01.03.2019
Наманган шаҳрида вилоят фаоллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нуронийлар, тадбиркорлар, ёшлар иштирокида йиғилиш бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг ўтган йилги кўрсаткичларини таҳлил қилиб, янги вазифаларни белгилаб бермоқда.
- Ўтган йили қандай натижаларга эришдик, одамлар ҳаётида нималар ўзгарди, деган савол ҳаммамизни қийнаши керак. Бу саволларга жавоб топиш учун ҳар куни изланишимиз, замон талабларини ўрганиб, илм билан, ақл билан меҳнат қилишимиз зарур. Шунда иқтисодиётимиз рақобатбардош бўлади. Нима дегани рақобатбардош? Чет элда бозор топиш, дунёга муносиб бўлиш дегани. Қачон муносиб бўлади? Илғор технология бўлса, уларни ишлата оладиган ёшларимиз бўлса, сифат бўлса, - деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда 2018 йилда умумий қиймати 1,8 триллион сўм бўлган 577 та ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилгани, инвестициялар ҳажми 1,7 баробарга ошгани қайд этилди.
Шу билан бирга, Наманган вилоятини ривожлантириш бўйича мавжуд имкониятлар ва резервлар тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди. Ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши республика кўрсаткичидан 2 баробар паст бўлгани, қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми камайгани танқид қилинди.