26.02.2018
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларини фойдаланишга беришнинг тартиб-таомилларини соддалаштириш ва иқтисодиётнинг норуда хом ашё базасини ривожлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, норуда фойдали қазилмалардан самарали фойдаланишни таъминлашда қатор муаммолар мавжуд бўлиб, булар ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ер қаъри участкаларини фойдаланишга бериш билан боғлиқ нормаларга номувофиқлиги, қазиб олиш ва қайта ишлашда маънан эскирган, муддати тугаган техника ва ускуналардан фойдаланилаётганлиги, конлар ва истиқболли майдонлар тўғрисида тадбиркорлик субъектларини хабардор қилиш ва уларга давлат хизматларини кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш даражаси пастлигида намоён бўлмоқда.
Фақат жорий йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида ўтказилган ўрганишларда 186 та субъект томонидан тегишли лицензия олмасдан 26,7 миллиард сўмлик норуда фойдали қазилмалар ноқонуний қазиб олинганлиги ҳолатлари аниқланди, шунингдек, лицензия шартларига риоя қилмаган ва ер қаъри участкаларидан самарасиз фойдаланган 23 та субъектнинг ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи муддатидан олдин бекор қилиниб, 55,6 миллион куб метр ва 3,4 миллион тонна фойдали қазилмалар захираси давлат балансига қайтарилди.
Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларини фойдаланишга беришда шаффофликни таъминлаш, қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнларида илғор технологияларни кенг қўллаш ҳамда соҳага салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки, 2019 йил 1 январдан бошлаб:
вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан фойдали қазилмалар захиралари давлат балансида ҳисобга олинган конлар ва истиқболли майдонлар жойлашган ер участкаларини беришда (реализация қилишда) ер фонди тоифасидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг ижобий хулосаси олинади;
норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия асосида ер қаъридан фойдаланувчининг мурожаатига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тегишли ер участкалари ўн кундан ошмаган муддатда очиқ савдоларсиз, тўғридан-тўғри лицензиянинг амал қилиш муддати ва ер қаъри участкасининг чегараларига мувофиқ ажратиб берилади;
норуда фойдали қазилмалари ер участкаларининг чегараларини жойида белгилаш ишлари Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг ҳудудлардаги бўлинмалари томонидан бир вақтнинг ўзида ер қаъридан фойдаланувчи иштирокида амалга оширилади;
ер қаъридан фойдаланувчиларга берилган лицензияларнинг амал қилиш муддати тугаганда ёки муддатидан олдин бекор қилинганда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан бу ҳақда уч кун муддатда Давлат солиқ қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ёзма маълумот берилади;
норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганда ёки муддатидан олдин бекор қилинганда тегишли ер майдонлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан захирага қайтарилади;
норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳажмлари ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан узлуксиз икки йил давомида бажарилмаган тақдирда (форс-мажор ҳолатларидан ташқари) ҳақиқатда қазиб олинган ҳажмдан келиб чиқиб, норуда фойдали қазилмалар захираларининг ўзлаштирилмай қоладиган қисми давлат балансига ва улар жойлашган ер участкалари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари захирасига қайтарилади. Бунда, илгари берилган лицензия қайта расмийлаштирилмасдан ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартларига тегишли ўзгартиришлар киритилади;
норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартларида ер қаъридан фойдаланувчининг инвестициявий мажбуриятлари назарда тутилади.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
2019 йил 1 июлдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан аниқланган норуда фойдали қазилмалар конлари;
2020 йил 1 январдан барча норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасидаги электрон аукцион якунлари асосида 20 кундан ошмаган муддатда берилади.
Бунда, ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш ишларини молиялаштирган юридик ва жисмоний шахсларнинг ўзлари қидириб топган кондан фойдали қазилмаларни қазиб олишга лицензия олишда уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқлари сақланиб қолинади.
Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога қўйишнинг бошланғич нархи аукцион ташкил қилиш билан боғлиқ барча харажатлар йиғиндисидан кам бўлмаган суммада белгиланади.
3. Белгилансинки, норуда фойдали қазилмалар ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида реализация қилишдан олинган пул маблағлари ва ушлаб қолинган закалат суммаси, аукцион ташкил қилиш билан боғлиқ тўлов суммалари чегирилган ҳолда тенг улушларда:
норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш фаолияти олиб бориладиган ҳудудлардаги тегишли туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетларига;
минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш йиллик давлат дастурларини амалга оширишга мақсадли йўналтирилган ҳолда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг махсус ғазначилик ҳисоб рақамларига ўтказилади.
4. Табиий пардозбоп тошларни (мармар, гранит, травертин ва оҳактош) қазиб олиш ва уларнинг техноген минерал ҳосилаларидан фойдаланиш учун лицензияга эга бўлган барча хўжалик юритувчи субъектлар 2022 йил 1 январга қадар:
белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун четдан олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган табиий пардозбоп тошларни қазиб олиш, уларга ишлов бериш, шунингдек, табиий пардозбоп тошларнинг техноген минерал ҳосилаларини қайта ишлашга мўлжалланган махсус техника ва ускуналар божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинади;
табиий пардозбоп тошларни қазиб олиш, уларга ишлов бериш, шунингдек, табиий пардозбоп тошларнинг техноген минерал ҳосилаларини қайта ишлаш фаолияти бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ҳисоблашда мазкур солиқ бўйича белгиланган ставка икки баробарга пасайтирилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:
ташқи бозор конъюнктурасини ўрганиб, норуда фойдали қазилмаларни чуқур қайта ишлашни ва улардан ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш объектларида маҳаллий норуда хом ашё асосида ишлаб чиқарилган қурилиш материалларини, шу жумладан, табиий пардозбоп тошларни кенг қўллашни ҳамда норуда фойдали қазилмалар ноқонуний қазиб олинган ҳолларда уларнинг қийматини аниқлаш тартибини белгиловчи Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
6. “Ўзқурилишматериаллари” АЖ 2019 йил 1 мартга қадар республика ҳудудида аниқланган барча табиий пардозбоп тошларнинг миллий бренди ва каталогини яратсин, уларнинг кенгайтирилган тақдимотини ўтказсин ҳамда ҳар йили бир маротаба каталогнинг янгиланиб борилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда Жиззах вилояти Фориш туманини Навоий вилояти Нурота тумани билан боғловчи темир йўл тармоғини қуриш масаласини ҳар томонлама ўрганиб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига мазкур масала бўйича асослантирилган таклифлар киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси 2019 йил 1 апрелга қадар:
аниқланган норуда фойдали қазилмалар конлари ва истиқболли майдонларнинг давлат кадастрини хатловдан ўтказсин;
хатлов натижаларига кўра, норуда фойдали қазилмалар ер қаъри участкалари ва истиқболли майдонлар тўғрисида батафсил (харита, фото ва видео) маълумотларни бериш, интерактив давлат хизматларини кўрсатиш ва мазкур жараёнларни фойдаланувчилар томонидан онлайн кузатиб бориш имкониятини берувчи қўмитанинг янгиланган расмий веб-сайтини ва унинг мобиль версиясини яратсин;
норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар беришда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида электрон аукционни ўтказиш регламентини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси зиммасига (кейинги ўринларда Инспекция деб юритилади) фойдали қазилмалардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
ҳуқуқбузарликларни профилактика қилишнинг илғор услубиятларини жорий этиш, идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш;
фойдали қазилмалардан ноқонуний фойдаланиш аниқланган ҳолатлар бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш, маркшейдерлик ишларини ўтказган ҳолда етказилган зарар миқдорини аниқлаш;
аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг оқибатлари тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилиб бориш, соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси фойдали қазилмалардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича назорат тадбирларини амалга оширишда Инспекция билан ўзаро ҳамкорликни таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалардан шакллантирилади:
ер қаъридан фойдаланиш соҳасида белгиланган талабларни бузганлик учун ундириладиган жарималар суммасининг 80 фоизи миқдоридаги ажратмалар;
ер қаъри фойдали қазилмаларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича аниқланган зарар суммасининг 20 фоизи миқдоридаги ажратмалар;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар.
Белгилансинки, Жамғарма маблағлари Инспекциянинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, қазиб олинган фойдали қазилмаларнинг ҳаққоний ҳажмини аниқлаш учун бажариладиган маркшейдерлик ишларини молиялаштиришга ҳамда ходимларни моддий рағбатлантиришга мақсадли йўналтирилади.
11. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига геологик тасвирлаш ишларида, бажариладиган маркшейдерлик ўлчовларида ҳамда хавфли геологик жараёнларни ўрганишда учувчисиз учадиган аппаратларни харид қилиш, олиб кириш ва улардан фойдаланишга рухсат берилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда норуда фойдали қазилмалардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи таклифларни киритсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев