07.03.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқини кафолатлаш ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг вазифалари қайта кўриб чиқилди, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари тузилмасида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди, шунингдек, “Мўтабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатларини қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилди.
Шу билан бирга хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият юритиш механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд.
Жумладан, узоқ муддат бола парваришлаш билан банд бўлган аёлларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича қайта тайёрлаш борасидаги ишлар етарлича ташкил этилмаган.
Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, меҳнат фаолиятини рағбатлантириш ва одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки, 2019 йил 1 майдан:
аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинади;
тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланади;
бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддаси тартибида қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилади;
икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади;
аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади;
эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.
2. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассотсиатсияси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталари кўмагида нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган хотин-қизлар тадбиркорлик марказларини (кейинги ўринларда марказлар деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
3. Қуйидагиларни марказларнинг асосий вазифалари этиб белгилаш тавсия этилсин:
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда узоқ муддат бола парваришлаш таътилида бўлган, мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш ва уларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш;
тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларни марказларга жалб этиш ва тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш;
аёлларнинг ўз бизнесини ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини шакллантириш, бизнес ғояларини тайёрлашда консултатив ёрдам бериш, шу жумладан, лойиҳа бизнес-режасини тайёрлаш, солиққа тортишнинг турли режимларини танлаш ва қўллаш, бухгалтерия ҳисобини юритиш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш ва бошқа йўналишлар бўйича ўқитишни ташкил этиш;
зарур ҳолларда фаолиятини бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга маҳаллалардаги бўш турган бинолардан жой ажратилишига кўмаклашиш;
тадбиркор аёлларга ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этишда зарур маслаҳатлар бериш ва амалий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, ишончли ҳамкорларни топиш, минитехнологиялар ва ускуналар сотиб олишда кўмаклашиш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг реализатсия қилинишига кўмаклашиш;
норасмий фаолият юритаётган ҳунарманд аёлларга рўйхатдан ўтиш, “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиш орқали солиқлар ва бошқа турдаги имтиёзлардан фойдаланишда ҳамда имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам кўрсатиш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
марказлар бизнес-инкубатор шаклида хотин-қизларнинг тадбиркорлик, ҳунармандчилик фаолиятини, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ташкил этилади;
марказларни сақлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва асосий вазифалари амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган харажатлар Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондига тижорат банкларига имтиёзли кредит ажратиш учун берилган ресурслардан ҳисобланган фоиздан келиб тушган маблағлар (банк маржасидан ташқари) ҳамда халқаро ташкилотлар грантлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизлар туман (шаҳар) ҳокими ва туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси томонидан шакллантириладиган рўйхат асосида махсус ўқитиш дастури бўйича ўқитилади;
махсус ўқитиш дастурларини муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизлар орасидан тегишли туман (шаҳар) Хотин-қизлар қўмитаси раиси тавсиясига кўра тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга 6 ойлик имтиёзли давр ва йиллик 8 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришни кредитлаш тартиблари асосида ажратилади;
Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан тижорат банкларига ҳар йили ажратиладиган 100 миллиард сўм ресурс маблағлари имтиёзли кредит маблағларининг манбаси этиб ҳисобланади. Мазкур ресурс маблағларининг камида 50 фоизи қишлоқ жойларида истиқомат қиладиган хотин-қизларнинг бизнесини ривожлантиришга йўналтирилади.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бир ой муддатда кредит олиш учун тавсия бериш жараёнининг адолатли ва шаффофлигини таъминловчи тартибни тасдиқласин.
5. Хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси кўмагидаги Хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
6. Қуйидагилар Хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
мамлакатда гендер тенгликни таъминлашга ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан аёлларнинг гендер тенглиги бузилишига оид мурожаатларини кўриб чиқиш;
касбий сегрегатсия, иш ҳақи ўртасидаги фарқ, аҳолининг иқтисодий фаол қатлами орасида аёлларнинг улушини кўпайтириш масалалари бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган чораларни белгилаш ва самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда кенг қамровли тарғибот ишларини ташкил этиш.
7. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан биргаликда икки ой муддатда:
а) қуйидагиларни назарда тутувчи “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
гендер тенглик тушунчаси ва турлари;
ваколатли органларнинг вазифалари ва функсиялари;
давлат бошқарувида иштирок этиш, ишга қабул қилиш ёки ёллаш, кредит олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлашга оид нормалар;
гендер тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни, шунингдек, бундай бузилишга олиб келадиган қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик;
б) қуйидагиларни назарда тутувчи “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
маиший, иш жойидаги ва таълим муассасаларидаги тазйиқ ва зўравонликлар турлари;
ваколатли органларнинг вазифалари ва функсиялари;
тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни, шунингдек, бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик;
судгача ва суд жараёнида тазйиқ ва камситишларга дучор бўлган шахсларни ҳимоя қилишга қаратилган протсессуал кафолатлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Хотин-қизлар қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Марказий сайлов комиссияси, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суд, Марказий банк, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда 2-иловага мувофиқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Статистика комиссияси томонидан тавсия этилган минимал гендер кўрсаткичлар ва бошқа маълумотларнинг “Гендер.стат.уз” веб-сайтига жойлаштирилишини ва маълумотлар доимий равишда янгиланиб борилишини таъминласин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда марказларни барча шароитга эга бўлган хизмат хоналари билан таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларини хотин-қизларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ҳуқуқлари камситилиши ҳолатлари мавжудлиги нуқтаи назаридан инвентаризатсия қилиб, тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.К.Норбоева зиммасига ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан самарали амалга оширилишини мувофиқлаштириш юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М.Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У.Умурзоқов зиммасига Хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия билан ҳамкорликда ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар ва лойиҳаларни молиялаштириш учун халқаро молия ташкилотлари, биринчи навбатда, аёлларни қўллаб-қувватлашга ихтисослаштирилган ташкилотларнинг техник кўмак воситалари ва кредитларини жалб қилиш бўйича доимий ва тизимли равишда зарур ташкилий-амалий чоралар кўриш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.К.Норбоева ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев