14.03.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда мева-сабзавотчилик соҳасини такомиллаштириш, шу жумладан, мева-сабзавот маҳсулотлари экиладиган майдонларни, сақлаш ва қайта ишлаш қувватларини сезиларли ошириш, мазкур тармоқни ривожлантириш учун халқаро молиявий институтларнинг маблағларини фаол жалб этишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш соҳасидаги илғор тажриба таҳлили ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг кооперациясини ривожлантиришни самарали рағбатлантириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.
Мева-сабзавотчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишни рағбатлантириш, сифатли мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва унинг экспорти барқарорлигини таъминлаш, мазкур маҳсулот ишлаб чиқарувчиларининг молиявий имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг:
ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги бирлашмаларида (кейинги ўринларда – қишлоқ хўжалиги бирлашмалари) ихтиёрий ва пай асосида иштирок этиш тамойилларида мустақил ва ўзаро боғлиқ қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларининг кооперацион бирлашиши институтини яратиш ва кенг қўллаш;
2019-2020 йилларда тажриба-синов тариқасида мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ва сотиш бўйича биргаликдаги фаолиятни амалга ошириш учун Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Зомин туманларида, Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Ургут туманларида, Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қува туманларида, Тошкент вилоятининг Қибрай ва Паркент туманларида қишлоқ хўжалиги бирлашмаларини ташкил этиштўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт
ва саноат вазирлиги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда тажриба-синов якунларига кўра, 2020 йил 1 декабрга қадар қишлоқ хўжалиги бирлашмаларининг кооперацион бирлашуви институтини республиканинг бошқа ҳудудларида оммалаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар киритсин.
2. Қуйидагилар қишлоқ хўжалиги бирлашмаларининг асосий функциялари этиб белгилансин:
мева-сабзавот маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорларини маркетинг таҳлил қилиш;
қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари билан контрактация шартномаларини тузиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, шу жумладан, турлари ва навлари бўйича ишлаб чиқариш юзасидан келишилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш учун зарур бўлган мулк комплекслари, техника, ускуна, транспорт воситаларидан, шу жумладан, маҳсулот сақлаш омборларини биргаликда ижарага олиш ва қайтариб бериш асосида хом ашёни қайта ишлаш йўли билан биргалашиб фойдаланишни ташкил этиш;
шартнома асосида қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларини қишлоқ хўжалиги техникаси, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўғит, уруғлар, кўчат ва экинлар, шунингдек, кимёвий ҳимоя воситалари билан таъминлаш;
контрактация ёки воситачилик шартномалари асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни тайёрлаш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишни ташкиллаштириш;
жаҳон стандартларига мос мева-сабзавот маҳсулотларининг кафолатланган бозорини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги бирлашмалари билан ҳамкорлик қилиш учун экспортёрларни жалб этиш;
қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларига агротехника, бухгалтерлик, консалтинг, воситачилик ва бошқа хизматларни кўрсатиш.
3. Белгилансинки:
фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларни тайёрлаш, ташиш, сақлаш ва сотиш бўйича хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият олиб борувчи бошқа жисмоний ва юридик шахслар қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари бўлиши мумкин;
қишлоқ хўжалиги бирлашмаларига аъзо бўлиш ихтиёрий ҳисобланади ҳамда таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда кириш аъзолик бадаллари (пайларни) киритиш йўли билан пай асосида амалга оширилади;
қишлоқ хўжалиги бирлашмаларига қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари томонидан бевосита бериладиган ваколатлар таъсис ҳужжатларида белгиланади. Бунда қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари бошқа масалалар бўйича ўз хўжалик фаолиятини юритишда иқтисодий мустақиллиги ва ҳуқуқий мақомини сақлаб қолади, қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ва унинг аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлар эса шартнома асосида қурилади;
қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари қишлоқ хўжалиги бирлашмалари мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди ҳамда агар таъсис ҳужжатларида бошқача ҳолатлар белгиланмаган бўлса, қишлоқ хўжалиги бирлашмалари фаолияти билан боғлиқ бўлган зарар кўриш хатарини ўзлари киритган бадаллар (пайлар) қиймати доирасида зиммасига олади;
қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларининг ер майдонлари Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари бошқа ҳолатларда оптималлаштирилиши ва олиб қўйилиши мумкин эмас. Бунда қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларининг ер майдонларини олиб қўйиш фақатгина суд қарори асосида амалга оширилади.
4. 2019 йил 1 мартдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолариқишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва уларни кейинчалик алмаштириш тўғрисидаги қарорни мустақил равишда қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади, 2020 йил 1 январдан бошлаб эса ташкил этиладиган мева-сабзавот экинларини жойлаштириш реестрига ҳосил йилининг 1 февралидан кечиктирмасдан тегишли маълумотларни киритиш шарти билан ушбу ҳуқуқдан фойдаланади.
5. Қуйидагиларга давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби белгилансин ва унга мувофиқ:
а) қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ва улар аъзоларининг 2019-2020 йилларда кўчатлар ва сертификатланган уруғларни ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналарини харид қилиш учун тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банки томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, аммо 5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган, валютада бериладиган кредитлар бўйича 1,5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган миқдорда қопланади;
б) қишлоқ хўжалиги бирлашмаларидан мева-сабзавот маҳсулотларини сотиб олувчи экспортёрларнинг тасдиқланган бизнес режаларида назарда тутилган қуйидагилар:
қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларини мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг янги технологияларига ўргатиш;
қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларининг ерларида агротехник тадбирлар мониторингини ўтказиш;
қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари томонидан ишлаб чиқариладиган мева-сабзавот маҳсулотларининг ташқи бозорларида маркетинг тадқиқотларини ўтказиш билан боғлиқхаражатларининг 50 фоизи субсидиялар тақдим этиш орқали Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан, шунингдек, жалб этиладиган халқаро молиявий институтлар маблағлари, шу жумладан, Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан қопланади.
6. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этилаётган ҳудудларда мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган инфратузилма объектларини устувор ривожлантирган ҳолда, уларни ривожлантириш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан маблағлар йўналтиришга рухсат берилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда мева-сабзавот маҳсулотлари экспортёрларининг қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларини мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг янги технологияларига ўргатиш, қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларининг ерларида агротехник тадбирлар мониторингини ўтказиш, қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари томонидан ишлаб чиқариладиган мева-сабзавот маҳсулотларининг ташқи бозорларида маркетинг тадқиқотларини ўтказиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизини қоплаш учун субсидиялар тақдим этиш тартибини тасдиқласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар мева-сабзавотчилик соҳасида кооперация ҳиссаси юқори бўлган мамлакатларнинг қишлоқ хўжалиги бирлашмаларини ташкил қилиш ва уларнинг фаолият олиб бориши борасидаги тажрибасини чуқур ўрганиш мақсадида янгидан ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларининг танишув сафарини уюштирсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг 5 ва 8-бандларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун халқаро молиявий институтларнинг маблағ ва грантлари, шу жумладан, Жаҳон банки маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография
ва давлат кадастри давлат қўмитаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2019 йилдан бошлаб суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари тупроғини, ҳар йили умумий майдоннинг камида 20 фоизи ҳисобидан келиб чиқиб, таҳлил қилиш ва агрокимё картограммаларини иловага мувофиқ ишлаб чиқишни таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва суғурта ташкилотлари билан биргаликда бир ой муддатда илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида қишлоқ хўжалиги хавф-хатарларини суғурта қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Фанлар академияси билан биргаликда уч ой муддатда ер-тупроқ, сув, истеъмол товарлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва минерал ўғитларнинг замонавий лаборатория тадқиқотларини халқаро стандартлар талабларига мувофиқ кенг қамровда ўтказишни таъминловчи комплекс лаборатория яратиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда серҳосил уруғлар ва кўчатларнинг янги турлари ва навларини, шу жумладан, “in-vitro” усули асосида яратувчи-муаллифларни қўшимча моддий рағбатлантириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
мева-сабзавотчиликни тубдан такомиллаштириш ва мазкур соҳадаги қишлоқ хўжалиги бирлашмаларини ривожлантириш бўйича тадбирларни самарали ва ўз вақтида бажаришни таъминлаш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминласин;
2020 йил 1 декабрга қадар тажриба-синов натижалари ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси, шунингдек, бозор иқтисодиётининг замонавий талабларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига “Қишлоқ хўжалигида кооперация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров, Э.М.Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси А.Д.Ваҳобов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев