08.02.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатда иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш, унинг рақобатбардошлигини таъминлаш, фаол тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга қаратилган шароитларни яратиш, интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ўтказилган таҳлили шуни кўрсатдики, интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича ишларнинг лозим даражада бажарилмаганлиги, давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг самарасизлиги, идоралараро мустаҳкам ҳамкорликнинг мавжуд эмаслиги, интеллектуал мулк соҳасида малакали кадрларнинг етишмаслиги, шунингдек, патент божлари ва тўловларининг юқори даражада эканлиги ушбу соҳани ривожлантиришга салбий таъсир этмоқда.
Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни инобатга олган ҳолда:
1. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва ушбу соҳадаги умумэътироф этилган халқаро нормаларни имплементация қилиш соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимига ўтказилсин ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) этиб қайта номлансин.
Белгилансинки:
Агентлик, шу жумладан, Интеллектуал мулк соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув маркази мавжуд штат бирликлари ва моддий-техник базаси билан тўлиқ ҳажмда, молиялаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда ўтказилади;
Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари – директор бошчилик қилади;
Агентлик директорининг ўринбосарлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
3. 2019 йил 1 мартдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказиш учун талабномалар топширилгандан сўнг, Агентлик бир иш куни мобайнида ушбу талабномалар ҳақидаги маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради;
ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар, сотувчилар ёки уларнинг вакиллари талабномалар эълон қилингандан сўнг Агентликка рўйхатдан ўтказиш учун ноҳалол топширилган аризалар ҳақидаги ёзма эътирозларини тақдим этишлари мумкин;
товар белгисига ва хизмат кўрсатиш белгисига доир мутлоқ ҳуқуқ, товар келиб чиққан жой номи ва (ёки) товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи (кейинги ўринларда – товар белгиси) ўша куннинг ўзида товар белгиси ҳақидаги маълумотларни Агентликнинг расмий веб-сайтида мажбурий тарзда жойлаштирган ҳолда Товар белгилари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб вужудга келади;
товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиши товар белгиси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сўнгги уч йил мобайнида узлуксиз равишда фойдаланилмаганда, шунингдек, жамоавий белгидан фойдаланиш тўғрисидаги келишув бузилган тақдирда манфаатдор шахснинг аризасига биноан қабул қилинган суд қарори асосида муддатидан аввал тўлиқ ёки қисман тугатилиши мумкин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномаларни фақат электрон шаклда давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2019 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламентлар лойиҳаларини киритсин.
5. Интеллектуал мулкнинг самарали ҳимоясини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
6. Белгилаб қўйилсинки, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб патент вакиллари ҳар беш йилда камида бир марта кейинчалик аттестациядан ўтказилган ҳолда интеллектуал мулк соҳасида ўз малакаларини оширишлари лозим.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги уч ой муддатда илғор таълим стандартлари ва технологиялари ҳамда Тошкент давлат юридик университетининг ўқув ва илмий салоҳиятидан фойдаланган ҳолда интеллектуал мулк соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
7. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5446-сон Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига “хуфиёна иқтисодиёт” шаклланиши ҳолатларини аниқлаш, яширин ишлаб чиқариш, контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш фаолиятига чек қўйиш функциялари юкланган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан биргаликда:
2019 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган ҳаммага маълум товар белгиларининг ноҳалол рўйхатдан ўтказилишини аниқлаш нуқтаи назаридан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказилган барча товар белгиларини тўлиқ хатловдан ўтказсин ва қонун талаблари бузилган ҳолда берилган товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномаларни бекор қилиш чораларини кўрсин;
интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўрсин.
8. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар қуйидагиларни таъминловчи интеллектуал мулк объектларининг ягона ва доимий янгиланиб борадиган интеграциялашган маълумотлар базасини ишлаб чиқсин ва жорий этсин:
ҳуқуқий ҳимоя олган ва ундан маҳрум бўлган интеллектуал мулк объектларини реал вақт режимида кузатиб бориш;
интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқий ҳимоя олган ва ундан маҳрум бўлганда уларни автоматик равишда тегишлича Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритиш ва чиқариш;
интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва олдини олишда ваколатли давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини, шу жумладан, Мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш халқаро индекси мезонларини инобатга олган ҳолда таъминлашнинг замонавий баҳолаш ва таҳлил қилиш тизимини жорий этиш бўйича Комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва 2019 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;
Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда 2020 йил 1 январдан бошлаб интеллектуал мулк соҳасидаги интеграция жараёнини инобатга олган ҳолда патент божлари ва тўловларини, шунингдек, норезидентлардан товар белгиси ва саноат намунасининг ҳуқуқий муҳофазасини бериш учун ундириладиган индивидуал бож ставкаларини босқичма-босқич камайтириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Агентликнинг фаолиятини ташкил этиш ва такомиллаштириш, шу жумладан, унинг ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича таклифлар киритсин;
манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин, шунингдек, ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К.Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев