20.05.2019
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 май куни Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 2018 йил 21 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида пойтахтимизни йирик ишбилармонлик марказига айлантириш, инвестицияларни фаол жалб қилиб, замонавий корхоналар ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланган эди. Шунга мувофиқ, жорий йил 4 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрини инфратузилмавий ривожлантиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Бугунги кунда пойтахтимизда кичик саноат зоналари ва технопарклар инфратузилмасидан самарали фойдаланиб, юқори технологияли қувватларни ташкил этиш, қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу масала давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. 13 май куни Президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда Тошкент шаҳрида замонавий саноат корхоналари ташкил этиш ишлари таҳлил қилинган эди.
Аввал берилган топшириқларга мувофиқ Тошкент шаҳрида амалга ошириш учун умумий қиймати 617 миллион АҚШ долларидан зиёд 19 та янги инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Аҳамиятлиси шундаки, ушбу лойиҳаларнинг барчаси саноат соҳасида бўлиб, улар натижасида 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. Ҳар йили қарийб 1 миллиард долларлик бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 290 миллион доллардан зиёд экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.
Лойиҳалар қўшилган қиймати ва маҳаллийлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган. Кенг турдаги маиший техникалар, лифт ва эскалаторлар, насослар, сув иситгичлар, қоғоз ва қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё воситалари, заргарлик ва шиша товарлари шулар жумласидандир.
Инвестор ва ташаббускорлар ўз лойиҳалари юзасидан тақдимотлар ўтказди. Ушбу корхоналар Тошкент механика заводининг ҳозирда фойдаланилмаётган бино ва майдонларида ташкил этилади. Улар 2019-2020 йиллар давомида ишга туширилади.
Президентимиз ушбу лойиҳалар шаҳарнинг мавжуд инфратузилмасидан самарали фойдаланган ҳолда бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, аҳолини иш билан таъминлаш жиҳатидан муҳимлигини таъкидлаб, уларни тезроқ ишга тушириш бўйича кўрсатмалар берди. Мутасаддиларга харидоргир саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати камида 1 миллиард доллар бўлган қўшимча лойиҳалар шакллантириш вазифаси қўйилди.