07.11.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларини чорвачиликка ихтисослаштириш, ушбу ҳудудларда замонавий чорвачилик комплексларини ишга тушириш, яйлов ва пичанзорлардан самарали фойдаланиш ҳисобига аҳолининг чорвачилик маҳсулотлари, айниқса, гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш даражасини яхшилаш ҳамда даромадини ошириш мақсадида:
1. Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликни жадал ривожлантириш бўйича комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қуйидагилар Комиссиянинг (М.Т.Ерниязов) асосий вазифалари этиб белгилансин:
чорвачиликни ривожлантириш борасидаги тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, чорвачилик соҳасига аҳолини кенг жалб қилиш, уларнинг чорвачилик билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
чорвачилик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган лойиҳа ташаббускорларини, шу жумладан, потенциал инвесторларни аниқлаш ва уларнинг ишини ташкилий жиҳатдан таъминлаш;
қўшилган қиймат занжирини яратиш мақсадида чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва қайта ишловчилари ўртасида кооперацияни йўлга қўйишга, чорвачилик соҳасида илмий ёндашувлар ва илғор замонавий технологияларнинг кенг жорий этилишига кўмаклашиш;
наслли чорва моллари ва технологияларни етказиб берувчилар тўғрисида маълумотлар тўплаш, лойиҳа ташаббускорларининг улар билан ўзаро самарали алоқаларини йўлга қўйишларида кўмаклашиш;
лойиҳа ташаббускорларининг кредит ресурслари ва ерга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш ҳамда уларга зарур кредит маблағи ва ер майдони ажратилишида амалий ёрдам кўрсатиш;
чорвачилик соҳасини жадал ривожлантириш бўйича давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда ишларни ташкил қилиш.
2. Белгилаб қўйилсинки:
а) Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларида йирик ва майда шохли наслли чорва молларини саноат усулида, шунингдек, яйлов ва пичанзорларда ҳайдаб боқиш, чорва моллари учун озуқа ишлаб чиқариш, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлашга доир лойиҳаларни амалга ошириш учун лойиҳа ташаббускорларига:
чорва молларини саноат усулида боқиш учун суғориладиган ерлар ҳамда уларни ҳайдаб боқиш учун пичанзор ва яйловлар, шунингдек, чорвачилик комплекслари, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш, омухта ем ишлаб чиқариш мақсадида бино ва иншоотлар қуриш учун, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер участкаси бўлмаган тақдирда, унумдорлиги паст суғориладиган ер участкалари, истисно тариқасида, танлов ва аукцион ўтказмасдан Комиссиянинг тавсиясига асосан ажратиб берилади;
ажратиладиган ер участкалари ҳажми уларнинг ҳосилдорлик даражасига ва ташкил этиладиган чорва бош сонига қараб Комиссия тавсиясига асосан белгиланади;
истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги ПФ–5780-сон Фармонига мувофиқ Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан бир вақтнинг ўзида компенсация билан биргаликда кафиллик ҳам берилади;
қорамолларнинг гўшт йўналишидаги Абердин-ангус, Герефорд, Санта-гертруда, Қозоқ оқбош, майда шохли молларнинг қоракўл, жайдари, романов, дорпер зотларидан фойдаланиш тавсия этилади;
б) фойдаланишга киритиладиган ерларга фақат озуқа экинлари жойлаштирилади;
в) туманлар ҳокимлари янгидан фойдаланишга киритиладиган ер майдонларининг фақат озуқа экинлари экиш учун ажратиб берилишига, озуқа учун экинларнинг тўлиқ экилишига ва уларнинг агротехникасига, шунингдек, етиштириладиган ҳосилнинг чорвачилик хўжаликлари ва аҳолига тизимли етказиб берилишига шахсан жавобгар ҳисобланади;
г) яйловлар чорвачилигида наслчилик ишларини ташкил этиш наслдорлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлган, идентификация қилинган ва зоти бўйича районлаштирилган наслли буқаларнинг музлатилган уруғларидан сунъий уруғлантириш орқали амалга оширилади.
3. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликни ривожлантиришга оид лойиҳаларга:
АТ Халқ банки томонидан 2019-2020 йилларда хорижий молия институтлари кредит линиялари ҳисобидан 75 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар;
Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги томонидан 2020 йилда Осиё тараққиёт банки иштирокида чорвачилик соҳаси самарадорлиги, даромади ва рақобатбардошлигини таъминлаш, шунингдек, маҳсулотларининг халқаро сифат стандартларини жорий этиш мақсадида амалга оширилаётган “Чорвачилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишни ривожлантириш” лойиҳасининг 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 октябрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4498-сон қарорига мувофиқ 2020 йилда ваколатли банклар томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 291,6 миллиард сўм, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида 75 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилади.
4. Қуйидагилар:
а) Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ;
б) Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларида:
фойдаланилмаётган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш билан боғлиқ чора-тадбирлар 3-иловага мувофиқ;
суғориш каналларини тозалаш ҳисобига қўшимча ер майдонларини ўзлаштириш билан боғлиқ чора-тадбирлар 4-иловага мувофиқ;
пичанзор ва яйлов ерларида чорва молларини суғоришни ташкил этиш учун янгидан қазиладиган қудуқлар сони ҳамда дислокацияси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бунда қудуқларни қазиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан, қолган қисми эса Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджети даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан молиялаштирилади.
5. Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликни ривожлантириш, шу жумладан, чорва маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш, шунингдек, соҳа мутахассислари малакасини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларига илмий ишланмаларни жорий этишда чорвадорларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Қорақалпоғистон чорвадорлари уюшмаси ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Қорақалпоғистон чорвадорлари уюшмасига:
тадбиркорлик субъектларини чорвачилик билан шуғулланишга қизиқтириш, уларни чорвачилик соҳасида билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун ўқитиш, шунингдек, бу жараёнга хорижий мамлакатлардан малакали мутахассисларни жалб қилиш;
чорвачилик соҳасига оид семинар, анжуман, ярмарка ва кўргазмалар ташкил қилиш, шунингдек, маҳаллий чорвадорларнинг хорижий мамлакатларда ўтказиладиган ярмарка ва кўргазмаларда иштирокини таъминлаш;
қўшилган қиймат занжирини яратиш мақсадида чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва қайта ишловчилари ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш;
халқаро сифат стандартларини жорий қилиш ва чорвачилик маҳсулотларини экспорт қилиш ишларини ташкил этиш бўйича яқиндан амалий ёрдам кўрсатсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси чорва молларини ер ости суви билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 2020 йилда қўмитага ажратиладиган маблағлар ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси учун 3 та қудуқ бурғулаш ускунасини харид қилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда лойиҳа ташаббускорларига ажратилаётган ер участкаларида уларнинг мурожаатига асосан ер остидан сув чиқариш учун суғориш тик қудуқлари бурғулаш жойларини аниқласин ҳамда уларни хабардор қилсин.
Бунда тик суғориш қудуқларидан фойдаланиш фақат сув ўлчаш асбобларини ўрнатиш ва сув тежовчи технологияларни қўллаш орқали амалга оширилади.
8. Суғориш тик қудуқларини бурғулаш учун Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мазкур қудуқларни бурғулаш лойиҳаларига экологик экспертиза хулосаси ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси гидрогеологик хулоса берилишини таъминласин.
9. Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Нукус филиали қошида Ветеринария техникуми ташкил этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Нукус филиалини ҳамда унинг қошида ташкил этилаётган Ветеринария техникумини жойлаштириш учун Нукус қурилиш коллежи бино-иншоотларининг асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан биргаликда ажратилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали бакалавриатининг 2020/21-2022/23 ўқув йилларига кундузги таълим шакли учун давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларига таклифларни шакллантиришда Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларида камида 5 йил ишлаб бериш шарти билан тегишли таълим йўналишлари юзасидан Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманлари бўйича давлат гранти асосида алоҳида мақсадли қабул кўрсаткичларини назарда тутсин.
11. 2020 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасида қорамолларда учрайдиган тейлериоз касаллигининг олдини олиш бўйича эмлаш тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин.
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг чўл яйлов ўсимликлари уруғчилигини ташкил қилиш учун Тахтакўпир туманида Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси “Ўзбекчорванасл” агентлиги тизимидаги Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази Тахтакўпир тумани филиалига қўшимча штат бирликларини ажратиш ҳамда филиални сақлаш учун зарур маблағларни 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида назарда тутсин.
13. Озуқабоп экинлар навларининг бошланғич уруғчилигини йўлга қўйиш мақсадида Тахтакўпир туманидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказига суғориладиган ерлардан камида 200 гектар ҳамда Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш марказига яйлов ерлардан камида 200 гектар ер майдонлари 6-иловага мувофиқ ажратиб берилсин.
14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши:
а) Комиссия (М.Т.Ерниязов) билан биргаликда:
2019 йил 1 декабрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларида йирик ва майда шохли наслли чорва молларини саноат усулида, шунингдек, яйлов ва пичанзорларда ҳайдаб боқиш, чорва моллари учун озуқа ишлаб чиқариш, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлашга доир лойиҳаларни амалга ошириш истагида бўлган лойиҳа ташаббускорларини аниқлаб, лойиҳалар рўйхатини тасдиқласин;
2019 йил 10 декабрга қадар лойиҳаларни молиялаштириш, қурилиш ва озуқа майдони учун ер ажратиш, уларни ўз муддатида ишга тушириш тадбирларини амалга оширишни таъминлашга қаратилган тармоқ жадвалларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда лойиҳалар бўйича тармоқ жадваллари ижросини тизимли равишда муҳокама қилиб борсин ҳамда мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш чораларини кўрсин;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармасига Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг даромадлар ошириб бажарилган қисми ҳисобидан чорвачилик йўналишида янги иш ўринларини яратиш мақсадида 2019 йилда 2 миллиард сўм ва 2020 йилда 5 миллиард сўм ажратсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бир ой муддатда:
барқарор эпизоотик ҳолатни сақлаш ва касаллик чиққан жойга тезкорлик билан етиб боришни таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасини Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан тиббий-ветеринария жиҳозлари мавжуд автотранспорт воситаси билан таъминласин;
Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг мавжуд штат бирликлари доирасида иккита ветеринар врач штатидан иборат мобиль гуруҳ ташкил қилсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда 2020-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ер майдонларини хатловдан ўтказсин ва мавжуд яйловларда геоботаник тадқиқот ишларини олиб борсин ҳамда натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги билан биргаликда замонавий чорвачилик комплексларини қуриш, шунингдек, наслли чорва моллари, қишлоқ хўжалиги техникалари, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналарини сотиб олиш лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредит линияларини тўғридан-тўғри жалб этиш чораларини кўрсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев