24.01.2019
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 14 январдаги ПФ–5630-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ташкилий тузилмаси1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг марказий аппарати тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси (кейинги ўринларда – Монополияга қарши курашиш қўмитаси) бошқарув ходимларининг чекланган сони 242 нафар, шу жумладан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси марказий аппарати бошқарув ходимларининг чекланган сони 75 нафар этиб белгилансин.
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг раисига:
зарур ҳолларда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари тузилмасини тасдиқлаш;
бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳудудий бошқармалари бошқарув ходимларининг чекланган сонини тасдиқлаш;
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарув ходимлари мутахассисларининг қўшимча штат бирликларини киритиш;
малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни ходимлар ва маслаҳатчилар сифатида жалб қилиб, уларга, истисно тариқасида, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорларини белгилаш;
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ходимлари учун, қонунчиликда назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, улар эгаллаган асосий лавозими бўйича мансаб маошларига (тариф ставкаларига) устамалар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар белгилаш;
халқаро амалиётдан ва бозор шароитларидан келиб чиққан ҳолда, Монополияга қарши курашиш қўмитасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун контракт асосида жалб қилинадиган малакали хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш ҳуқуқи берилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда – Давлат рақобат қўмитаси) монополияга қарши курашишни тартибга солиш, рақобат муҳитини ривожлантириш, табиий монополиялар субъектлари фаолиятини назорат қилиш ва товар-хом ашё биржаларини лицензиялаш борасидаги барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган алоҳида масалалар бўйича – бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва ҳисобдор бўлади;
Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолият соҳасига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда у билан келишилиши шарт;
мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича текширувлар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга оширилади ҳамда Текширувларни электрон шаклда рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт;
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг раиси, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича тегишли равишда вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади;
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ходимларига нисбатан қайта ташкил этилган Давлат рақобат қўмитаси ходимлари учун назарда тутилган тиббий хизмат кўрсатиш тартиби сақланиб қолади;
Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан илгари берилган ҳужжатлар ва улар қабул қилган қарорлар ўз кучини сақлаб қолади ҳамда унинг қайта ташкил этилиши муносабати билан бекор қилинмайди ёхуд ўзгартирилмайди.
4. Монополияга қарши курашиш қўмитасига:
рақобат муҳитини ривожлантириш ва табиий монополиялар субъектлари фаолиятини назорат қилиш масалалари юзасидан амалга ошириладиган тадбирларга иқтисодий, молия, солиқ органлари ва бошқа органлар ходимларини жалб қилиш;
монополияга қарши сиёсат ва рақобатни муҳофаза қилиш соҳаларидаги қонун бузилиши ҳолатларини ҳамда уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни ўз ваколатлари доирасида давлат органлари ва ташкилотларига киритиш ҳуқуқи берилсин.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2019 йил 1 июлдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектларнинг бирлашуви ва қўшиб олиниши бўйича битимлар, шунингдек, шахс ва шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав капитали (жамғармаси)даги акциялар (улушлар)ни сотиб олиш бўйича битимларга дастлабки розилик бериш учун энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида йиғим ундирилади.
6. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин ва унинг манбалари қуйидагилар этиб белгилансин:
рақобат ва табиий монополиялар ҳақидаги қонунчиликни бузганлик учун ундирилган асоссиз олинган даромадларнинг суммаси;
рақобат, табиий монополиялар ҳақидаги қонунчиликни бузганлик ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси тақдимномаларини бажарилмаганлик учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан хўжалик юритувчи субъектлардан ва уларнинг мансабдор шахсларидан қонунчиликда белгиланган тартибда ундириладиган жарима маблағлари;
хўжалик юритувчи субъектларнинг бирлашуви ва қўшиб олиниши бўйича битимлар, шунингдек, шахс ва шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав капитали (жамғармаси)даги акциялар (улушлар)ни сотиб олиш бўйича битимларга дастлабки розилик бериш учун йиғимлар;
Жамғарма маблағларини тижорат банклари депозитларига қўйишдан олинган даромадлар;
халқаро институтлар ва ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг грантлари маблағлари ва ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
7. Белгилансинки, Жамғарма маблағлари:
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг жорий харажатларини молиялаштиришга;
ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш, шунингдек, улар томонидан турар жой сотиб олинишини имтиёзли молиялаштиришга;
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбарлари ва мутахассисларини ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга;
жалб этиладиган хорижий мутахассислар фаолиятига, халқаро ва хорижий ташкилотларга ҳақ тўлаш чора-тадбирларини амалга оширишга сарфланади.
8. Монополияга қарши курашиш қўмитаси икки ой муддатда:
а) Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси тўғрисидаги ва Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақидаги қарор лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
б) Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги билан биргаликда:
Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш методикасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
қонун ҳужжатларига рақобат ва табиий монополиялар тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик, ахборот бермаслик ёки била туриб нотўғри ахборот бериш, Монополияга қарши курашиш қўмитаси тақдимномаларини бажармаслик, шунингдек, унинг ходимлари фаолиятига аралашганлик ҳамда уларга юклатилган вазифа ва функцияларни қонуний бажаришларига тўсқинлик қилиш мақсадида ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик учун юридик шахсларга жарималар қўллаш ва маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида таклифлар тайёрласин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлигини ташкил этиш ҳамда тегишли давлат органлари ва муассасаларининг штат бирликларини ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида назоратни амалга ошириш борасидаги ваколатларини унга ўтказиш бўйича таклифлар киритсин;
в) 2019-2023 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин, унда, жумладан, қуйидагилар назарда тутилсин:
рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш тизимини трансформация қилиш ҳамда монополияга қарши тартибга солишнинг миллий иқтисодиётда ва жаҳон иқтисодиётида юз бераётган таркибий ўзгаришлар ва жараёнларнинг юксак талабларига жавоб берадиган мутлақо янги илғор моделини яратиш;
товар ва молия бозорларини таҳлил қилишнинг мослашувчан, шу жумладан, хулқ-атвор иқтисодиёти (behavioral economics) тамойилларига асосланган воситалари ва усулларини жорий этиш;
рақобатни ҳимоя қилиш бўйича олдини олувчи воситаларни, шу жумладан, монополияга қарши комплаенс механизми – биринчи навбатда товар ва молия бозорларида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар ичида рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқликни таъминлаш тизимини жорий этиш;
рағбатлантирувчи тарифлар шакллантиришнинг рақобатни кучайтирувчи таъсир кўрсатадиган янги юқори самарали усуллари ва уларни қўллашни назорат қилиш механизмларини жорий этиш ҳисобига товарлар (ишлар, хизматлар) нархлари (тарифлари)ни давлат томонидан тартибга солиш тизимини тубдан такомиллаштириш;
рақамли иқтисодиётни монополияга қарши тартибга солишнинг самарали воситаларини, шу жумладан, рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилишлари трансчегаравий шаклларининг олдини олиш мақсадида яратиш;
рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чораларини кучайтириш ва бир вақтнинг ўзида ҳуқуқни қўллашда кенг ихтиёр берадиган ваколатларни бекор қилиш;
“картель” келишувлар ва тил бириктиришлар каби рақобатга қарши ҳаракатларнинг мураккаб турларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш;
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти методикаси бўйича товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини ривожлантириш индикаторларидан фойдаланган ҳолда Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) жорий этиш;
рақобатни чеклаш ҳолатларини аниқлаш ва уларга нисбатан таъсир чораларини кўриш тезкорлигини ошириш учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятига инновацион ишланмалар ва ахборот технологияларини жорий этиш;
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг кадрлар салоҳиятини тизимли равишда ошириш, олий ўқув юртлари ўқув дастурларига рақобат сиёсати ва рақобат ҳуқуқи соҳасида кадрларни тайёрлаш бўйича махсус йўналишларни жорий этиш;
муносиб моддий таъминот ва ижтимоий шароитлар борасида ижтимоий кафолатларни назарда тутган ҳолда Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда коррупцияни келтириб чиқарувчи турли омилларнинг олдини олиш.
9. Монополияга қарши курашиш қўмитаси:
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг статистик ахбороти мажбурий тарқатиладиган ташкилотлар рўйхатига;
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида ушбу қарорни 2019 йилда амалга ошириш бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитаси харажатлари учун маблағлар ажратсин ва 2020 йилдан бошлаб ҳар йили зарур бюджет маблағларини назарда тутсин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил учун тасдиқланган харажатлар сметасига ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб тегишли ўзгартиришлар киритсин;
Монополияга қарши курашиш қўмитасига хизмат автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун зарур пул маблағлари ажратилишини таъминласин ва 5 та хизмат, шу жумладан, 4 та шахсий бириктирилган хизмат енгил автомобилларини сақлаш учун лимит белгиласин;
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг асослантирилган ҳисоб-китобларига биноан маъмурий биноларини таъмирлаш ҳамда моддий-техника базасини шакллантириш мақсадида зарур мебель, ускуналар ва ахборот-коммуникация технологияларини сотиб олиш учун зарур пул маблағлари ажратилишини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги белгиланган тартибда Монополияга қарши курашиш қўмитасини телефон алоқаси, шу жумладан, ҳукумат телефон алоқаси билан таъминласин.
13. Ички ишлар вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари қайта ташкил этилиши муносабати билан йиғимлар ва бошқа тўловларни ундирмаган ҳолда тегишлилиги бўйича:
Монополияга қарши курашиш қўмитаси тасарруфига ўтадиган автотранспорт воситаларини ички ишлар органларида қайта рўйхатдан ўтказишни;
кўчмас мулк объектларига ва бошқа мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни Монополияга қарши курашиш қўмитасига қайта расмийлаштиришни амалга оширсин.
14. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинсин.
15. Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент шаҳри, Лабзак кўчаси, 3-уй манзилига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳудудий бошқармаларини қайта ташкил этилган Давлат рақобат қўмитаси ҳудудий органларининг ҳозирги жойлашган биноларида жойлаштирилишини, зарур ҳолларда, янги бино ажратилишини таъминласин.
16. Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев