13.11.2019
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 ноябрь куни чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва ипакчилик тармоқларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 октябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжат доирасида замонавий ёндашув асосида соҳа модернизацияси бошланди. Шунингдек, 7 ноябрь куни Президентнинг “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
– Ҳудудларимиз салоҳиятидан тўғри фойдаланиб, қаерга нима экиш, қайси чорва турини етиштириш, қўшилган қиймат занжирини яратиш орқали бозорларимизда гўшт, сут ва тухум маҳсулотларини кўпайтириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва даромадни ошириш бўйича, афсуски, самарали тизим мавжуд, деб айта олмаймиз, – деди йиғилиш аввалида Шавкат Мирзиёев.
Мамлакатимизда чорва озуқасига бўлган талаб 120 миллион тоннани ташкил этади, аммо ўтган йилда атиги 47 миллион тонна озуқа ишлаб чиқарилиб, эҳтиёж 40 фоизга қондирилган.
Бутун дунёда чорвани озиқлантиришда асосан силос ва омухта ем ишлатилади. Янгийўл туманида такрорий экин сифатида маккажўхорининг интенсив навидан гектарига 50-60 тонна силос олинганда унинг 1 килограмми таннархи бор-йўғи 150 сўмни ташкил этган. Ваҳоланки, 1 кг шелуханинг бозордаги нархи 2 минг сўмдан ошади. Яъни, шрот-шелухага нисбатан 10 баравар арзон озуқани бемалол чорвадорларнинг ўзи етиштирса бўлади.
Чорва учун озуқа навли буғдойдан гектарига 100 центнергача ҳосил олиш мумкин. Бироқ, жойларда озуқа-емга бўлган дефицитни қоплаш чораларини кўриш ўрнига озуқабоп экин ерларидан самарасиз ва мақсадсиз фойдаланиш ҳоллари танқид қилинди.
– Сирдарёда 16 минг гектар, Тошкент вилоятида 8,5 минг гектар экин майдони ғалладан кейин бўш турганини қандай изоҳлаш мумкин? – дея савол билан мурожаат қилди Президент.
Шу йилнинг ўтган 10 ойида хориждан қарийб 100 миллион долларлик зотли ва гўшт учун қорамол импорт қилинди. Шунинг учун, қўшимча озуқа базасини яратиш мақсадида чорвадорларга ер бериш, тўғри экин турларини экиш борасида топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, паррандачиликда ҳам шунга ўхшаш муаммолар мавжуд. Мисол учун, озуқанинг 70-75 фоизи импорт ҳисобига таъминланиб, жорий йилнинг 10 ойида 80 миллион долларга 160 минг тонна соя ва кунгабоқар шроти, 14 миллион долларга 80 минг тонна маккажўхори импорт қилинди. Тармоқ корхоналарига бу йил озуқа учун 137 минг гектар ўрнига амалда 5 минг гектар ер берилган, холос.
Чорвачилик соҳасида мамлакатимизда сақланиб келаётган долзарб муаммолардан бири – наслчилик.
Қайд этиш жоизки, маҳаллий чорва моллари 20 минг сўмлик озуқа-ем билан кунига 900 грамм тирик вазн олса (500 грамм гўшт), зотли моллар 1 килограмм 600 грамм (900 грамм гўшт) вазн олади.
Қорамолларнинг 94 фоизи, қўй ва эчкиларнинг 84 фоизи, парранданинг 58 фоизи аҳоли хонадонларида боқилади. Айни пайтда, мавжуд қорамолларнинг бор-йўғи 34 фоизи зотлидир. Айниқса, бу кўрсаткич Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё вилоятларида 26 фоиз, Хоразмда 28 фоиз, Қашқадарёда 31, Самарқандда 33 фоизни ташкил этади.
Қўйчиликда эса фақат қоракўл қўйларнинг насли 30 фоизга яхшиланишига эришилди, холос.
Бундан ташқари, маҳаллий бир бош сигирдан соғиб олинадиган сут йилига 2,5 тоннадан ошмаяпти. Ҳар бири 2-3 минг доллардан импорт қилинган наслли сигирлар 35-40 литр сут бериши лозим бўлса-да, чорвадорларга бундай жонзотларни парвариш қилиш сир-асрорлари ўргатилмагани боис маҳсулдорлик ўртача 25 литрдан ошмаяпти.
Чорванинг тўғри рационини ишлаб чиқиш, замонавий ветеринария хизмати кўрсатиш бўйича мутахассислар етарли эмас. Оқибатда фермерларимиз чет элдан ветеринар ва зооинженерлар жалб қилиб, уларга 3-4 минг доллардан ойлик тўлашга мажбур бўлмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, технология асосида чорвани сўйиш тизимли йўлга қўйилмагани терининг сифати бузилишига олиб келяпти, бундан эса чарм-пойабзал саноати ҳам зарар кўрмоқда. Мисол учун, Ўзбекистон бўйича замонавий қушхоналар сони 49 тага етади, жумладан, Андижон вилоятида битта, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғонада иккитадан, Хоразмда учта ташкил этилган. Мавжудлари ҳам 30-40 фоиз қувватларда ишлаяпти, чунки аҳоли қушхонага боришдан манфаатдор эмас.
Чорвачиликнинг қисқа муддатда юқори самара берадиган йўналишлари, хусусан, паррандачалик, балиқчилик, қуёнчиликни ривожлантиришда муаммолар талайгина.
Жумладан, бугунги кунда 38 минг гектар сунъий сув ҳавзаларининг атиги 460 гектарида (1 фоиз) интенсив балиқчилик ташкил этилган. Бунинг асосий сабаби – интенсив усулда етиштирилган балиқнинг таннархи оддий усулда етиштирилгандан 2 баравар қиммат. Шунинг учун тадбиркорлар оддий усул билан кифояланмоқда. Ҳолбуки, бу усулда балиқ етиштириш 1 гектарига 2-3 тоннадан ошмаса, интенсив шаклда 100 тоннагача маҳсулот олса бўлади.
Давлатимиз раҳбари лосось, осётр, форель каби тансиқ балиқларни интенсив усулда етиштириш бўйича топшириқлар берди. Улар, айниқса тоғолди ҳудудларда замонавий технологиялар қўллаган ҳолда парваришланса, ҳатто экспорт ҳам қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Видеоселектор йиғилишида қуёнчилик билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди. Маълумки, ушбу жонзотнинг териси ҳам, гўшти ҳам юқори баҳога эга.
Ҳисоб-китобларга кўра, наслли қуённи табиий усулда бир йилда 4 марта (6-8 та бола), саноат усулида эса 7 мартагача (8-10 та) кўпайтириш мумкин. Айни пайтда, Ўзбекистонда бугунга келиб 1 минг 250 та қуёнчилик фермаси мавжуд бўлиб, саноат усулида 500 минг бош қуён боқилади, холос.
Юқоридаги муаммоларни комплекс ва тизимли ҳал этиш, чорвачилик тармоқларини изчил ривожлантириш учун Президент Шавкат Мирзиёев қатор вазифалар қўйди.
Жумладан, Андижон вилоятида амалга оширилаётган тажриба асосида юртимизнинг аҳоли зич ҳудудларида мутлақо янги тизим жорий қилинади. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ажратиладиган кредитлар асосида сут-гўшт қайта ишловчи корхона аҳолига кооперация асосида 5 бошгача наслли қорамол етказиб беради, уни қандай парвариш қилишга ўргатади. Корхона наслли қорамолнинг мунтазам ветеринария назоратини, белгиланган рацион асосида озуқаланишини ҳамда ундан олинаётган сутни бозор нархида сотиб олинишини таъминлайди.
Бу тизимнинг афзаллиги шундаки, аҳоли қорамолга эга бўлади, сутни бозор нархида сотади, бу билан қорамол кредитини тўлайди ҳамда туғилган бузоқлар ҳисобига хўжалик кўпайиб бораверади. Қуёнчиликда ҳам ушбу тажрибани жорий этиш мумкин.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат кўмитаси, Халқ банки ҳамда Микрокредитбанкка вилоят ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда Андижон, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Хоразмда мазкур тизимни йўлга қўйиш вазифаси юкланди.
Ундан ташқари, Қорақалпоғистон тажрибаси асосида чорва кооперацияларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Яъни, имкониятдан келиб чиқиб, 30 дан 100 бошгача қорамолдан иборат оилавий чорва фермалари ташкил қилинади. Кооперация ушбу тузилмаларни озуқа-ем, ветеринария хизматлари ва агротехника билан таъминлайди.
Мазкур тажрибанинг афзаллиги шундаки, оилавий фермалар қаердан ем ва техника олиш, маҳсулотни кимга ўтказиш ҳақида бош қотирмайди. Бу ишлар билан кооперация шуғулланади.
Юқорида зикр этилган ташкилотлар ва ҳокимликларга Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё, Навоий, Бухоро вилоятларида камида иккитадан шундай чорва кооперацияларини ташкил этиш топшириғи берилди.
Шунингдек, Тошкент вилояти тажрибаси асосида ғаллачилик кластерлари ташкил этиш орқали 2-5 минг бош қорамолдан иборат йирик фермалар фаолиятини йўлга қўйиш лозимлиги қайд этилди.
Бунда, кенгайиш истагини билдирган ва камида 500 бош қорамоли мавжуд фермерларга ҳар 1 минг бош учун 300-400 гектардан ер бериш орқали ғаллачилик кластерлари ташкил этилади.
Ушбу тизим шуниси билан жозибадорки, йирик кластерлар буғдойни қайта ишлаш орқали омухта ем ишлаб чиқариш ҳамда ғалладан бўшаган ерларда такрорий экин сифатида озуқабоп экинларни етиштириб, ўзи силос ишлаб чиқариш имконига эга бўлади.
Қатор идора ва ташкилотларга бир ой ичида ҳар бир талабгорнинг таклифларини кўриб чиқиб, амалга ошириш чораларини белгилаш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, чорвачиликни озуқа-ем билан таъминлашда пахта кластерлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарур. Чунки бу тузилмаларда ер, кучли озуқа, ишчи кучи, техника ва молиявий имкониятлар етарли. Шунинг учун барча пахта кластерларига 5 минг бошдан кам бўлмаган йирик шохли қорамол комплекслари ташкил этиш топшириғи берилди.
Озуқа-ем ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун эса Навоий тажрибасини барча ҳудудларда кенг жорий этиш лозимлиги билдирилди.
Хусусан, Хатирчи туманида тажриба тариқасида 530 гектар яйловни сув тежовчи технологиялар жорий қилиш орқали ерларни ўзлаштириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида яйловда интенсив суғориш орқали 1 гектар ердан яшил массада 80 тонна маккажўхори етиштирилган.
Қорақалпоғистонда, Навоий, Бухоро, Қашқадарё вилоятларида минглаб гектар бундай яйловлар мавжуд. Шунинг учун мутасаддиларга мазкур ҳудудларда камида 10 минг гектар яйловларда озуқабоп экинларни етиштириш бўйича “манзилли дастур” амалга ошириш кераклиги таъкидланди.
Чорвачиликда насл юқори маҳсулдорликнинг биринчи омилидир. Шу боис ҳар бир ҳудудда сунъий уруғлантириш пунктларини ташкил этиш, кейинги йил якунигача аҳоли ихтиёридаги 70 фоиз сигирларни сунъий уруғлантириб, 2025 йилга қадар 60 фоиз чорва молларининг наслини яхшилаш чора-тадбирлари белгиланди.
Шунингдек, фермерлар ва аҳолига чорвани яхши боқишни ўргатиш, Самарқанд ветеринария институти ва унинг Тошкент филиали негизида Чорвадорлар амалий ўқув марказини ташкил этиб, амалий ва масофавий семинарлар ўтишни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда маҳсулот таннархини камайтириш ва соҳа рақобатбардошлигини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Келгуси йилдан чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик тармоқларини субсидия бериш орқали қўллаб-қувватлаш кўзда тутилмоқда. Дунё тажрибасидан келиб чиқиб, субсидия етиштирилган тайёр маҳсулотлар ҳажмига мувофиқ равишда берилади.
Ветеринария, карантин, стандартлаштириш, санитария-эпидемиология хизматларининг изчил ҳамкорлигини таъминлаш, халқаро тажриба асосида чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг тўлиқ занжирини яратиш ҳамда уни назорат қилиш тартиб-таомилларини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Ишлаб чиқарувчиларга ички бозорда муносиб шароит яратиб бериш, чорва маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги 90 та деҳқон бозорида паррандачилик корхоналарининг биронта савдо шохобчаси йўқлиги кўрсатиб ўтилди. Балиқчилик корхоналарининг Сирдарё бозорларида 2 та, Сурхондарёда 3 та, Навоийда 4 та, Фарғонада 9 та савдо нуқталари бор, холос.
Йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини сифатли таъминлаш учун ҳафтанинг ҳар жумаси “Чорвачилик куни” деб эълон қилинди. Топшириқлар ижросини мувофиқлаштириб бориш ва чорвадорларга кўмаклашишга масъул Республика кенгаши тузилди.
Видеоселекторда озиқ-овқат хавфсизлигидан ташқари ипакчилик саноатини ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Пиллачилик жуда қисқа муддатда – 30-35 кунда экспортбоп маҳсулот олса бўладиган тармоқ. Дунёда 20 дан ортиқ пилла етиштирувчи мамлакат бўлса, Ўзбекистон Хитой ва Ҳиндистондан кейинги ўринда туради. Лекин юртимизнинг жаҳон бозоридаги улуши – атиги 2,5 фоиз.
Охирги икки йилдаги саъй-ҳаракатлар натижасида, хусусан, йилига тўрт марта ипак қурти боқиш ҳисобига пилла ҳосили 19 минг тоннага етказилди.
Йиғилишда бу тармоқдаги бозор конъюнктураси таҳлил қилинар экан, мамлакатимизда катта имкониятлар борлиги таъкидланди. Бундан самарали фойдаланилса, яқин йилларда йиллик экспорт ҳажмини камида 500 миллион долларга етказиш мумкин.
Айни пайтда, тармоқда қатор муаммолар бор. Жумладан, тутзорларнинг 6 минг гектари яроқсиз аҳволда. Яна 37 минг гектарда ҳосилдорлик 30 фоизга ҳам етмайди. Юқори озуқавий навлар тутзорлар ва якка қатор тутларнинг бор-йўғи 5-6 фоизини ташкил этади. Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш ўз вақтида сифатли амалга оширилмаётгани боис озуқа базаси йўқотилмоқда.
Ипак қурти уруғининг 80 фоизи импорт қилинган. Юртимизда супер-элита ипак уруғи яратадиган ягона муассаса – Ипакчилик илмий-тадқиқот институтининг моддий-техника базаси эскирган.
Шулардан келиб чиқиб, 2022 йил якунига қадар 20 минг гектар янги тутзорлар барпо этиш ҳамда 10 минг гектар эскирган тутзорларни янгилаш режалаштирилган.
Бунинг учун мавжуд тутзорлар оилавий пудрат асосида аҳолига 1 гектардан 3 гектаргача бўлиб берилади. Пиллачилик кластерлари томонидан тутзорларни янгилаш учун тут кўчатлари ва мавсумда ипак қурти уруғи тарқатилади. Пилладан олинадиган даромад билан бир қаторда, тутзорлар орасига экиладиган қўшимча экинлар ҳам тўлиғича аҳоли ихтиёрида қолади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, вилоят ҳокимлари ва тегишли идоралар раҳбарларига тутзорлар ташкил этиш учун ер ажратиш, эскиларини янгилаш, сув тежовчи технологияларни қўллаш бўйича топшириқлар берилди. Келгуси йили пилла етиштириш ҳажмини 21 минг тоннага, 2025 йилгача эса 30 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.
Супер-элита ва элита уруғларини тўлиқ юртимизда тайёрлаш, бунинг учун уруғчилик станцияларини қўллаб-қувватлаш, тутларни кимёвий ва биологик усулларда ҳимоялаш, жойларда янги иш ўринлари яратиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Яна бир масала – юртимизда пилла ва ипакни экпертизадан ўтказиш ва сифатини аниқлаш бўйича лабораториялар йўқ. Ҳозирда бунинг учун маҳсулот хорижга жўнатилаётгани боис корхоналар қўшимча харажат қиляпти. Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси қошида замонавий лаборатория ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарлар ва ҳокимларнинг ҳисобот ва таклифлари эшитилди.