30.09.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим-тарбия бериш сифатини янги босқичга кўтариш, кўп йиллар давомида ўзининг фидокорона хизматлари билан таълим самарадорлигини оширишга ҳисса қўшиб келаётган болалар мусиқа ва санъат мактаблари раҳбар ва педагог ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг ижодий маҳорати ва меҳнатини муносиб рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг болалар мусиқа ва санъат мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкаларини 2019 йил 1 октябрдан:
директор ва директор ўринбосарлари учун – 1,5 бараварга;
ўқитувчилар ва концертмейстерлар учун – 1,25 бараварга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
а) болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқув-тарбия жараёнини тубдан яхшилаш мақсадида илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида:
таълим сифатини баҳолашнинг замонавий тизимини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишни назарда тутган ҳолда ўқув режа ва дастурларни қайта кўриб чиқсин ҳамда тасдиқласин;
б) болалар мусиқа ва санъат мактаблари:
раҳбар ходимлари лавозимига номзодларни танлов асосида саралаш амалиётини жорий қилиш ва уларни рағбатлантиришни кучайтириш;
раҳбар ходимларининг масофадан туриб малакасини ошириш тизимини самарали ташкил этиш ва қамровини кенгайтириш;
ўқитувчилари ва концертмейстерларига нисбатан малака талаблари, улар фаолиятини баҳолаш тизими ҳамда таълимнинг мазмун ва сифатига қўйилган давлат талабларини такомиллаштириш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун талаб этиладиган зарур маблағларни 2019 йил учун ажратсин ҳамда 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида назарда тутсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев