01.02.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш, суд бошқарувчилари фаолиятини такомиллаштириш, халқаро рейтингларда Ўзбекистон Республикасининг позициясини яхшилаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциациясининг 2019 йил 1 июлдан қуйидаги тартибни ўрнатиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин:
давлат солиқ хизмати органлари солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш имконияти бўлмаганлиги сабабли ижро ҳужжатлари қайтарилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмасдан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилади;
банкротлик тўғрисидаги иш банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда, агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар суммаси энг кам иш ҳақи миқдорининг камида уч юз каррасини ташкил этадиган бўлса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса энг кам иш ҳақи миқдорининг камида йигирма каррасини ташкил этадиган бўлса, суд томонидан қўзғатилиши мумкин;
тугатишга доир иш юритиш муддати тўққиз ойдан ошмаслиги лозим, алоҳида ҳолларда ушбу муддат банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларнинг илтимосномасига асосан суд қарори билан уч ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин;
бенефициар ва аффилланган шахсларнинг биргаликдаги хатти-ҳаракатлари оқибатида сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари аниқланганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳукми мазкур шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда субсидиар жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади;
банкротлик таомиллари қўлланилган қарздорларнинг мол-мулки суд бошқарувчилари томонидан “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали сотилади.
2. 2019 йил 1 мартдан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактабида (кейинги ўринларда – Республика олий мактаби) қуйидагиларни назарда тутувчи махсус курслар ташкил этилсин:
суд бошқарувчиси аттестатини олишга талабгорларни махсус дастур бўйича шартнома асосида ўқитиш;
тегишли тоифадаги суд бошқарувчиси аттестатини олиш учун асос бўладиган ўқишни тугатганлик тўғрисидаги гувоҳномани бериш;
суд бошқарувчиларининг касбий даражаси ва малакасини ошириш.
3. Белгилаб қўйилсинки, 2019 йил 1 майдан:
а) давлат солиқ хизмати органларининг аризалари бўйича қўзғатилган банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда суд бошқарувчиларини давлат солиқ хизмати органлари ходимлари орасидан тайинлаш амалиёти бекор қилинади;
б) шундай тартиб жорий қилинадики, унга мувофиқ давлат солиқ хизмати органларининг аризалари бўйича қўзғатилган банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда:
тўртинчи тоифали суд бошқарувчиси аттестатига эга бўлган ва Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси (кейинги ўринларда – Ассоциация) аъзолари ҳисобланган шахслар суд бошқарувчиси этиб тайинланади;
қарздор турган жойдаги туман (шаҳар) солиқ инспекциясининг қарорига асосан, ҳар бир якунланган тугатишга доир иш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидансуд бошқарувчиларига энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида ҳақ тўланади;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни узишда тўланган қарз суммасининг 5 фоизи миқдорида суд бошқарувчиларига қўшимча ҳақ тўланади;
в) суд бошқарувчиларининг фаолияти “фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш” ихтисослашуви бўйича лицензияга эга бўлган ва суд бошқарувчиси аттестатини олган адвокатлар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин;
г) суд бошқарувчиларини тайинлаш кредитор (кредиторларнинг умумий йиғилиши ёки қўмитаси) ёки банкротлик ишлари бўйича ваколатли давлат органи ёхуд Ассоциация ва унинг ҳудудий тузилмалари тақдимномаси бўйича суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг баҳолашни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.
4. Белгилансинки, суд бошқарувчиларининг касбий малакасини оширишга кўмаклашиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда уларнинг ролини кучайтириш мақсадида Ассоциация ва унинг ҳудудий тузилмалари:
суд бошқарувчилари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан муносабатларда суд бошқарувчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳуқуқига эга;
суд бошқарувчиларининг касбий одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг асосида баҳолайди, улар томонидан қонун ҳужжатларига, касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини мониторинг қилади.
5. Давлат активларини бошқариш агентлиги:
бир ой муддатда Республика олий мактаби билан биргаликда замонавий талаблар ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда суд бошқарувчиларини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
бир ой муддатда Республика олий мактабида суд бошқарувчиларини ўқитиш ва малакасини оширишни ташкил этиш чораларини кўрсин;
икки ой муддатда Ассоциация билан биргаликда Суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тўғрисидаги низомни тасдиқласин;
2019 йил 1 апрелдан суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш ҳақидаги маълумотларни ҳар чоракда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш ва расмий веб-сайтда жойлаштиришни таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда Банкротлик таомиллари қўлланилган қарздорларнинг мол-мулкини “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида сотиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар муддатда:
Суд бошқарувчиси аттестатини олишга талабгорларни ўқитиш ва суд бошқарувчилари малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомни;
Суд бошқарувчилари, уларни аттестациядан ўтказиш ва малака аттестати бериш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий суд билан биргаликда 2019 йил 1 мартга қадар муддатда сохта банкротлик, банкротликни яширганлик ва қасддан банкротликка олиб келганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 1 майга қадар муддатда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, янги таҳрирдаги “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритсин.
10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишни таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев