13.02.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўтган вақт мобайнида аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш миллий хизматини такомиллаштириш, руҳий ҳолати бузилишидан азият чекувчи шахсларни аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш бўйича соғлиқни сақлаш тизимининг барча даражаларида муайян ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3606-сон қарорига мувофиқ аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, психиатрия муассасаларини замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш), шунингдек, республика психиатрия муассасалари биноларини қуриш ва реконструкция қилиш дастурлари бажарилмоқда.
Жумладан, “психиатрия” йўналиши бўйича давлат грантлари асосида магистратурага қабул квоталари оширилди, олий тиббий таълим муассасаларининг психиатрия кафедраларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишлари фаоллашди. Илк бор руҳий хасталикларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар рўйхати тасдиқланди.
Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш, сифатли психиатрия ёрдами кўрсатишни ташкил этиш, руҳий ҳолат бузилишининг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш тизимини янада ривожлантириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ;
2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини 2019-2020 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар (кейинги ўринларда – Комплекс чора-тадбирлар) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар Концепциянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
руҳий ҳолати бузилган шахслар манфаатлари йўлида маъмуриятчилик сифатини ошириш, психиатрия хизмати биландавлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликтизимини шакллантириш;
аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини инновацион ривожлантириш, руҳий хасталикларнинг олдини олиш, уларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича илғор технологияларни амалиётга жорий этиш, ушбу соҳадаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва татбиқ этиш;
аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасида хусусий тиббиёт амалиёти ривожланишини рағбатлантириш;
руҳий ҳолат бузилиши аломатларига эга бўлган инсонларга нисбатан салбий қарашларнинг шаклланиши ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик, руҳияти бузилган шахслар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари амалга оширилиши учун тенг шарт-шароитларни таъминлаш;
руҳий саломатликни муҳофаза қилиш масалаларида аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш, руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан нотўғри тасаввурларга барҳам бериш;
ёрдамга муҳтож бўлган аҳолининг барча ёшдаги гуруҳларини психиатрия ёрдами билан қамраб олиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш бўйича сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш;
аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини билан интеграция қилиш;
аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;
психиатрия ёрдамини кўрсатишда, айниқса, республика ҳудудларида идоралараро мультидисциплинар бригада иши моделини жорий этиш;
психиатрия ёрдамини кўрсатувчи амалдаги муассасалар негизида фаол терапияга ва кенг кўламли даволаш-реабилитация комплекс тадбирлари ўтказишга, кундалик врачлар кузатувида бўлишга муҳтож бўлган, бироқ куну тун психиатрия стационарига жойлаштирилиши шарт бўлмаган руҳий ҳолати бузилиши зўраядиган ёки компенсацияси бузиладиган шахслар учун кундузги стационарлар фаолиятини ташкил этиш;
психиатрия ёрдамини кўрсатувчи муассасалар моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларни реконструкция қилиш ва замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш).
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимларини киритиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
4. Руҳий ҳолати бузилган шахслар уларга психиатрия ёрдами кўрсатилиши вақтида давлат тизими доирасида бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.К.Шодмонов):
психиатрия ёрдамини олиш имконияти, унинг самарадорлиги ва сифатини ошириш, руҳий ҳолатлар бузилишининг ижтимоий ва иқтисодий юкини камайтириш, шунингдек, аҳолининг кўрсатилаётган даволаш-диагностика ва тиббий-реабилитация ёрдамидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилишига эришиш мақсадидааҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини янада мақбуллаштириш юзасидан таъсирчан чоралар кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан биргаликда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига руҳий ҳолатлар бузилишига ташхис қўйиш ва уларни даволаш клиник протоколларини жорий этсин;
руҳий ҳолати бузилган шахсларни замонавий юқори самарали дори воситалари билан таъминлаш бўйича чоралар кўрсин;
иш вақтини хронометраждан ўтказиш орқали аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатишда иштирок этадиган мутахассислар иш ҳажми нормативларини келгусида штат нормативларига ўзгартишлар киритган ҳолда қайта кўриб чиқсин;
Концепция ва Комплекс чора-тадбирлар ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда ахборот тақдим этган ҳолда, уларнинг сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши устидан мониторинг ўтказилишини таъминласин;
Концепция ва Комплекс чора-тадбирлар ижросига, шунингдек, аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилишга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни мунтазам тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш юзасидан чоралар кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини тайёрлаш ва киритишда аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари функциялари ҳамда ваколатлари аниқ чегараланишини назарда тутсин.
7. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимовга – Концепция ва Комплекс чора-тадбирларни ижро этиш юзасидан масъул вазирликлар ва идоралар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;
масъул вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига – Концепция ва Комплекс чора-тадбирларда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида бажариш;
илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари раҳбарларига – фундаментал ва амалий фанлар ривожланишини таъминлаш, шунингдек, аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш юзасидан шахсий жавобгарлиги кўрсатиб ўтилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида мазкур қарор мақсадлари ва вазифаларини, шунингдек, Концепция ва Комплекс чора-тадбирлар ижросининг боришини ёритиш бўйича мақолалар ва мавзуга доир телекўрсатувлар ташкил этсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев