29.04.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш фаолияти самарадорлигини ошириш, хорижий инвесторларни мамлакатимиз имкониятлари ва салоҳияти тўғрисида хабардор қилиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиришни яхшилаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг қуйидагилар орқали тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишларини фаоллаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
кимё ва нефть-газ саноати, машинасозлик соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар, банк-суғурта ташкилотлари устав капиталларидаги давлат акциялар (улушлар) пакетларини сотиш;
тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш учун тайёр инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш;
инвестиция ва бизнес форумлар, тақдимотлар (“Road Show”) ва маркетинг кампаниялари имкониятларидан кенг фойдаланиш;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича устувор йўналишларни ташкил этиш.
2. Қуйидагилар:
Инвесторларга, шу жумладан, хорижий инвесторларга сотиш учун таклиф қилинадиган хўжалик жамиятларининг устав капиталларидаги давлат акциялар (улушлар) пакетлари рўйхати 1-иловага мувофиқ;
Белгиланган тартибда сотиладиган давлат активлари рўйхати 2-иловага мувофиқ;
Хорижий инвесторларга таклиф қилинадиган инвестиция таклифлари рўйхати 3-иловага мувофиқ;
2019 йилда Ўзбекистон Республикаси вакиллари иштирок этиши учун тавсия қилинадиган халқаро иқтисодий ва инвестициявий форумлар рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси (А.Н.Арипов) икки ҳафта муддатда инвесторларга сотиладиган хўжалик жамиятлари давлат акциялари (улушлари) пакетларини баҳолаш ва савдога қўйиш графикларини тасдиқласин.
Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясига хўжалик жамиятлари давлат акциялари (улушлари) пакетларини хорижий инвесторларга сотиш шартлари ва усулларига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2019 йил куз фаслида Тошкент шаҳрида Тошкент халқаро инвестиция форумини (кейинги ўринларда – Халқаро инвестиция форуми) ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
5. Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) 5-иловага мувофиқ тузилсин.
Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар режаси 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Ташкилий қўмитага (Арипов):
зарур ҳолларда, Халқаро инвестиция форумини молиявий, юридик ва ахборот жиҳатдан таъминлаш учун етакчи хорижий компанияларни жалб қилиш;
Халқаро инвестиция форуми дастури ва уни ўтказишнинг аниқ санаси, шунингдек, унга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича харажатлар сметасини тасдиқлаш;
истиқболли инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари бўйича дастлабки ТИА ва бошқа лойиҳа ҳужжатларини лойиҳа ташкилотларини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқишни таъминлаш ҳуқуқи берилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси истиқболли инвестиция лойиҳаларини Ташкилий қўмитага тақдим қилган ҳолда тадбиркорлик субъектларининг Халқаро инвестиция форумида фаол иштирок этишларини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги:
2019 йил давомида мунтазам равишда йирик халқаро бизнес ва молиявий хабларга мақсадли аудитория учун мўлжалланган тақдимотлар билан ташриф буюрган ҳолда “Road Show”дастурларини ишлаб чиқсин ва тақдим этсин;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги ПФ–5611-сон “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида инвестициявий резидентлик тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
икки ой муддатда маркетингнинг энг янги технологияларидан фойдаланиш, мамлакатнинг ягона интеграциялашган брендини яратиш ва илгари суриш ҳамда стратегик коммуникациялар бўйича халқаро маслаҳатчиларни жалб қилиш орқали халқаро бизнес аренада Ўзбекистоннинг ижобий имижини илгари суриш бўйича “Invest in Uzbekistan” – ягона, мувофиқлаштирилган ахборот кампаниясини ишлаб чиқсин.
9. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазириС.У.Умурзаков зиммасига – вазирлик ва идораларнинг Халқаро инвестиция форуми доирасида хорижий инвесторларга таклиф қилинадиган инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Х.Камилов ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари зиммасига – Халқаро инвестиция форумида қатнашиши учун потенциал инвесторлар ва хорижий мамлакатларнинг ишбилармон тузилмалари вакилларини таклиф қилиш ва уларнинг фаол иштирокини таъминлаш юзасидан;
тармоқ вазирлик ва идоралари раҳбарлари зиммасига – тегишли соҳаларда истиқболли инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ташкилий қўмитага тақдим қилиш юзасидан;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига – Халқаро инвестиция форумида тегишли ҳудудларнинг фаол иштирокини таъминлаш, унинг инвестициявий салоҳиятини тақдим қилиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
хорижий мамлакатларда “Road Show”да иштирок этадиган Ўзбекистон Республикаси делегацияси вакилларига кўмаклашсин;
Халқаро инвестиция форумининг хорижий иштирокчилари учун Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг виза талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасига кириш визалари белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштирилишини таъминласин;
Халқаро инвестиция форумининг ўтказилишини Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали кенг ёритишни таъминласин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар бир ер участкаси ва хорижий инвесторларга фойдаланишга тайёр ҳолда таклиф қилинадиган бўш турган давлат мулки объектлари, шу жумладан, махсус туристик зоналар ҳудудларида жойлашган объектлар бўйича инвестиция лойиҳалари материалларининг инглиз ва рус тилларидаги тақдимот каталогини ҳар ой тайёрласин ва киритсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда:
2019 йил 1 июлга қадар хорижий инвесторлар учун иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестициявий талаб ва потенциал лойиҳалар, зарур тақдимот материалларини тайёрласин;
2019 йил давомида мамлакатда кенг миқёсли ислоҳотларнинг амалга оширилаётганлиги, инвестиция киритиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар ва ишбилармонлик муҳитининг яхшиланганлиги тўғрисида, энг аввало, хорижий ишбилармонлар, тадбиркорлар, потенциал инвесторлар, давлат ва жамоат арбоблари орасида тарғибот ва кенг хабардор қилиш масалалари бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин;
Халқаро инвестиция форуми доирасида, амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестиция лойиҳаларининг долзарб жиҳатларига бағишланган, шу жумладан, тармоқ вазирлик ва идоралари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, мутахассислар ва тадбиркорлар, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг иштирокида брифинглар, матбуот анжуманлари, давра суҳбатларини ўтказсин;
Интернет тармоқларида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тармоқ ислоҳотлари, ҳар бир амалга ошириладиган инвестиция лойиҳасининг асосий параметрлари, лойиҳаларни амалга ошириш кафолатлари, уларнинг рақобатдаги устунликлари ва бошқалар тўғрисида батафсил ва тушунарли расмийлаштирилган ахборот ресурсларини тайёрлаш борасидаги ишларнинг мувофиқлаштирилишини таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Халқаро инвестиция форумини ўтказиш кунларида хорижий иштирокчиларнинг тегишли ҳудудларда жойлашган маданий-тарихий объектларга ташрифини юқори даражада ташкил этиш чораларини кўрсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар Халқаро инвестиция форуми ва “Road Show”ни ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси вакилларининг халқаро инвестиция ва бизнес форумларда иштирокига оид тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2019 йилда ишлаб чиқилиши лозим бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари рўйхати 7-иловага мувофиқ маъқуллансин.
Вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига мазкур қарорнинг 7-иловасида назарда тутилган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг тўлақонли бажарилиши учун зарур бўлган молиявий-иқтисодий ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги ПҚ–3953-сон қарори билан тасдиқланган Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати қуйидаги мазмундаги 31 ва 32-бандлар билан тўлдирилсин:
“31. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларига, шу жумладан, хорижий ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хусусийлаштириладиган ёки хўжалик жамиятларининг устав фондларига давлат улуши сифатида ўтказиладиган давлат активларини баҳолаш хизматлари.
32. Давлат акциялар (улушлар) пакетларини сотиш ҳамда маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида IPO (SPO) бўйича эмиссияларни жойлаштириш учун жалб қилинадиган инвестиция воситачилари, маслаҳатчилари, шу жумладан, хорижий маслаҳатчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларига кўрсатадиган хизматлари”.
17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э.М.Ғаниев ва Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев