04.04.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги йилларда республикамизнинг аграр секторини халқаро стандартларга мувофиқ ҳамда мамлакат ҳудудларининг табиий иқлим ва тупроқ шароитларига жавоб берадиган замонавий маҳаллий ва хорижий қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш бўйича фаол чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, биргина 2018 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига, биринчи навбатда, фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришни ташкил этувчилар ва кластерларга 33,7 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб берилди. Бу эса 2017 йилги кўрсаткичлар билан таққослаганда 1,5 бараварга кўп.
Амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, мавжуд қишлоқ хўжалиги техникаларининг 25 фоизидан ортиғи 15 йилдан ортиқ муддат мобайнида эксплуатация қилинмоқда, шу боис қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини сифатли ва арзон техникалар билан таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда ва давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашни тақозо этади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини сифатли қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш, шунингдек, ушбу жараёнга тижорат банкларининг молиявий маблағларини жалб этиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги корхоналарнинг қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин:
маҳаллий ғалла ўриш ва пахта териш техникаларини етказиб беришни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг (кейинги ўринларда – Жамғарма) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизидан ошмаган фоиз ставкаси бўйича ва қайтарилиш муддати харажатлар қопланиши муддатига қараб 7 йилдан 10 йилгача бўлган қарз маблағлари ҳисобига амалга оширилади ҳамда молиялаштириш ҳажми Жамғарма даромадлари ва харажатларини шакллантиришда белгиланади;
қишлоқ хўжалиги соҳасидаги корхоналарнинг ғалла ўриш ва пахта териш техникасидан ташқари, республикада ишлаб чиқарилган барча турдаги тракторлар, ғалла ва пахта сеялкалари, шунингдек, уч ёки ундан ортиқ омоч корпусларини харид қилиш учун кредит ва лизинг шартномалари бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари ва лизинг компаниялари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 10 фоизлик пункти миқдорида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда фоиз харажатларини қоплашнинг ушбу миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг ўзгаришига қараб Молия вазирлиги томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
а) 2019 йилда эксперимент тариқасида Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан пахта териш ишларига жалб қилинадиган пахта териш машиналари хизматидан фойдаланганлик учун харажатларнинг 30 фоизини қоплаб беришни таъминласин;
б) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда пахта териш машиналари хизматига ҳақ тўлаш харажатларини қоплаб бериш бўйича эксперимент натижалари асосида 2019 йил 1 декабрга қадар ушбу амалиётни мамлакатнинг бошқа ҳудудларига татбиқ этиш юзасидан асослантирилган таклифларни киритсин;
в) 2019 йил 20 апрелга қадар:
мазкур қарорда назарда тутилган давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
“Ўзагролизинг” АЖ, “Ўзмашлизинг” МЧЖ ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги 2018 йилнинг IV чорагида лизинг асосида етказиб берилган техникалар учун ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга 155,6 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан ажратилишини таъминласин.
3. АТ “Халқ банки” ва “Микрокредитбанк” АТБ нинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки ва “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг молиявий ҳолатини яхшилаш ҳамда фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3694-сон қарорига мувофиқ уларнинг устав капиталига йўналтирилган маблағларнинг 30 фоизини 2019 йилда маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш учун мақсадли кредитлар ажратишга йўналтириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
4. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан қишлоқ хўжалиги техникаларини сотишдан тушган маблағлар 2020 йил 1 январга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод этилсин.
Белгилансинки, 2020 йил 1 январга қадар лизинг компаниялари ва тижорат банклари учун қўшилган қиймат солиғи лизинг хизматлари қисмида қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган, шу жумладан, импорт қилинган лизинг объектини сотиб олиш нархи ва сотиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан ҳисобланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда қишлоқ хўжалиги техникалари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларига йиллик 5 фоиз ставкада, шу жумладан, тижорат банкининг 1 фоиз маржасини инобатга олган ҳолда мақсадли кредитлар ажратиш учун 50 миллион АҚШ долларини тижорат банкларига уларнинг буюртманомалари асосида икки йил муддатга депозит сифатида жойлаштирсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
бир ой муддатда 2019-2021 йилларда маҳаллий ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникаларини лизинг асосида етказиб беришни молиялаштириш мақсадида ҳар йили 100 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг узоқ муддатли имтиёзли кредит линиялари жалб қилинишини таъминласин;
мамлакатда қишлоқ хўжалиги техникалари учун эҳтиёт ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган инвестиция лойиҳаларининг жадал амалга оширилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин ва бунда “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖга амалий ёрдам кўрсатсин.
7. “Ўзагротехсаноатхолдинг” ва “Ўзагросервис” акциядорлик жамиятлари ҳамда уларнинг таркибига кирувчи корхоналар бошқарув органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг танлов асосида энг яхши таклифларни ажратиб олиш йўли билан:
“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖнинг хўжалик жамиятлари устав капитали (фонди)даги улушларини корхоналарнинг асосий фаолияти турини сақлаб қолиш шарти билан 1-иловага мувофиқ;
ҳудудий “Агросервис МТП” МЧЖнинг машина-трактор парклари устав капитали (фонди)даги улушларини тадбиркорлик субъектларига баҳолаш қийматида машина-трактор паркларининг асосий фаолияти тури (механизация ва сервис хизматларини кўрсатиш)ни сақлаб қолиш ва 5 йил муддатга бўлиб тўлаш шарти билан 2-иловага мувофиқ сотиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
8. Белгилаб қўйилсинки:
“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖнинг хўжалик жамиятлари устав капитали (фонди)даги улушини 1-иловага мувофиқ сотишдан тушган маблағлар “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖнинг инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилади;
машина-трактор парклари сотилмаган тақдирда, бошланғич нархни улар сотувга қўйилган санадан икки ой ўтгач ҳар 15 кунда босқичма-босқич 10 фоизга камайтириш механизмини қўллаган ҳолда, аммо номинал қийматдан кам бўлмаган нархда оммавий сотувга қўйилади.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги улушларни баҳолаш ҳамда уларни сотиш бўйича танловларни эълон қилиш ва ўтказишда шаффофликни таъминлашда “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ ва “Ўзагросервис” АЖга ҳар томонлама кўмаклашсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ билан биргаликда бир ой муддатда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги техникалари учун бутловчи ва эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда 2021 йилнинг охирига барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш даражасини камида 40 фоизга етказишни назарда тутувчи “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ, “Ўзагролизинг” АЖ тижорат банклари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари билан биргаликда бир ой муддатда маҳаллий ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш бўйича буюртмалар портфелини шакллантирсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида молиялаштирилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари ушбу қарор қоидаларининг кенг ёритилишини таъминласин.
14. “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев