30.08.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Мамлакатда амалга оширилаётган мавжуд илмий-технологик йўналишларни кенгайтириш ва талаб юқори бўлган янги йўналишларни яратишга қаратилган фаол инвестиция сиёсати, шунингдек, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган дастурий чора-тадбирлар инновациялар, нано-технологиялар, атом энергетикаси, космик саноат каби ҳали фойдаланилмаган юқори илмий ҳажмдор, технологик ва кенг кўламли фаолият йўналишларидан фойдаланишни талаб этади.
Ўзбекистон Республикасида машинасозлик соҳасида космик тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш учун зарур бўлган муҳим илмий-техник, синов-ишлаб чиқариш, тажриба-изланиш салоҳияти, етарли интеллектуал ва касбга доир ресурслар, муайян базавий космик инфратузилма мавжуд.
Шу билан бирга, мамлакатда қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, телекоммуникация, геология-қидирув, картография, метеорология, сейсмология ва шаҳарсозлик соҳаларининг самарадорлигини ошириш имконига эга бўлган ерни масофадан туриб зондлаш, йўлдош алоқа, навигация тизимлари каби космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида фаолият деярли амалга оширилмаяпти.
Мамлакатнинг янада барқарор ривожланиши, жумладан, иқтисодиётнинг турли соҳаларида инновацион космик технологиялардан фойдаланиш орқали мавжуд илмий-техник салоҳиятни самарали амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (кейинги ўринларда – “Ўзбеккосмос” агентлиги) ташкил этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармасининг Йўлдош алоқа технологиялари бошқармаси тугатилсин ва унинг бўшайдиган 5 та штат бирлиги “Ўзбеккосмос” агентлигига ўтказилсин.
Белгилансинки:
“Ўзбеккосмос” агентлиги космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи ҳисобланади;
“Ўзбеккосмос” агентлиги ходимларининг чекланган сони 37 та штат бирлигини ташкил этади;
“Ўзбеккосмос” агентлиги бош директори, бош директор ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
“Ўзбеккосмос” агентлиги бош директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига, бош директор ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади;
“Ўзбеккосмос” агентлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
3. Қуйидагилар “Ўзбеккосмос” агентлигининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни ривожлантиришнинг давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
космик фаолият, космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
космик фаолият соҳасининг лозим даражада ривожланиши, соҳага тегишли ва у билан боғлиқ ишлар, хизмат кўрсатишнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида космик фаолият соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
космик тармоқ инфратузилмаси, космик тадқиқотлар ва технологиялар, илмий-изланиш, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишларни ривожлантириш бўйичакомплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
космик фаолиятнинг барча йўналишлари бўйича кадрларни, жумладан, етакчи хорижий олий таълим муассасаларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;
стратосфера ва бошқа учувчисиз учиш аппаратлари, шунингдек, ерни масофадан туриб зондлаш ва йўлдошли алоқа космик аппаратларини қўллаган ҳолда давлат органларига масалаларни ҳал этиш самарадорлигини оширишда кўмаклашиш;
космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;
хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни космик фаолият соҳасига, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жалб қилиш мақсадида манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда халқаро молия институтлари, донор-мамлакатлар, компаниялар ва банклар билан ҳамкорликни ривожлантириш;
космик ва йўлдош технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий тижорат тузилмалари, ишлаб чиқарувчилар ва молия ресурсларининг кенг жалб этилишини таъминлаш;
космик фаолиятнинг айрим йўналишлари тижоратлаштирилишини рағбатлантириш.
4. “Ўзбеккосмос” агентлиги ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Фанлар академияси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасидаги халқаро экспертларни ўз таркибига киритган Илмий-техник ва эксперт кенгаши ташкил этилсин.
Белгилансинки, космик тармоқни ривожлантиришнинг стратегик масалалари бўйича қарорлар қабул қилиш “Ўзбеккосмос” агентлигининг Илмий-техник ва эксперт кенгаши хулосалари асосида амалга оширилади.
5. 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
7. “Ўзбеккосмос” агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
2019 йил 1 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикасининг “Космик фаолият тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.
2020 йил 1 июлга қадар 2020-2030 йиллар давомида Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни ривожлантириш давлат дастури (кейинги ўринларда – Дастур) лойиҳасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Дастур лойиҳасини ишлаб чиқишда қуйидаги масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилсин:
Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича яхлит кўришни ишлаб чиқиш ва стратегик вазифаларни самарали ҳал қилиш;
саноат ва экологик хавфсизликнинг юқори даражасини таъминловчи замонавий илғор технологияларни қўллаган ҳолда космик тармоқ ва тегишли инфратузилма объектларини қуриш;
олий таълим муассасаларида ҳамда ўқув марказларида космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳаси мутахассисларини тайёрлашни ташкил этиш.
8. “Ўзбеккосмос” агентлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда космик фаолиятни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ва грантларни жалб қилиш мақсадида Дастур доирасидаги лойиҳа таклифлари паспортини Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига келгусида халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорлар билан кўриб чиқиш учун тақдим этсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев