16.05.2019
Президент Шавкат Мирзиёев Қўрғонтепа туманидаги «Khantex Group» масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери фаолияти билан танишди.
Андижон вилоятига ўтган йили май ойидаги ташриф чоғида жамият томонидан тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим этилган эди. Бугунга келиб бу режалар тўла амалга оширилди. Улкан йигирув цехи биноси қурилиб, Швейцариянинг «Ритер» компаниясидан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Ҳудудда яшовчи 400 нафарга яқин аҳоли доимий иш жойига эга бўлди.
Бу ҳали дастлабки ишлар. Кейинги босқичларда мато тўқиш, уни бўяш, тайёр кийим-кечаклар ва сочиқлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 58 миллион евро бўлиб, корхона тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, йилига 9 минг тоннадан зиёд ип-калава, қарийб 6 миллион погона метр газлама, 10 миллион донадан ортиқ тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 1500 та иш ўрни яратилади. Экспорт ҳажмини 40 миллион долларга етказиш мўлжалланган.
Шунингдек, кластер негизида 2 минг тонна ёғ, 7,5 минг тонна шрот, 5,4 минг тонна шелуха ишлаб чиқариш қувватига эга замонавий ёғ-экстракция заводи ҳамда чорва комплекси ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Агротехника ишлари учун «John Deere» ва «Case» компанияларининг 13 турдаги қишлоқ хўжалиги техникаси келтирилган.
Давлатимиз раҳбари кластернинг йигирув цехини кириб кўрди.
- Шу пайтгача жойларда турли корхоналарни ташкил этиш бўйича ишладик. Энди сифатга эътибор бериш, даромадини ошириш учун шароит яратиш керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда Андижон вилоятида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, пиллачилик ва томорқачилик орқали аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган режалар, Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Президентимиз лойиҳаларни маъқуллаб, улар юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.