06.03.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, мулкчиликнинг барча шаклларидаги ташувчилар учун рақобат муҳитини ҳамда қулай шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, республиканинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва “Ўзстандарт” агентлигининг 2019 йил 1 июлдан бошлаб:
а) халқаро ташишларда фойдаланиладиган тягач (шатакчи) автомобилларга лицензия карточкалари берилиши учун давлат божи тўлаш тартибини;
б) қуйидагиларни:
олиб кириладиган ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилган “Евро-5” ва “Евро-6” экологик синф талабларига мос келадиган янги юк ва махсус автотранспорт воситалари, шунингдек, автомобиль транспортида юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркама ва яримтиркамаларни;
транспорт-экспедиторлик хизматларини мажбурий сертификатлашни;
в) чек бериш ёки йўловчининг юрганлигини электрон қайд этиш имконияти мавжуд бўлиши шарти билан йўловчилар ташишда фойдаланиладиган автотранспорт воситаларида назорат-касса аппарати мавжуд бўлиши ҳақидаги талабларни;
г) қуйидагиларнинг:
автомобиль транспортида юк ташиш билан шуғулланувчи якка тадбиркорларнинг;
корхона штатида белгиланган тартибда аттестациядан ўтган автотранспорт воситаларидан фойдаланиш ва ташиш хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган мутахассиснинг алоҳида бирлиги мавжуд бўлиши шарти билан юридик шахс раҳбарининг малака талабларига мувофиқлик юзасидан аттестациядан ўтиши тўғрисидаги талабларни;
д) автомобиль транспортида йўловчилар ва юкларни ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олишда юридик шахсларнинг балансида транспорт воситалари мавжуд бўлиши ҳақидаги талабларни бекор қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. 2019 йил 1 апрелдан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар ўртасида ижара шартномаларини тасдиқлаш учун амалдаги давлат божи миқдори икки маротаба камайтирилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар, шу жумладан, қуйидаги имкониятларни назарда тутувчи “UzTrans” ягона интерактив ахборот тизими (кейинги ўринларда – ахборот тизими) яратилишини таъминласин:
лицензиатларнинг шахсий кабинети фаолият юритиши;
автомобилда халқаро ташишга хорижий ва/ёки кўп томонлама рухсатномаларни миллий ташувчилар ўртасида автоматик равишда чораклар бўйича тақсимлаш;
йўловчилар ва юкларни шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро, халқаро ташиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялар, автомобилда халқаро ташишга хорижий ва/ёки кўп томонлама рухсатномалар, шунингдек, ЮХЙТ дафтарчасини қўллаган ҳолда Юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги конвенцияга (Женева шаҳри, 1975 йил 14 ноябрь) мувофиқ ЮХЙТ(CARNET TIR) дафтарчасидан фойдаланишга рухсатномалар олишга талабгорларнинг аризаларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш босқичини кўрсатган ҳолда қайта ишлаш;
лицензиатлар ва жисмоний шахслар ўртасида тузиладиган автотранспорт воситаларининг ижара шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобини юритиш.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ўн кун муддатда ахборот тизими жорий этилгунига қадар мамлакатлар бўйича халқаро автомобилда ташишга хорижий ва/ёки кўп томонлама рухсатномалар мавжудлиги тўғрисида доимий янгиланадиган ахборотнинг вазирлик веб-сайтида эълон қилинишини таъминласин.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2019 йил 1 июлдан бошлаб:
йўналишсиз такси учун талаб этиладиган тўлов терминаллари, ҳисоблагич-таксометрлар ва радиоалоқа воситалари алмаштириладиган приборларнинг функцияларини таъминлайдиган махсус иловали қурилмаларга (уяли телефонлар, планшетлар, электрон тўлов тизимлари) алмаштирилиши мумкин;
йўналишсиз такси рангини қонун ҳужжатларида талаб қилинган рангга мувофиқ ҳолга келтириш учун уларни бўямасдан ўзи елимланадиган материаллардан фойдаланишга йўл қўйилади;
йўналишсиз таксилар сифатида фойдаланиладиган ҳамда ягона ички ва ташқи белгилар билан жиҳозланган енгил автомобиллар йўналишли транспорт воситалари учун махсус ҳаракат йўналишида ҳаракатланиши ҳамда “Тўхташ тақиқланади” белгиси амал қилиш ҳудудида тўхташи мумкин;
халқаро автомобилда ташишга хорижий/кўп томонлама рухсатномаларни олиш учун аризалар улар олинган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида кўриб чиқилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
а) енгил автомобилларда йўловчиларни ташиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияларга эга юридик шахсларни:
ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси мавжуд бўлмаганда, унинг расмийлаштирилишини таъминлаган ҳолда, уларнинг мавжудлиги;
автотранспорт воситаларидан лицензия карточкаларисиз фойдаланилаётган давлат рақами белгилари қайтарилиши чораларини кўрган ҳолда йўналишсиз таксилар учун мўлжалланган автотранспорт воситаларига махсус сериялардан берилган давлат рақами белгиларининг амалдаги лицензия карточкаларига мувофиқлиги юзасидан хатлов ўтказсин;
б) автомобиль транспортида юк ва йўловчиларни ташиш хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш бўйича таклифлар киритсин;
в) ҳимояланган телекоммуникация каналлари ёрдамида “Транспорт воситалари ҳисоби”, “Техник кўрик” ва “UzТrans” ахборот тизимларининг самарали идоралараро интеграциясини йўлга қўйиш чораларини кўрсин.
6. 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг оғирлик ва габарит параметрларини аниқлаш учун автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланган оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар ва кўчма шохобчаларни ташкил этиш тартиби жорий этилсин.
Транспорт вазирлиги 2019 йил 1 августга қадар автомобиль йўлларида давлат-хусусий шериклик объектлари рўйхатини, регламентни ва инвесторларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида танлаб олиш механизмини назарда тутувчи оғирлик ва габарит назорати бўйича махсус пунктларни ташкил этиш юзасидан фаолиятни амалга ошириш тартибини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Қуйидагилар:
Йўловчи ва юк ташишни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ;
Транспорт-логистика соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан хорижий давлатлар билан музокаралар ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги бир ой муддатда:
Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда якка тартибдаги тадбиркорларга рухсат бериш тартиботларини соддалаштириш ва минималлаштириш мақсадида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда енгил автомобилларда йўловчиларни ташиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини бериш ҳақидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат буюртмачилари, шу жумладан, хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг автомобиль транспортида юк ташиш хизматлари кўрсатишни махсус электрон савдо майдончасида электрон савдо якунлари бўйича харид қилиш ва хизмат кўрсатишини назарда тутувчи тартибни жорий этиш ҳақидаги таклифни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа идоралар билан биргаликда хорижий давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши, чиқиши, транзит ўтиши (алоҳида юклар ва ҳарбий контингентлардан ташқари) ва ҳудудда бўлиши тартибини, шу жумладан, республикага кираётган хорижий давлатлар автотранспорт воситаларининг бўлиши муддатларини оптималлаштиришни назарда тутган ҳолда янада такомиллаштириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда хорижий ташувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган икки пункт оралиғида юк ва йўловчилар ташиш амалга оширилганлиги, шунингдек, рухсат этилган оғирлик ва габарит параметрлари оширилганлиги учун таъсир чораларини қўллаш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 20 февралда Женева шаҳрида имзоланган электрон юк хатига тегишли Юкларни халқаро йўлларда ташиш (ЮХЙТ) шартномаси тўғрисидаги конвенциянинг Қўшимча баённомасига қўшилиши тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда миллий транспорт-экспедиторлик ташкилотлари томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатиш юзасидан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, мазкур шартномаларни тузган ташкилотлар рўйхатини ошкора эълон қилиш тартибини ўрнатсин.
9. 2022 йил 1 январгача авиация ёқилғиси, локомотивлар, темир йўл вагонлари ва бутловчилар (ТИФ ТН коди 8601-8607), барча типдаги юк контейнерлари (ТИФ ТН коди 8609), учиш аппаратлари (ТИФ ТН коди 8802) ҳамда ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган, юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8701 20, 8704 23 (самосваллардан ташқари), 8716 31, 8716 39) божхона тўловларидан озод қилинсин (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно). Бунда республикага олиб кириладиган авиация ёқилғиси ўрнатилган тартибда қўшилган қиймат солиғига тортилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М.Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Н.С.Отажонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев