11.07.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги ПФ-5763-сон “Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими соҳасида замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва чет тилларини чуқур ўзлаштирган кадрларни тайёрлашнинг юқори даражаси ва сифатини таъминлаш;
идоравий мансублигидан қатъий назар барча олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўқув-педагогик ва илмий-услубий раҳбарликни амалга ошириш, мутахассислар тайёрлаш сифати, таълим мазмуни ва даражасининг давлат таълим стандартлари ва малака талабларига мослигини таъминлаш;
таълимнинг янги педагогик технологиялари ва ўқитиш услубларини жорий этишнинг халқаро амалиётга мувофиқ таълим жараёнини ташкил этиш, ўқув режалари ва фан дастурларини такомиллаштириш, ўқитишнинг замонавий шакллари ва ахборот-коммуникация технология воситаларини жорий этган ҳолда ўқув жараёнини сифат жиҳатидан янгилаш;
иқтисодиёт тармоқлари, фан ва ижтимоий соҳани ривожлантириш эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда таълим йўналишлари ва мутахассисликларини оптималлаштириш, ишлаб чиқариш ва бошқа корхоналарда талабалар амалиётини ташкил этиш;
олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг маънавий-ахлоқий мазмунини кучайтириш, ёшларни мустақиллик ғояларига садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, инсонпарварлик ва юксак маънавий ғоялар асосида ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёт ғоя ва мафкураларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш;
олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишларини самарали ташкил этиш, тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, олий таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларига иқтидорли ёшларни кенг жалб этиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
таълим муассасаларини зиммасига юкланган вазифаларни юқори профессионал даражада бажаришга қодир раҳбар ва педагог кадрлар билан таъминлаш, уларни тизимли рағбатлантириш чораларини кўриш;
олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш ва такомиллаштириш, уларнинг касбий маҳорати сифати ва даражасини мунтазам ошириб бориши учун шароитлар яратиш, хорижий давлатларда малака ошириш ва стажировка ўташни ташкил этиш;
замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали талабалар, ўқитувчилар ва ёш тадқиқотчиларнинг жаҳон таълим ресурслари, илмий адабиётлар электрон каталоги ва маълумотлар базасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ҳамкорликдаги қўшма олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурларини амалга ошириш, соҳада эришилган ютуқларни халқаро миқёсда кенг ёритиш;
иш берувчиларнинг эҳтиёжлари ва таклифлари, илғор хорижий тажриба, иқтисодиётнинг реал секторидаги таркибий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда касб-ҳунар коллежларида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш учун ўқув режалари ва дастурлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш;
ўқув ва илмий лаборатория базаларини модернизация қилиш, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, спорт-соғломлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази (кейинги ўринларда – Марказ) тугатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази ҳузуридаги Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти негизида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази ҳузуридаги Метрологик назорат хизмати негизида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўқув устахоналари, техник регламентлар ва метрологик назорат хизмати;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари негизидаЎзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази ташкил этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) марказий аппарати тузилмасига олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ёшлар, маънавият ва маърифат масалалари бўйича ўринбосарилавозими киритилсин.
5. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги марказий аппаратининг бошқарув ходимлари умумий чекланган сони 119 нафардан иборат бўлган тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармасининг намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими сифатиниошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирига:
Вазирлик марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари, шунингдек, идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар тузилмасига белгиланган штатлар сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ёки қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, таълим муассасалари, ишлаб чиқариш ташкилотлари, шунингдек, халқаро ва хорижий компаниялар юқори малакали мутахассис ва экспертларини консультант сифатида ишга жалб этиш, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва бошқа тўловлари миқдорларини шартнома асосида мустақил белгилаш ҳуқуқи берилсин.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) олий таълим муассасаларининг тузилмалари тегишли олий таълим муассасалари ректорлари (маҳаллий олий таълим муассасалари филиаллари директорлари) томонидан олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда тасдиқланади;
б) давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган олий таълим муассасасининг ректори (хорижий олий таълим муассасаси филиалининг маҳаллий ректори ёки директори, ижрочи директори) бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбарининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолдаВазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
в) давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган олий таълим муассасасининг проректорлари (маҳаллий олий таълим муассасасининг филиали директори, унинг ўринбосарлари, хорижий олий таълим муассасаси директори ўринбосарлари) олий таълим муассасаси ректорининг тавсиясига асосан бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, бунда:
ўқув ишлари бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги;
ёшлар билан ишлаш бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) лавозимига номзод Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши;
илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилади;
г) олий таълим муассасалари:
ҳузуридаги илмий-тадқиқот муассасалари, малака ошириш ва қайта тайёрлаш муассасалари раҳбарлари, академик лицейлар директорлари, бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда олий таълим муассасасинингректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
факультет деканлари олий таълим муассасасининг ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
д) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, шунингдек, Вазирликка идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
е) касб-ҳунар таълими муассасалари:
директорлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
директорининг ўринбосарлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда касб-ҳунар таълими муассасалари директори томонидан, шунингдек, академик лицей директори ўринбосарлари олий таълим муассасаси ректори билан келишилган ҳолда академик лицей директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
8. Вазирлик, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг 2020 йилдан бошлаб таълим хизматлари бозорида олий таълим муассасаларининг айрим бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига талаб юқорилиги ва молиявий барқарорлигини инобатга олиб, уларни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тартибини 2019 йил 1 сентябрга қадар ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасаларига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
а) юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини ошириш мақсадида ходимларга устамалар ва моддий рағбатлантиришнинг бошқа турлари миқдорларини мустақил белгилаш;
б) иқтидорли, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан бўлган талабаларни моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш;
в) сақлаш харажатлари, вазифа ва мажбуриятларни бажариш, ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий этиш ҳамда ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, дастурий таъминотлар, замонавий ахборот-коммуникация воситалари, ўқув ва илмий лабораториялар ҳамда сарфланадиган лаборатория материалларини (реактивлар, кимёвий идиш, бутловчи, биологик материаллар ва бошқа объектлар), шу жумладан, китоблар, журналлар, ўқув адабиётлари харид қилиш ва чоп эттириш учун маблағларни мустақил сарфлаш;
г) олий таълим муассасаси инфратузилмасига сервис хизматлари кўрсатишнинг алоҳида турлари, жумладан, бино ва иншоотлар, талабалар турар жойлари, спорт объектларидан фойдаланиш, уларни тозалаш, таъмирлаш, компьютер техникаси ва телекоммуникация тармоқларини сақлаш ва юридик хизматлар кўрсатишни аутсорсинг шартларида ташкил этиш;
д) бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда:
олий таълим муассасасининг илмий-педагогик салоҳияти, унинг моддий-техник базаси имкониятларини инобатга олиб, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш;
олий таълим муассасасини ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш миқдоридан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Вазирлик ҳамда тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар бир олий таълим муассасасининг йўналиши ва хусусиятидан келиб чиққан ҳолда уларнинг жиҳозланиши алоҳида ёндашувни талаб этаётганлигини инобатга олиб, Инвестиция дастурлари доирасида ўқув-лаборатория ускуналари, ахборот-коммуникация воситалари ва бошқа техникалар билан жиҳозлаш учун ажратиладиган маблағларни тўғридан-тўғри олий таълим муассасаларига молиялаштириш орқали улар томонидан ўрнатилган тартибда харидлар амалга оширилишини таъминласин.
11. Белгилансинки:
а) тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун контракт тўловларини амалга ошириш муддатлари олий таълим муассасаси ректори (маҳаллий олий таълим муассасасининг филиали директори) томонидан узайтирилади;
б) маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви доирасида амалга оширилаётган қўшма таълим дастурлари, жумладан, қўшма факультетларда:
талабаларни қабул қилиш тартиби, тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати ҳамда маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари ҳамкор хорижий олий таълим муассасалари билан келишув асосида;
ўқишга қабул қилиш параметрлари, таълим йўналишлари ва мутахассисликларини тасдиқлаш ҳамкор хорижий олий таълим муассасалари, бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда олий таълим муассасаси томонидан амалга оширилади;
в) талаба-ёшлар ўртасида спорт мусобақаларини кенг оммалаштириш ва ривожлантириш мақсадида олий таълим муассасалари спорт клубларини сақлаш, спорт мусобақалари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ўтказиш ҳамда иштирокчиларни кийим-кечак билан таъминлашни молиялаштириш олий таълим муассасаларининг тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
12. 2022 йил 1 январга қадар:
олий таълим муассасалари томонидан ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича ўқитишнинг тўлов-контракт шаклидан тушган маблағлар доирасида олий таълим муассасалари ва улар ҳузуридаги илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини таъминлаш учун олиб келинадиган китоблар, журналлар, ўқув адабиётлари, дастурий таъминотлар, замонавий ахборот-коммуникация воситалари, ўқув ва илмий лабораториялар ҳамда сарфланадиган лаборатория материаллари (реактивлар, кимёвий идиш, бутловчи, биологик материаллар ва бошқа объектлар) божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);
Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим муассасалари билан ўзаро келишув бўйича қўшма дастурлар (факультетлар ва академик дастурлар) ҳамда филиаллар (марказлар) шаклида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйган чет эл олий таълим муассасалари уларнинг Ўзбекистон Республикасида амалга ошираётган олий таълим фаолияти доирасида олинган даромадлари бўйича барча турдаги солиқлар, шунингдек, чет эллик ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди қисми бўйича ягона ижтимоий тўлов тўлашдан озод этилсин.
13. Вазирлик:
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тўғрисидаги низомни Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев