13.06.2019
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бишкекда БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмери ДиКарлони қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон билан БМТ институт ва муассасалари ўртасидаги Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишга қаратилган кўп қиррали шериклик истиқболлари кўриб чиқилди.
Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашнинг долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Орол фожиаси оқибатларини, жумладан, БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик Траст фонди доирасида бартараф этиш бўйича фаол саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Розмери ДиКарло самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
БМТнинг юқори мартабали вакили Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайтариш бўйича миссия муваффақиятли амалга оширилганини алоҳида қайд этди.
Учрашув якунида устувор лойиҳа ва дастурларни биргаликда илгари суриш орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасидаги интилиш қатъий экани таъкидланди.