21.06.2019
21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Маминни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик жадаллашиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Ўз навбатида, Асқар Мамин Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев ва Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг саломлари ва эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда қардош мамлакатларимиз раҳбарлари даражасидаги мунтазам учрашувлар ва ишончга асосланган мулоқот икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга хизмат қилиб, уларни аниқ амалий мазмун билан бойитгани таъкидланди.
Бугун илк бор ҳукумат раҳбарлари даражасида ўтказилган Ҳукуматлараро комиссия мажлиси савдо, инвестициялар, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм ва бошқа йўналишларда истиқболли лойиҳаларни илгари суришнинг самарали механизми экани қайд этилди.
Ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш, жумладан, Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасидаги қўшма тадбирларни ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.
Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин кўп қиррали шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва олий даражада эришилган келишувларни сўзсиз рўёбга чиқариш борасидаги интилиши қатъий эканини таъкидлади.