26.02.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Дунё халқлари ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, мусиқа санъати анъаналарини асраш ва ривожлантириш, маданиятлараро мулоқотни кучайтиришга қаратилган эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган, ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан мусиқа оламининг йирик форуми сифатида эътироф этилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг нуфузини янада ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини (кейинги ўринларда Фестиваль деб юритилади) ўн иккинчи марта 2019 йилнинг 26-30 август кунлари ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Фестивални ўтказиш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
4. Ташкилий қўмита (А.Н.Арипов) Фестивални 2019 йилда юқори савияда ўтказиш мақсадида:
икки ҳафта муддатда “йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
2019 йил 1 апрелга қадар Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар сметасини тасдиқласин;
Фестивалга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бош дирекцияси Фестивалга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича буюртмачи этиб белгилансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:
Фестивалга маҳаллий ва хорижий давлатлардан мусиқашунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонларни таклиф этиш чораларини кўрсин;
Фестиваль доирасида “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши, унда хорижлик ва маҳаллий таниқли мусиқашунос олим ва мутахассислар ҳамда тадқиқотчиларнинг ўз маърузалари билан иштирок этишларини таъминласин;
Фестиваль нуфузини янада ошириш, дунё ҳамжамияти эътиборини Ўзбекистон мусиқа маданиятига жалб қилиш мақсадида Фестиваль доирасида хорижлик мутахассислар иштирокида махсус давра суҳбати, тақдимот ва маҳорат дарсларини ўтказсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Фестивалга тайёргарлик кўриш доирасида 2019 йил 1 июнга қадар:
халқаро илмий-амалий конференция дастурини;
Фестивалда иштирок этадиган хорижлик ва маҳаллий мусиқашунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар рўйхатини;
Фестивалнинг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари сценарийси ҳамда бадиий дастурларини;
Ўзбекистон Бадиий академияси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси билан биргаликда Фестивалнинг логотипи ва совриндорлар учун бериладиган ҳайкалчаси лойиҳасини ишлаб чиқиб, Ташкилий қўмитага тасдиқлаш учун киритсин.
8. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ташкилий қўмита томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда:
70 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг харажатлар сметасида маданий тадбирларни ўтказиш учун ҳар йили назарда тутиладиган бюджет маблағлари доирасида;
30 фоизи – Самарқанд вилояти маҳаллий бюджети, ҳомийлик хайрия маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
9. Самарқанд вилояти ҳокимлиги 2019 йил 20 июлга қадар Самарқанд шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиши, Фестиваль ўтказиладиган саҳна ва майдонлар талаб даражасида тайёрланишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Самарқанд шаҳри телекоммуникация тармоқларини Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш талабларига мослаштириш чораларини кўрсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Фестивалга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун Маданият вазирлигининг виза талабномаларига биноан Ўзбекистон Республикасига кириш визаларининг белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
12. “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бош дирекцияси хорижий давлатлардаги халқаро санъат фестиваллари ташкилотлари ҳамда марказлари билан мунтазам равишда ижодий ҳамкорлик ўрнатсин.
13. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига 2019 йил 1 майдан бошлаб Фестивални кенг тарғиб этишга қаратилган ижтимоий реклама роликлари ва матнларини телевидение ва бошқа ахборот воситаларида жойлаштириш ҳамда Фестивални ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги уч ой муддатда маданият ва санъат соҳасидаги халқаро фестиваль ва анжуманларни юқори савияда ўтказиш ва бундай тадбирларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 15 июндаги
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ–103-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
16. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Ш.Маҳмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев