07.06.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Кейинги йилларда автомобилда юкларни халқаро ташиш соҳасида хорижий давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш масалаларини тартибга солиш, миллий ташувчиларнинг катта юк автотранспорт воситалари паркини янгилаш ва модернизация қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва транспорт хизматлари халқаро бозорида уларнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга йўналтирилган салмоқли чора-тадбирлар кўрилди.
Шу билан бирга республиканинг ўсиб бораётган экспорт салоҳияти
ва экспорт қилинадиган маҳсулотлар қийматида транспорт харажатларини мақбуллаштириш зарурати катта юк автотранспорт воситалари парки қувватини ошириш, маҳаллий ташувчилар фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилишини талаб этади.
Миллий ташувчиларнинг катта юк автотранспорт воситалари паркини янада янгилаш ва модернизация қилиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, ички ва ташқи бозорларда уларнинг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ташқи савдо фаолиятини транспорт-логистик таъминлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2019-2021 йиллар даврида автомобилда халқаро юк ташиш учун фойдаланиладиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасидан автомобиль транспортида юкларни халқаро ташийдиган тадбиркорлик субъектларига қуйидагиларни беришни назарда тутувчи маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган катта юк автотранспорт воситалари, тиркамалар ва ярим тиркамаларни сотиб олишда миллий ташувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартибини жорий этиш:
тижорат банкларининг жалб этиладиган кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга, миллий валютадаги кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 25 фоизи миқдорида, бироқ 5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда, хорижий валютадаги кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 40 фоизи, бироқ 3 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда компенсация бериш;
тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 2 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда кафиллик бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019-2021йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига ушбу бандда кўрсатилган мақсадлар учун зарур маблағларнинг босқичма-босқич ажратилишини таъминласин.
2. Белгилансинки:
ишлаб чиқарилган пайтидан бошлаб 4 йилдан ортиқ муддат ўтмаган катта юк автотранспорт воситалари, шунингдек, ишлаб чиқарилган пайтидан бошлаб 6 йилдан ортиқ муддат ўтмаган тиркамалар ва ярим тиркамалар тижорат банклари томонидан уларни кредитга сотиб олишда ҳар икки томоннинг розилиги билан гаров таъминоти сифатида қабул қилиниши мумкин;
солиқ солиш мақсадида йўл қўйилиши мумкин бўлган юқори массаси 12 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари (самосваллардан ташқари), ўтиргичли тягач (шатак), шунингдек, максимал массаси 10 тоннадан ортиқ бўлган тиркамалар ва ярим тиркамаларнинг йиллик чекланган амортизация нормаси 10 фоизни ташкил этади;
миллий ташувчиларга сотиш учун катта юк автотранспорт воситалари, тиркамалар ва ярим тиркамаларни импорт қилиш техник топшириқларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКда мажбурий экспертиза қилмасдан ва рўйхатдан ўтказмасдан амалга оширилади.
3. Белгилансинки, битта автотранспорт воситаси ҳисобига юк ташиш бўйича хизматлар экспортидан бир йилда 20 000 АҚШ долларидан ортиқ тушум олган миллий ташувчиларга уларнинг аризаси бўйича халқаро ташишларда фойдаланиладиган ҳар бир автотранспорт воситасига чораклар бўйича тақсимланган рухсатномалар сони доирасида халқаро автомобилда ташишга аниқ бир давлатнинг 2 та рухсатномаси берилади.
Бунда, ташувчи томонидан олдинги ҳисобот йилида халқаро автомобилда ташишга олинган хорижий ва (ёки) кўп томонлама рухсатномалар сонининг камида 70 фоизидан фойдаланиш ушбу норма қўлланишининг мажбурий шарти ҳисобланади.
4. Хорижий ва (ёки) кўп томонлама рухсатнома берилганлиги учун йиғим миқдори рухсатнома берилган санада Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоб-китоб миқдорининг тўртдан биригачапасайтирилсин.
5. Миллий ташувчиларга (резидентларга):
а) норезидентлардан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида нақд хорижий валютани транспорт экспедицияси шартномалари (юкларни ташиш) бўйича ҳақ тўлаш ҳисобига олишга, олинган суммани Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида очилган ўзининг хорижий валютадаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобрақамларига ўтказишга рухсат берилсин. Бунда, халқаро товар-транспорт юк хати халқаро ташишлар бажарилганлигининг тасдиғи ҳисобланади;
б) юкларни халқаро автомобилда ташийдиган ҳайдовчиларга хизмат сафарида, шу жумладан, йўлда бўлган вақтда улар томонидан турар жой ижараси ва суткалик харажатларни ҳар бир сутка учунтасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этмасдан умумий тўлов шаклида:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган вақт учун – белгиланган базавий ҳисоб-китоб миқдорининг 50 фоизигача;
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлган вақт учун – 60 АҚШ долларигача бўлган миқдорда қоплашга рухсат берилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Транспорт вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда 2019-2021 йиллар даврида ишлаб чиқарилган пайтидан бошлаб 4 йилдан ортиқ муддат ўтмаган маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган катта юк автотранспорт воситалари, тиркамалар ва ярим тиркамаларни, шу жумладан, лизинг асосида сотиб олишни молиялаштириш учун ҳар йили хорижий молиявий институтларнинг камида 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги узоқ муддатли кредит ресурсларини жалб этиш чора-тадбирларини кўрсин.
7. “JV MAN – Auto Uzbekistan” МЧЖ ҚК ва “MAN Truck and Bus AG” (Германия) компанияси ўртасида:
мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ўтиргичли тягач (шатак)ларнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш мақсадида улар қийматини оптималлаштириш доирасида автотранспорт воситаларини ишлаб чиқариш учун Германия томонидан бутловчи буюмлар ва узелларга 10 фоиз миқдорида чегирма берилиши;
ишлаб чиқарилган пайтидан бошлаб 4 йилдан ортиқ муддат ўтмаган, Европада ишлаб чиқарилган “MAN” русумли катта юк автотранспорт воситалари марказлаштирилган тартибда етказиб берилиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлақонли сервис хизмати таъминланиши тўғрисида аҳдлашувга эришилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
8. “Ўзавтосаноат” АЖнинг “JV MAN – Auto Uzbekistan” МЧЖ ҚК ва “UzAuto Trailer” томонидан ишлаб чиқарилган янги маҳсулотлар маҳсулот қийматига инфляция даражаси доирасида тузатиш киритиш имконияти билан икки йилгача муддат билан тўловни фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш шартларида сотиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспорт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига 1957 йил 30 сентябрда Женева шаҳрида имзоланган Европа хавфли юкларни йўлларда халқаро ташиш тўғрисидаги битимга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши бўйича таклиф киритсин.
10. Молия вазирлиги Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси билан биргаликда уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига миллий ташувчиларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида суғурта полисларини “Яшил харита” халқаро тизими бўйича сотиб олиш учун шарт-шароитларни назарда тутадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги икки ой муддатда Евро-3, Евро-4 ва Евро-5 стандартлари дизель ёқилғисини импорт қилиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиш учун тадбиркорлик субъектларини ва хорижий компанияларни уларнинг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилган ҳолда жалб этиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрсин.
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари халқаро автомобилда юк ташувчи миллий ташувчиларнинг буюртманомалари бўйича ҳаракатланадиган таркибни сақлаш, техник хизмат кўрсатиш ва таъминлаш учун мўлжалланган автотранспорт корхоналарини жойлаштириш ва қуриш учун фойдаланилмаётган бинолар ва ишлаб чиқариш майдонларини, шунингдек, экин экиладиган ерлардан ташқари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини белгиланган тартибда беришни таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Транспорт вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Логистика марказлари ва йўлбўйи инфратузилмаси объектларининг интеграциялаштирилган тармоғини ривожлантириш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича Тадбирлар режаси лойиҳаларини киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги:
икки ой муддатда юк ташишларнинг потенциал буюртмачиларини тизимли хабардор қилиш учун умумтарқалган электрон тизимларда фойдаланиладиган автотранспорт воситаларининг асосий тавсифлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган миллий ташувчиларнинг ягона реестри шакллантирилишини;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилишини;
олдин қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Н.С.Отажонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев