19.02.2019
Кейинги йилларда Гулистон ўз номига монанд обод бўлиб бормоқда. Янги уй-жойлар, иншоотлар, равон йўллар қурилмоқда.
Шаҳарнинг янги қиёфаси “Буюк келажак” мавзесида ёрқин намоён бўлади. Ўтган йили бу ерда намунали лойиҳа асосида 5 қаватли 8 та уй фойдаланишга топширилди. Яна 7 қаватли, 420 хонадондан иборат 10 та уй қурилиши давом этмоқда.
Президентимиз мазкур мавзега ташриф буюриб, янги кўп қаватли уйларни кўздан кечирди.
Президент “Сирдарё тажрибаси”ни жорий қилиш лойиҳаларини кўздан кечирди.
Шу ерда ёшларни маданият ва спорт мажмуаларига жалб этиш, улар ўртасида компьютер саводхонлиги ва китобхонликни ривожлантириш бўйича янги тизим тақдимоти ўтказилди.
Унга кўра, Ёшлар иттифоқи, Спорт, Маданият ва Халқ таълими вазирликлари, Маънавият тарғибот маркази, Ёзувчилар уюшмаси туманлардаги ёшлар билан манзилли ишлайди, уларнинг қизиқишларига мос тўгарак ва муассасаларга жалб этади. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги «Ўқитувчи» бренди остида марказий китоб дўкони ва «бук-кафе»лар ташкил этади, шунингдек, электрон китоблар тайёрлаб тарқатади.
- Билим, маданият, фидойилик биринчи ўринда бўлиши керак. Маънавият иқтисодиётга ҳам асос бўлади. Фарзандларимизни соғлом, билимли, ватанпарвар қилиб тарбиялаш учун ҳеч нарсани аямаймиз. Ана шундай ёшлар бизнинг эртанги кунимиз, деди Шавкат Мирзиёев.
Вилоятда кўп қаватли уйлар ва спорт иншоотлари қуриш, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш борасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.