш учун зарур бўлган лицензиялар ва рухсатномаларни олишда хусусий шерикка кўмаклашиши;
ваколатли давлат органига давлат-хусусий шериклик тўғрисида тузилган битимларнинг кўчирма нусхаларини, шу жумладан битимларга доир иловаларни, ўзгартишларни ёки қўшимчаларни давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ёхуд тегишли ўзгартишлар ёки қўшимчалар имзоланган санадан эътиборан йигирма календарь кун ичида тақдим этиши;
хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ўз инвестициялари ва даромадларини эркин бошқариш ҳамда тасарруф этиш ёки активларини ва амалга ошираётган фаолиятини бошқариш ҳамда назорат қилишга доир ҳуқуқларини чекламаслиги;
хусусий шерик ёки хусусий шерик жалб этган учинчи шахслар томонидан амалга оширилаётган фаолиятга аралашмаслиги;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ва битимда назарда тутилган жавобгарликни зиммасига олиши шарт.
Хусусий шерик:
давлат шеригидан давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган ва эркин фойдаланиладиган ахборотни олишга;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларини ўзгартириш тўғрисида таклифлар киритишга;
давлат шеригининг айби билан давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича юзага келган зарарларнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли.
Хусусий шерик:
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва битим талабларига риоя этиши;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ва битимда назарда тутилган жавобгарликни зиммасига олиши шарт.
Хусусий шерик давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўзига берилган ер участкасини бошқа юридик ва жисмоний шахсларга ўтказишга ҳақли эмас.
4-боб. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ташаббус қилиш ва тайёрлаш
15-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ташаббус қилиш
Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси давлат органи (ташкилоти) (бундан буён матнда давлат ташаббускори деб юритилади) ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркор ёхуд юридик шахс (бундан буён матнда хусусий ташаббускор деб юритилади) томонидан ташаббус қилиниши мумкин.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ташаббус қилиш:
давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини ишлаб
чиқишни;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини баҳолаш, келишиш ва тасдиқлаш учун тегишли давлат органига юборишни;
ваколатли давлат органи томонидан давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини кўриб чиқишни;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини ваколатли давлат органи томонидан маъқуллашни, рад этишни ёки маромига етказиш учун қайтаришни;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг келишиб олинган концепциясининг давлат шериги ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланишини;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини ваколатли давлат органи томонидан Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестрига киритишни ўз ичига олади.
16-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини давлат ташаббускори томонидан тайёрлаш
Давлат ташаббускори давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини, қоида тариқасида, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг ўз ваколати соҳасига кирувчи устувор йўналишлари бўйича ишлаб чиқади.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг оқилоналиги ва самарадорлигини ҳамда бу лойиҳани амалга ошириш мақсадида унинг мақбул шаклини аниқлашни таъминловчи дастлабки молиявий ҳисоб-китоблар асосида, хусусан:
давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг молиявий-иқтисодий самарадорлиги кўрсаткичлари;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ хусусий шерик томонидан лойиҳалаштирилаётган, барпо этилаётган, молиялаштирилаётган, реконструкция қилинаётган, фойдаланилаётган ёки хизмат кўрсатилаётган давлат-хусусий шериклик объектининг таркиби ва параметрлари;
хусусий шерикнинг кутилаётган инвестициялари ҳажми ва Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларидан тахмин қилинаётган молиялаштириш ҳажми;
давлат шеригининг ва хусусий шерикнинг мажбуриятлари;
хусусий шерикка кўрсатиладиган давлат кўмагининг турлари;
музокаралар ўтказиш муддатлари;
давлат-хусусий шериклик объектидан фойдаланган ҳолда тақдим этиладиган товарлардан (ишлардан, хизматлардан) фойдаланиш шартлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.
Аҳолининг, товарларни (ишларни, хизматларни) истеъмол қилувчиларнинг, улардан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиш мақсадида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш жамоатчилик муҳокамалари билан бирга олиб борилиши керак.
17-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини хусусий ташаббускор томонидан тайёрлаш
Хусусий ташаббускор давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини ишлаб чиқишга ва потенциал давлат шеригига тақдим этишга ҳақли. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси мавжуд муаммоларни ҳал қилишга доир инновацион ёндашувни ўз ичига олиши ва тарафлар учун мақбул бўлган мутаносиб нафни таъминлаши керак.
Хусусий ташаббускор давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тақдим этишдан олдин дастлабки муҳокама ўтказиши, шунингдек потенциал давлат шериги билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида ахборот алмашиши мумкин.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини олган потенциал давлат шериги унинг амалга оширилишини маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида ўттиз календарь кун ичида қарор қабул қилади.
Хусусий ташаббускорнинг умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепцияси маъқулланган тақдирда, потенциал давлат шериги ушбу концепцияни ваколатли давлат органига келишиш учун юборади.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
хусусий ташаббускорнинг талабгорларга нисбатан қўйиладиган, ушбу Қонунда белгиланган талабларга мос келмаганлиги;
потенциал давлат шеригида давлат-хусусий шериклик объектига нисбатан хўжалик юритиш ҳуқуқининг ёки оператив бошқарув ҳуқуқининг мавжуд эмаслиги;
давлат-хусусий шериклик объектини лойиҳалаштириш, қуриш, барпо этиш, молиялаштириш, реконструкция қилиш, ундан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш заруриятининг мавжуд эмаслиги;
лойиҳани амалга оширишнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслиги ва (ёки) бунга ижтимоий эҳтиёжнинг мавжуд эмаслиги.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси тасдиқланган тақдирда, потенциал давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини ҳамда бошқа талабгорларга давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилишидан манфаатдорлиги тўғрисида маълум қилиш таклифини ўзининг расмий веб-сайтида, ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида ва бошқа махсус веб-сайтларда беш календарь кун ичида эълон қилади.
Агар давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси эълон қилинган пайтдан эътиборан қирқ беш календарь кун ичида потенциал давлат шеригига бирор-бир якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан ўзининг манфаатдорлигини маълум қилмаса, потенциал давлат шериги ушбу Қонуннинг 25-моддасига мувофиқ давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш ҳақида қарор қабул қилади ва хусусий ташаббускор билан музокараларни ўтказишга киришади, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини ваколатли давлат органи билан келишади ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳаси ваколатли давлат органи билан келишиб олинган кундан эътиборан олтмиш кун ичида хусусий ташаббускор билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида тендер ўтказмаган ҳолда битим тузади.
Агар бирор-бир якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан ўзининг манфаатдорлигини маълум қилса, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун хусусий шерикни аниқлаш тендер асосида амалга оширилади.
Хусусий ташаббускорга давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни давлат-хусусий шериклик лойиҳаси умумий қийматининг бир фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда тендернинг ғолиби ёки захирадаги ғолиби ҳисобидан қопланиши мумкин.
18-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тасдиқлаш
Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларига қадар бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тасдиқлаш тегишли давлат органи (ташкилоти) томонидан мустақил равишда амалга оширилади.
Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ ва ўн миллион АҚШ долларига қадар бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тасдиқлаш тегишли давлат органи (ташкилоти) томонидан ваколатли давлат органи билан келишувга кўра амалга оширилади.
Умумий қиймати ўн миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси тасдиқланганидан ва у Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестрига киритилганидан кейин давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш тўғрисида ўттиз календарь кун ичида қарор қабул қилади.
19-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестри
Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестри амалга оширилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни ва ахборотни ўз ичига олган ягона ахборот тизимидир.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестри Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириладиган, ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ахборот ресурсидир.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестри ваколатли давлат органи томонидан юритилади.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестрини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
20-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тўғрисидаги ахборот
Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тўғрисидаги, шу жумладан уларнинг концепцияси, хусусий шерикларни танлаб олиш шартлари ва мезонлари ҳақидаги ахборот, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг асосий қоидалари, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнлари ҳақидаги маълумотлар давлат шеригининг ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши керак.
5-боб. Хусусий шерикни танлаш
21-модда. Давлат хусусий-шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқи учун тендер
Давлат шериги тендер ёки тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича аниқланадиган хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузади.
Тендерлар бир босқичли ёки икки босқичли бўлиши мумкин.
Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларига қадар бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича бир босқичли тендер ўтказилади.
Бир босқичли тендерни ўтказиш чоғида тендер иштирокчиларининг тендер ҳужжатларида кўрсатилган концептуал қарорлар ва шартлар асосида батафсил техникавий таклиф ва тижорат (молиявий) таклифи, баҳоси (тарифи) албатта кўрсатилган ҳолда ишлаб чиқилган буюртмалари (таклифлари) кўриб чиқилади ҳамда баҳоланади. Тендерни ташкил этиш жараёнида талабгорлар билан тендер предметининг параметрлари бўйича музокаралар ўтказишга йўл қўйилади.
Бир босқичли тендерни ўтказиш тартиб-таомили қуйидагиларни ўз ичига олади:
тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонни оммавий ахборот воситаларида ҳамда давлат шеригининг ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш;
тендерда иштирок этиш учун талабгорлардан расмий буюртмалар ва тендер буюртмаларини (таклифларини) олиш;
тендер ҳужжатлари тўпламини тақдим этиш;
талабгорларнинг тендер буюртмалари (таклифлари) солинган конвертларни очиш;
тендер буюртмаларини (таклифларини) баҳолаш;
тендернинг ғолибини ва захирадаги ғолибини аниқлаш;
тендер ғолиби билан музокаралар ўтказиш;
тендер ғолиби билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиш.
Тендерда иштирок этиш учун тендер буюртмаларини (таклифларини) бериш муддати тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон берилган санадан эътиборан ўттиз календарь кундан кам бўлмаслиги керак.
Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича икки босқичли тендер ўтказилади.
Икки босқичли тендер дастлабки малакани аниқлаш ва тендер ғолибини саралаш босқичларини ўз ичига олади.
Икки босқичли тендер қуйидаги тартибда ўтказилади:
биринчи босқичда буюртмалар кўриб чиқилади ҳамда тендер ҳужжатлари шартларида кўрсатилган концептуал ва техник ечимлар асосида ишлаб чиқилган тендер таклифлари баҳоланади. Талабгорлар билан тендер предметининг параметрлари бўйича музокаралар ўтказишга йўл қўйилади;
иккинчи босқичда тендер предметининг аниқлаштирилган параметрлари ҳисобга олинган, баҳо (тариф) албатта кўрсатилган ҳолда киритилган техникавий таклифларни ва тижорат (молиявий) таклифлари кўриб чиқилади ҳамда баҳоланади.
Икки босқичли тендерни ўтказиш тартиб-таомили қуйидагиларни ўз ичига олади:
тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонни оммавий ахборот воситаларида ҳамда давлат шеригининг ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш;
талабгорлардан тендерда иштирок этиш учун расмий буюртмалар олиш;
тендерда иштирок этиш учун манфаатдор шахслар доирасини белгилаш;
давлат шериги томонидан тендерда иштирок этиш учун талабгорларга дастлабки малака ҳужжатларини юбориш;
талабгорларнинг малакасини тасдиқловчи дастлабки малака буюртмаларини йиғиш ва баҳолаш;
дастлабки малакалашдан ўтган талабгорларнинг рўйхатини шакллантириш;
тендерда иштирок этиш учун давлат шериги томонидан тендер ҳужжатларини ва тендер буюртмаларини (таклифларини) тақдим этишга доир сўров юбориш;
тендерда иштирок этиш учун талабгорлар томонидан техникавий таклифларни ва тижорат (молиявий) таклифларини тақдим этиш;
тендерда иштирок этиш учун талабгорларнинг тендер буюртмалари (таклифлари) солинган конвертларни очиш;
тендер буюртмаларини (таклифларини) баҳолаш;
тендернинг ғолибини ва захирадаги ғолибини аниқлаш;
тендер ғолиби билан музокаралар ўтказиш;
тендер ғолиби билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиш.
Дастлабки малакалашда иштирок этиш учун буюртмалар йиғиш муддати тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон берилган санадан эътиборан ўттиз календарь кундан кам бўлмаслиги керак.
Дастлабки малакалашни ўтказиш учун камида иккита талабгорнинг иштирок этиши зарур.
Ғолибни танлаб олиш босқичида давлат шериги дастлабки малакалашдан ўтган талабгорларга тендер буюртмаларини (таклифларини) тақдим этиш ҳақида сўровни ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини юборади.
Тендер буюртмаларини (таклифларини) бериш учун сўнгги муддат тендер буюртмаларини (таклифларини) тақдим этишга доир сўровда кўрсатилади ва у дастлабки малакалашдан ўтган талабгорларга ушбу сўров юборилган санадан эътиборан қирқ беш кундан кам бўлмаслиги керак.
Талабгорлардан ҳеч бири биттадан ортиқ тендер буюртмасини (таклифини) тақдим этишга ҳақли эмас. Талабгор тендер комиссиясига тендер буюртмаларини (таклифларини) тақдим этиш муддати тугагунига қадар исталган вақтда тендер буюртмасини (таклифини) ўзгартириши ёки қайтариб олиши мумкин.
Тендер буюртмаларини (таклифларини) баҳолаш тендер комиссияси томонидан белгиланган муддат ичида ўтказилади. Буюртмаларни (таклифларни) баҳолаш тендер комиссияси томонидан белгиланган ҳар бир тендер мезони бўйича амалга оширилади.
Тендер иштирокчилари ёки уларнинг вакиллари тендер буюртмаларини (таклифларини) баҳолашда ҳозир бўлишга ҳақли эмас. Баҳолаш жараёнида тендер комиссияси талабгорларни тушунтиришлар бериш, улардан қўшимча маълумотларни сўраб олиш ва тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилигини тасдиқлаш учун чақириш ҳуқуқига эга. Тендер якунларини чиқариш чоғида тендер иштирокчилари ва (ёки) уларнинг ишончли шахслари иштирок этиши мумкин.
Тендер комиссияси барча талабгорларнинг тендер буюртмаларини (таклифларини) тендер таклифларининг сўрови талабларига номувофиқ деб топган тақдирда, тендерни бўлиб ўтмаган деб топади ва такрорий тендерни эълон қилишга ҳақли. Такрорий тендер уни ўтказиш тартиб-таомилида белгиланган тартибда ўтказилади.
Тендер комиссияси тендер ғолиби тўғрисидаги ахборотни давлат шеригининг ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларида эълон қилади.
Талабгорларнинг тендерда иштирок этиши муносабати билан қилган харажатларининг ўрни қопланмайди, бундан ушбу Қонуннинг 17-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
22-модда. Тендер ҳужжатлари
Давлат шериги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқи учун тендер ўтказишни тартибга солувчи тендер ҳужжатларини тайёрлайди, ваколатли давлат органи билан келишади, тасдиқлайди.
Тендер ҳужжатларида қуйидагилар акс эттирилиши керак:
талабгорларнинг малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларга доир талаблар;
давлат-хусусий шериклик объектининг жойлашган ери;
давлат-хусусий шериклик объектининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари;
давлат-хусусий шериклик объектини лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, реконструкция қилиш, ундан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш муддатлари;
давлат-хусусий шериклик объекти ёки хусусий шерик томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатининг кўрсаткичлари ёки унга доир энг кам талаблар;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бажариш мақсадида давлат шериги томонидан хусусий шерикка бериладиган молиялаштириш ҳажми, мол-мулкнинг ёки мулкий ҳуқуқларнинг рўйхати;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари ўз зиммасига олаётган хавф-хатарлар;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг параметрлари акс эттирилиши керак бўлган валюта ва уларни таққослаш ва баҳолаш мақсадида ягона валютага келтириш учун ҳисоб-китобларда фойдаланиладиган валютанинг курси;
тендер мезонларининг тавсифи;
тендер буюртмаси (таклифи) бериладиган тилга доир талаблар;
тендер буюртмасининг (таклифининг) мазмуни, тендер буюртмаларини (таклифларини) бериш ва уларнинг амал қилиш усули, жойи, муддатлари;
тендер буюртмасига (таклифига) доир таъминот киритиш шартлари;
тендер буюртмалари (таклифлари) солинган конвертларни очиш тартиб-таомиллари, жойи, санаси ва вақти.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳаси тендер ҳужжатларининг ажралмас қисмидир.
Давлат шериги ваколатли давлат органи билан келишувга кўра тендер ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга ҳақлидир. Давлат шериги тендер ҳужжатларига ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш календарь кундан кечиктирмай барча талабгорларни тендер ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар ҳақида хабардор қилиши шарт. Бунда талабгорлар тендер буюртмаларида (таклифларида) ушбу ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчаларни ҳисобга олиши учун тендер буюртмаларини (таклифларини) тақдим этишнинг сўнгги муддати давлат шериги томонидан ўттиз календарь кундан кам бўлмаган муддатга узайтирилади.
23-модда. Тендер мезонлари
Тендер мезонлари аниқ бўлиши ва унда камситувчи қоидалар бўлмаслиги керак.
Талабгор давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдириш учун тендерда иштирок этганда қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлиши керак:
ҳуқуқ лаёқатига эга бўлиши;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга доир мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган молиявий ва (ёки) моддий, техник ресурсларга ва (ёки) малакали меҳнат ресурсларига эга бўлиши;
мавжудлиги манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган асосларга эга бўлмаслиги.
Кайта ташкил этилиш, тугатилиш ва (ёки) банкротлик босқичида бўлган талабгорларнинг тендерда иштирок этишига йўл қўйилмайди.
Тендер ғолибини танлаб олиш босқичида фойдаланиладиган мезонларда қуйидагилар назарда тутилади:
давлат шериги ва хусусий шерик томонидан амалга ошириладиган тўловларнинг ҳажми;
энг юқори нархлар ва тарифлар;
хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бажариш учун жалб этиладиган маблағлари ҳажми;
хусусий шерикни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми ва турлари;
давлат-хусусий шериклик объектини лойиҳалаштириш ва (ёки) қуриш, барпо этиш, реконструкция қилиш, модернизациялаш, ундан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш муддати;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг техник ва технологик афзалликлари, функционал ва инновацион тавсифлари.
24-модда. Тендер комиссияси
Давлат шериги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишувга кўра давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқи бўйича тендер ғолибини аниқлаш учун тендер комиссиясини шакллантиради.
Тендер комиссияси таркибига давлат шеригининг, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ва ваколатли давлат органининг вакиллари мажбурий тартибда киритилади.
Давлат шеригининг вакили тендер комиссияси раисидир. Ваколатли давлат органининг вакили тендер комиссияси таркибида маслаҳат овози билан иштирок этади.
Тендер комиссияси аъзоларининг сони тоқ бўлиши керак.
Тендер комиссияси, агар мажлисда унинг аъзолари умумий сонининг камида етмиш беш фоизи ҳозир бўлса, қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига
эга, бунда тендер комиссиясининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади.
Тендер комиссиясининг қарорлари тендер комиссиясининг овоз берган аъзолари умумий сонининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда тендер комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Тендер комиссияси ўз мажлисларининг баённомаларини юритади, баённомалар унинг мажлисларда ҳозир бўлганбарча аъзолари томонидан имзоланади.
Тендер комиссияси аъзосида мажлисга чиқарилган масалалар юзасидан манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган тақдирда, у ўз номзодини қайтариб олишини билдириши ва ушбу масала бўйича овоз беришда иштирок этмаслиги керак, бу ҳақда баённомада қайд этилади.
25-модда. Тўғридан-тўғри музокаралар
Тарафлар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни давлат шеригининг қарорига мувофиқ қуйидаги ҳолларда тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш асосида тендер ўтказмасдан тузиши мумкин:
давлатнинг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлашда;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг зарурий шарти ҳисобланган интеллектуал фаолият натижаларига доир мутлақ ҳуқуқлар, бошқа мутлақ ҳуқуқлар, ер участкаси, бошқа кўчмас мол-мулк объекти ва ўзга мол-мулк муайян шахсга тегишли бўлганда;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари билан белгиланган ҳолларда.
6-боб. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим
26-модда. Тендер ғолиби билан давлат-хусусий шериклик
тўғрисида битим тузиш
Давлат шериги тендер ҳужжатларида баён этилган шартлар, муддатлар ва тартиб-таомилларга мувофиқ тендер ғолиби билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузади.
Агар тендер ғолиби тендер ҳужжатларида назарда тутилган муддат тугаганидан кейин давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзоламаса ёки тендер комиссияси томонидан тендер ғолиби тақдим этган ахборотнинг ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланган тақдирда, тендер комиссияси уни дисквалификация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ва тендернинг захирадаги ғолибини ғолиб деб топади ҳамда унга тендер ғолибини дисквалификация қилиш ҳақида қарор қабул қилинган санадан эътиборан ўн календарь кун ичида ғолиб шартлари асосида давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузишни таклиф этади. Тендер комиссияси томонидан тендернинг захирадаги
ғолибига давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиш ҳақидаги таклиф юборилган санадан эътиборан ўттиз календарь кун ичида ундан ижобий жавоб олинмаган тақдирда, тендер комиссияси тендерни бўлиб ўтмаган деб топади ва такрорий тендер эълон қилади.
27-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг
асосий шартлари
Давлат-хусусийшериклик тўғрисидаги битим ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда ва шартларда давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида тузилган ҳужжатдир.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари ҳақидаги;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг предмети ҳақидаги;
тарафларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги тўғрисидаги;
давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида хавф-хатарларнинг тақсимланиши ҳақидаги;
давлат-хусусий шериклик объектининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ бошқа ўтказилган ёки лойиҳалаштирилиши, қурилиши, барпо этилиши, молиялаштирилиши, реконструкция қилиниши, ундан фойдаланилиши ва унга хизмат кўрсатилиши лозим бўлган давлат-хусусий шериклик объектларининг тавсифи, улардан фойдаланиш мақсадлари ва муддатлари тўғрисидаги;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаси билан боғлиқ бўлган ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) муддатлари ва тартиби ҳақидаги;
тарафларнинг тегишли инфратузилмага нисбатан ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича ҳуқуқларини тақсимлаш тўғрисидаги, шунингдек уларни бошқа шахсга ўтказиш тартиби ҳақидаги;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун талаб этиладиган ер участкаларини бериш тартиби ва тартиб-таомили тўғрисидаги, ер участкаларига тааллуқли бошқа шартлар ҳақидаги;
хусусий шерик томонидан бериладиган товарларга, бажариладиган ишларга, кўрсатиладиган хизматларга доир нархларни, тарифларни белгилаш ва уларни ўзгартириш шартлари тўғрисидаги;
тарафларнинг ўз мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш усуллари, миқдорлари ва муддатлари ҳақидаги;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг муддати, бу муддатни белгилаш тартиби ҳақидаги;
ҳақ тўлаш, эркин фойдаланилиш учун тўлов, фойдаланганлик учун тўлов, хусусий шерикнинг давлат шеригига тўловининг ва (ёки) бошқа тўловларнинг шакллари, миқдорлари, муддатлари, шартлари, уларни тўлаш тартиби, шу жумладан давлат-хусусий шериклик лойиҳаси амалга оширилиши муносабати билан даромадларнинг тақсимланиши ҳақидаги;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби ҳақидаги;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тугатиш асослари, тартиби ва шартлари, муддатидан олдин тугатилганлик учун тўлов миқдори ва тартиби ҳақидаги;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилишини мониторинг ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги;
суғурта қилиш бўйича мажбуриятлар ҳақидаги;
лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича мажбуриятлар тўғрисидаги;
тарафларнинг давлат-хусусий шериклик ҳақидаги битимга доир мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлиги тўғрисидаги;
низоларни ҳал этиш тартиби ҳақидаги;
Ўзбекистон Республикасида ходимларни ишга олиш ва меҳнатдан фойдаланишга нисбатан қўлланиладиганшартлар тўғрисидаги;
ишонтиришлар ва кафолатлар ҳақидаги;
хусусий шерикнинг улушларига эгалик қилишга нисбатан талаблар ва хусусий шерикнинг ҳамда унинг аффилланган шахсларининг мол-мулкига нисбатан бошқа мулкий ҳуқуқлар тўғрисидаги;
махфийлик ҳақидаги;
атамалар ва уларга доир тушунтиришлар тўғрисидаги.
28-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати уч йилдан кам бўлмаслиги ва қирқ тўққиз йилдан ошмаслиги керак.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тарафлари битимнинг амал қилиш муддатини давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган ҳолларда ва шартлар асосида, ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатлар доирасида узайтириш ёки қисқартириш ҳақида келишиб олиши мумкин.
29-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни ўзгартириш, тўлдириш ёки бекор қилиш асослари
Агар қонун ҳужжатларида ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тарафларнинг келишувига кўра ёхуд суднинг қарорига биноан ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Тарафлардан бирининг талабига биноан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим фақат қуйидаги ҳолларда суднинг қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:
бошқа тараф давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни жиддий равишда бузган тақдирда;
қонун ҳужжатларида ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Тарафлардан бирининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бузиши бошқа тараф учун у давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш чоғида мўлжаллашга ҳақли бўлган нарсадан сезиларли даражада маҳрум бўладиган тарзда зарар етказилишига сабаб бўладиган бузилиш давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг жиддий бузилиши деб эътироф этилади.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бажариш тўлиқ ёки қисман бир томонлама тарзда рад этилган тақдирда, бундай рад этишга қонунда ёки битимда йўл қўйилса, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бекор қилинган деб ҳисобланади.
30-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун жалб қилинган мол-мулк
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим давлат шеригининг давлат-хусусий шериклик объектини ташкил этувчи мол-мулкни ва (ёки) давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа мол-мулкни хусусий шерикка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш учун ўтказиш мажбуриятини назарда тутиши мумкин. Бундай ўтказиш давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим асосида амалга оширилади. Бундай ўтказиш учун қўшимча шартномаларни ёки битимларни имзолаш талаб этилмайди.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг мулк ҳуқуқига эга бўлган тарафлари бундай ҳуқуқларни, шу жумладан ер участкаларининг, бошқа кўчмас, шунингдек кўчар мол-мулкнинг ва номоддий активларнинг ижарасига бўлган ҳуқуқни, уларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ҳуқуқини давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган доирада, бошқа мулкий ҳуқуқлар билан бир қаторда бир-бирига бериш ҳуқуқига эга бўлиши керак.
31-модда. Ер участкаларини бериш
Давлат-хусусий шериклик объекти жойлашган ва (ёки) давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган ер участкаси хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланадиган муддатга берилади.
Ер участкаси хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун шартнома асосида танлов ўтказмасдан берилади.
Давлат шериги томонидан хусусий шерикка ер участкасини ёки унга бўлган ҳуқуқларни беришга доир мажбуриятнинг бажарилмаганлиги хусусий шерик томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бир томонлама бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тугатилиши давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун берилган ер участкасига нисбатан шартномавий муносабатларни тугатиш учун асос бўлади.
32-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тарафларининг мулкий жавобгарлиги
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари ўз мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун қонунга мувофиқ мулкий жавобгар бўлади.
Тарафлардан бири давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, бошқа тараф етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга бўлади.
33-модда. Давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқини ўтказиш тартиби
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида лойиҳалаштирилган, барпо этилган, молиялаштирилган, реконструкция қилинган, фойдаланилаётган ва хизмат кўрсатилаётган давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқларини давлат шеригига ёки Ўзбекистон Республикасининг давлат активларини бошқариш органига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ хусусий шерикка ўтказиш тартибини белгилайди.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқларини ўтказиш пайти, хусусан:
давлат-хусусий шериклик объекти фойдаланишга топширилган пайт;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати тугалланган пайт;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган бошқа вақт кўрсатилиши керак.
7-боб. Хусусий шерик ва кредиторнинг манфаатларини ҳимоя қилиш
34-модда. Хусусий шерик ҳуқуқларининг кафолатлари
Агар Ўзбекистон Республикасининг кейинги қонун ҳужжатлари давлат-хусусий шериклик объектига инвестиция киритиш шартларини ёмонлаштирса, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузилган санадан эътиборан ўн йил мобайнида хусусий шерикка нисбатан битимни тузиш санасида амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилади.
Хусусий шерик Ўзбекистон Республикаси янги қонун ҳужжатларининг давлат-хусусий шериклик объектига инвестиция киритиш шартларини яхшилайдиган қоидаларини ўз хоҳишига кўра қўллаш ҳуқуқига эгадир.
