20.02.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини янада қисқартириш, қурилиш материаллари саноатини бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлашни ташкил этишни рағбатлантириш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турларини диверсификация қилиш ва экспорт ҳажмини кенгайтириш, тармоққа инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида белгиланган вазифаларни изчиллик билан амалга ошириш мақсадида:
1. Қурилиш материаллари саноати корхоналари, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг:
Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмасини (кейинги ўринларда – “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси) ташкил этиш;
“Ўзқурилишматериаллари” АЖнинг бошқарув органлари йиғилишларида унинг хўжалик жамиятлари устав капиталларидаги акциялари (улушлари) пакетларини 1-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш орқали жамиятни тугатиш масалаларини кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Маълумот учун қабул қилинсинки:
а) қурилиш материаллари саноатининг ихтиёрий асосда кирувчи корхоналари “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг аъзолари ҳисобланади;
б) “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ижро этувчи аппаратининг тузилмаси уюшма таъсисчиларининг умумий йиғилиши қарори билан тасдиқланади;
в) “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тақдимномаси бўйича уюшма таъсисчиларининг умумий йиғилиши қарори билан сайланади;
г) “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасини жорий таъминлаш ва унинг фаолиятини молиялаштириш уюшма аъзоларининг бадаллари ва ажратмалари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
д) қуйидагилар “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси аъзолари манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилишни таъминлаш, шунингдек, қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича уларга таклифлар киритиш;
юқори қўшилган қийматли қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, шунингдек, ихтисослашган етакчи хорижий компаниялар билан қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ўзлаштириш учун инвестициялар, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорлик қилиш;
талаб этилаётган сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш турларини кенгайтириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи ва рақобатбардош қурилиш материаллари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарилган буюмлар билан тўлдириш, шунингдек, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси аъзолари фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
ҳудудларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш истиқболларидан, хомашё базаси, инфратузилмалар, меҳнат ва бошқа ресурслар ҳамда бозорларнинг мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда корхоналарни жойлаштиришга кўмаклашиш.
3. Белгилансинки, 2022 йил 1 январга қадар корхоналарнинг шартномалар бўйича “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасига тўланадиган ажратмалари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан чиқариб ташланади.
4. 2019 йил 1 апрелдан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ норуда фойдали қазилмалар мавжуд бўлган ер қаъри участкасидан геологик ўрганиш учун фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия ариза келиб тушган кундан бошлаб ўн кундан ошмаган муддатда берилади.
5. Саноат кўламида ўзлаштириш учун инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестициялар жалб этиладиган норуда фойдали қазилмалар конлари (участкалари)нинг рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси билан биргаликда салоҳиятли, шу жумладан, хорижий инвесторларни мазкур қарорнинг 5-банди билан тасдиқланган рўйхатга киритилган норуда фойдали қазилмалар конлари (участкалари)ни ўзлаштиришга жалб қилиш бўйича зарур чораларни кўрсин.
7. “Ўзқурилишматериаллари” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қурилиш вазирлиги билан биргаликда Қурилиш материаллари саноатидаги инвестиция лойиҳалари рўйхати ишлаб чиқилганлиги ва унда қуйидагилар назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
2019-2021 йилларда умумий қиймати 1,3 миллиард АҚШ доллари, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 692 миллион АҚШ доллари миқдорида амалдаги корхоналарни техник ва технологик янгилаш ҳамда янги корхоналар барпо этиш бўйича 67 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш;
2021 йилга цемент ишлаб чиқариш қувватлари ҳажмларини 17 миллион тоннага, архитектура-қурилиш ойнасини – 32 миллион квадрат метрга, ёғоч-қипиқ плитаси (ДСП)ни – 380 минг куб метрга, газ-бетон блокларини – 700 минг куб метрга, гулқоғозларни – 4,5 миллион рулонга, кўп қаватли уйлар қурилиши учун йирик панелли темир-бетон буюмларини – 180 минг квадрат метрга етказган ҳолда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 1 апрелга қадар ушбу бандда белгиланган Қурилиш материаллари саноатидаги инвестиция лойиҳалари рўйхатини, шунингдек, уларни амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини (“йўл харитаси”ни) тасдиқласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги икки ой муддатда ички ва ташқи бозорларда қурилиш материалларига бўлган талаб конъюнктурасини, шунингдек, чет эл бозорларининг ривожланиш тенденцияларини ўрганиш асосида янги маҳсулот турларини ўзлаштириш, ички бозорни маҳаллий қурилиш материаллари билан тўлдириш ва уларнинг экспорт географиясини кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва жорий қилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ ва қурилиш материаллари саноати корхоналарининг “ҚурилишматериаллариЛИТИ” МЧЖ ихтисослаштирилган лойиҳа илмий-тадқиқот институтини “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси таркибига кирувчи “ЎзқурилишматериалЛИТИ” МЧЖ илмий-тадқиқот ва инжиниринг маркази этиб қайта номлаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин, қуйидагилар марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Технологик ривожланиш агентлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда қурилиш саноатининг илмий-тадқиқот ташкилотлари билан биргаликда илғор хорижий тажриба ва республиканинг хомашё салоҳиятини инобатга олган ҳолда янги қурилиш материаллари ва улардан фойдаланиш технологиялари ишланмаларини ташкиллаштириш;
қурилиш материалларининг янги стандартларини фаоллаштириш ва ишлаб чиқиш, шунингдек, қурилиш тармоғида фойдаланиладиган қоидалар тўпламини ишлаб чиқишда қатнашиш;
ишлаб чиқариладиган қурилиш материаллари ва буюмларнинг барча турларини сертификатлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда қурилиш материаллари саноатининг талаб юқори бўлган йўналишлари бўйича мутахассисларга таълим бериш юзасидан ўқув режалари ва инновацион ўқув курсларини ишлаб чиқиш, шунингдек, замонавий ўқув-методик адабиётлар ва қўлланмаларни тайёрлаш;
кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш, мутахассисларнинг стажировкасини, шу жумладан, хориждаги илмий-тадқиқот марказларида стажировкасини ўтказишни ташкиллаштириш;
ишлаб чиқаришга мўлжалланган машиналар, асбоб-ускуналар ва техник тизимлар, саноат объектлари, шунингдек, энергетика ва муҳандислик инфратузилмаси объектларининг техник аудити, энергия аудити, диагностикаси ва экспертизасини ўтказиш.
10. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги:
2018 йил якунига кўра “Ўзқурилишматериаллари” АЖнинг соф фойдасини унинг 20 фоизини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига дивидендларни тўлашга йўналтирган ҳолда тақсимланишини;
тугатилаётган “Ўзқурилишматериаллари” АЖнинг асосий воситалари, унинг таркибига кирувчи корхоналар ажратмалари бўйича юзага келган дебитор қарздорлик, жамиятнинг “ЎзқурилишматериалЛИТИ” МЧЖ ҳамда “Тоғ геология жамлама экспедицияси” МЧЖ устав капиталларидаги улушлари, шунингдек, акциядорларга берилиши керак бўлган ҳамда тугатиш жараёни якунланганидан кейин қоладиган жамиятнинг пул маблағларини “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасига беғараз ўтказишни;
“УКМ Транс авто” МЧЖни кейинчалик унинг автотранспорт воситаларини беғараз “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасига топширган ҳолда тугатишни таъминласин.
11. Қуйидагиларга:
иқтисодиёт ва саноат вазири Б.А.Ходжаевга – инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнини мувофиқлаштириш ва қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш;
инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У.Умурзоқовга – қурилиш материаллари саноатида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, тармоққа инвестицияларни, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, экспортга мўлжалланган маҳсулот чиқаришни кенгайтириш мақсадида янги ишлаб чиқариш қувватларини жорий этиш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Н.С.Жўраевга – хўжалик жамиятларининг устав капиталларидаги, шу жумладан, ушбу қарорга мувофиқ “Ўзқурилишматериаллари” АЖдан қабул қилинадиган давлат акциялари (улушлари) пакетларини самарали бошқариш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
12. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Тафаккур кўчаси, 68-А уй манзили бўйича бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М.Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев