06.05.2019
Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳридаги «Listem-Fergana» қўшма корхонасини бориб кўрди.
Жанубий Корея билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур қўшма корхонада рентген асбоб-ускуналари ишлаб чиқарилади. Бу нафақат юртимиз, балки минтақада юқори технологияли тиббий техника тайёрлайдиган ягона завод ҳисобланади.
Корхона лойиҳасининг умумий қиймати 8 миллион доллар бўлиб, йилига икки турдаги 300 дона рентен аппарати ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Биринчи босқич доирасида 35 киши иш билан таъминланган. Йил якунига қадар яна юзга яқин иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Ҳозирда кейинги босқични ҳаётга татбиқ этиш устида иш олиб бориляпти. Бунинг натижасида йиллик ишлаб чиқариш қувватини 500 донага, маҳсулотлар турини 10 дан ошириш режалаштирилган. Бу шу пайтгача катта валюта маблағлари эвазига импорт қилинаётган тиббий ускуналар ўрнини тўлдириш, ички бозорни арзон ва юқори сифатли жиҳозлар билан таъминлашга хизмат қилади. Корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, маҳсулотни экспортга йўналтириш ҳам мўлжалланган.
«Listem-Fergana»нинг рентген ускуналарига ҳозирданоқ талаб юқори. Бу ерда ишлаб чиқарилган дастлабки «Smart DR» рақамли рентген аппарати чет эллардаги муқобилларидан уч баробар арзон. Масалан, унинг нархи 50 минг АҚШ долларини ташкил этади. «Philips» компаниясининг шу каби техникаси 144 минг доллар, «Siemens» компаниясиники эса 168 минг доллар атрофида баҳоланади.
«Smart DR» рентген аппаратида соатига 15 мижозни текширувдан ўтказиш мумкин. Олинган тасвирлар компьютер хотирасида 5 йилгача сақланади. Бу касалликлар динамикасини кузатишда муҳим аҳамиятга эга. Тасвирни интернет орқали юбориш ҳам мумкин. Бу бошқа шифокорлар билан масофадан туриб маслаҳатлашиш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда тўғри ташхис қўйиш муҳимлиги, тиббий жиҳозларни юртимизда ишлаб чиқариш ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан яхши натижа беришини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев энди корхонада маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, ходимлар малакасини юксалтириш бўйича топшириқлар берди.
Шу ерда «Hyundai» компанияси билан ҳамкорликда «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида электромобиллар ишлаб чиқариш, Водил кўмир конида кўмир қазиб чиқариш, тошдан экологик тоза қоғоз ишлаб чиқаришга оид режалар, «Фарғонаазот» ва «Қўқонсуперфосфат» акциядорлик жамиятларини модернизация қилишга қаратилган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Президентимиз лойиҳаларни маъқуллаб, уларни амалга оширишда сифат ва муддатга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.