35-модда. Кредиторнинг манфаатларини ҳимоя қилиш
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кредитор ҳуқуқларининг кафолатларини таъминловчи қоидалар, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда кредиторларга тўланадиган компенсациянинг миқдорлари назарда тутилиши мумкин.
Хусусий шерик ўз кредиторларига таъминотнинг ҳар қандай турини ёки шаклини тақдим этиши, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ва ушбу битимни бажариш учун тузилган битимлар бўйича ўз ҳуқуқларини, давлат-хусусий шериклик лойиҳаси таркибига кирувчи ҳуқуқларни, активларни, акциялар гаровини, ҳуқуқларнинг гаровини ёки бу ҳуқуқлардан ўзганинг фойдасига воз кечишини, мазкур битим бўйича ўзига тегишли бўлган фойдани ва суммаларни бериши мумкин.
Кредитор ва давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан хусусий шерикни ёки унинг раҳбариятини давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган шартларга мувофиқ четлаштиришга ҳамда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган шартларга мувофиқ уни янги хусусий шерикка алмаштиришга ёки унинг раҳбариятини алмаштиришга ҳақли.
Янги хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ ишларни якунлаш ва (ёки) хизматлар кўрсатиш учун зарур бўлган талабларга жавоб бериши керак. Хусусий шерик янги хусусий шерикка алмаштирилган тақдирда тендер ўтказилмайди.
8-боб. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилиши соҳасида мониторинг ва ҳисобдорлик
36-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилиши юзасидан мониторинг
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда битим тарафларининг давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилиши тўғрисидаги ахборотни алмашишга тааллуқли мажбуриятлари назарда тутилади.
Ваколатли давлат органи давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бажарилишининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига риоя этилиши нуқтаи назаридан мониторингини амалга оширади. Хусусий шерик мониторингни амалга ошириш мақсадлари учун давлат-хусусий шериклик объектларига кирилишини ва тегишли ҳужжатлардан фойдаланилишини таъминлаши шарт.
37-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳисобдорлик
Давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботни ваколатли давлат органига давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари томонидан имзоланган ҳолда ҳар олти ойда тақдим этади.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиш тартиби ва унинг шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
9-боб. Давлат-хусусий шерикликни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш механизмлари
38-модда. Давлат-хусусий шерикликни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш турлари
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим доирасида хусусий шерикларга қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш турлари тақдим этилиши мумкин:
субсидиялар, шу жумладан хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан оладиган, кафолатланган энг кам даромадини таъминлашга йўналтириладиган субсидиялар;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган активлар ва мол-мулк тарзидаги қўйилмалар;
давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида ишлаб чиқарилган ёки етказиб берилган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) муайян миқдорини ёки бир қисмини истеъмол қилганлик ёки улардан фойдаланганлик учун тўловга йўналтириладиган Ўзбекистон Республикаси бюджетлари тизимининг бюджет маблағлари;
бюджет ссудаларини, қарзларини, грантларини, кредит линияларини ва молиялаштиришнинг бошқа турларини бериш;
Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари;
солиқ имтиёзлари ва бошқа имтиёзлар;
бошқа кафолатлар ва (ёки) компенсациялар.
39-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича тўловлар
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда фойдаланганлик учун тўловлар, эркин фойдаланилиш учун тўловлар ва бошқа тўловлар назарда тутилиши мумкин.
Эркин фойдаланилиш учун тўловларга ажратиладиган бюджет маблағлари, бошқа тўловлар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг бутун амал қилиши давомида тегишли бюджетнинг харажатлар қисмида ҳар йили назарда тутилади.
Хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ давлат шеригига тўловларни қуйидагича амалга ошириши мумкин:
даврий асосда тўланадиган, қатъий сумма тарзида;
бир йўла тўлов тарзида;
хусусий шерикнинг фаолиятидан келадиган ўзига тегишли бўлган ҳар қандай даромаднинг муайян қисми тарзида.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда тўловларнинг ҳар хил турлари биргаликда назарда тутилиши мумкин.
10-боб. Якунловчи қоидалар
40-модда. Низоларни ҳал этиш
Давлат-хусусий шериклик соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
41-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
42-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ваколатли давлат органи ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
43-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
44-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. Мирзиёев