12.12.2018
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология миллий тизимини янада ривожлантириш, тадбиркорлик муҳитини тубдан яхшилаш, соғлиқни сақлаш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 11 сентябрдаги ПҚ–3939-сон қарорига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва “Ўзстандарт” агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) 2019 йил 1 январдан қуйидагиларни назарда тутувчи тартибни ўрнатиш таклифлари маъқуллансин:
Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация қилиш форуми (IAF) тўлақонли аъзолари ҳисобланган давлатларнинг сертификатлаштириш органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатлари ёки синов баённомалари тақдим этилганда устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан кўп миқдорда бўлмаган тадбиркорлик субъектлари (эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари бундан мустасно) ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирадиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ихтисослашган ва қишлоқ хўжалиги техникаси, технологик ускуналар ва уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, шунингдек, мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ноозиқ-овқат хомашё, материаллар ва буюмлар мажбурий сертификатлаштиришдан озод қилинади;
тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ўлчаш воситаларига мувофиқлик сертификатини тақдим этмаган ҳолда уни божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида ўрнатилган тартибда олиш шарти билан божхона ҳужжатларини расмийлаштиришга йўл қўйилади;
Миллий ўлчаш эталонлари ва миллий метрология институтлари томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш сертификатларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги келишувни (CIPM MRA) имзолаган мамлакатларнинг Миллий метрология органлари томонидан расмийлаштирилган амалдаги калибрлаш (ёки текшириш) сертификатлари тақдим этилганда ўз эҳтиёжлари учун технологик жараёнларда фойдаланиладиган импорт бўйича олиб кириладиган ўлчаш воситаларини метрологик аттестациялаш (турини тасдиқлаш) соддалаштирилган тартибда, бир кун муддатда тан олиш тартиботлари йўли билан амалга оширилади.
2. Белгилаб қўйилсинки:
мазкур қарорнинг 1-бандида кўрсатилган соддалаштирилган тартибда олиб кириладиган товарларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш, шунингдек, уларнинг мақсадли ишлатилишига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари масъул ҳисобланади;
мазкур қарорнинг 1-бандида кўзда тутилган соддалаштирилган тартиб, давлат божхона хизмати органларига (шу жумладан, учинчи шахслар томонидан) товарлар уларни ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кираётган тадбиркорлик субъекти томонидан уларни ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун мақсадли ишлатилиши тўғрисидаги мажбуриятлари, шунингдек, ўрнатилган тартибда божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида ўлчаш воситаларини сертификатлаштириш амалга оширилиши кўзда тутилган кафолат хати тақдим этилиши шарти билан қўлланади;
давлат божхона хизмати органлари, божхона ҳужжатлари расмийлаштирилгандан сўнг уч кун муддатда мазкур қарорнинг 1-бандига мувофиқ соддалаштирилган тартибда олиб кирилган товарлар импорти тўғрисида идоралараро ахборот алмашинуви воситаси орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ва Агентликка маълумот тақдим этади;
мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган соддалаштирилган тартибда олиб кириладиган товарлардан мақсадли фойдаланиш устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.
3. Сифат менежменти тизимларини жорий этган ва миллий аккредитация тизимида аккредитация қилинган синов лабораториялардан фойдаланадиган тадбиркорлик субъектларига улар томонидан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг мувофиқлигини декларациялаш йўли билан тасдиқлаш ҳуқуқи берилсин.
4. Қуйидагилар:
2019-2020 йилларда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ;
29 та умумий ва 13 та махсус техник регламентлар ишлаб чиқилишини кўзда тутадиган 2019-2021 йилларда техник регламентларни ишлаб чиқиш дастури 2-иловага мувофиқ;
уйғунлашув даражасини 47 фоизга етказишни назарда тутувчи 2019-2021 йилларда стандартлаштириш соҳасидаги норматив ҳужжатларни халқаро талаблар билан уйғунлаштириш мақсадли кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ;
синов ва ўлчаш базасини такомиллаштириш бўйича лойиҳалар рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Қуйидагиларга шахсий жавобгарлик юклансин:
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Ариповга – “Йўл харитаси"да кўзда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш устидан қатъий назорат ўрнатилиши учун;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.С.Отажоновга – Техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурининг ўз вақтида, тўлиқ ва самарали амалга оширилиши учун;
Агентлик бош директори Д.Н.Саттаровга – стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларнинг уйғунлашув даражасини белгиланган мақсадли кўрсаткичларга, шу жумладан, 2023 йилгача 80 фоизга етказиш, Агентлик тизими ташкилотларининг самарали ишлаши, республиканинг барча ҳудудларида синов лабораторияларининг кенг тармоғини, шу жумладан, хусусий синов лабораториялари мавжуд бўлмаган жойларда давлат-хусусий шериклик асосида яратиш ва модернизация қилишни таъминлаш учун;
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг раиси М.Б.Азимовга – чегара божхона постларида назорат тартиботларини бажаришда санитария-эпидемиология, фитосанитария ва ветеринария назорати органлари фаолиятининг самарали ва оператив мувофиқлаштирилишини таъминлаш учун.
6. Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари – мазкур қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган техник регламентларни ишлаб чиқувчилар бир ҳафта муддатда эксперт кенгашларини шакллантирсин ва техник регламентлар ишлаб чиқиш бўйича тармоқ жадвалларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
7. Белгилаб қўйилсинки, 2019 йил 1 январдан:
5-иловада келтирилган рўйхатга мувофиқ олиб кириладиган истеъмол товарларини мажбурий сертификатлаш фақат Агентлик тизимидаги сертификатлаштириш органлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Аккредитация маркази томонидан, янгидан аккредитация қилинган бошқа сертификатлаштириш органлари томонидан амалга оширилади;
мувофиқлик сертификатларини расмийлаштиришда такрорланувчи синовлар ўтказилиши тақиқланади ва сертификатларни беришда, идоравий бўйсунувидан қатъий назар, белгиланган тартибда аккредитация қилинган лабораториялар томонидан ўтказилган синовларнинг ижобий натижалари асос қилиб олинади.
Агентлик ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Аккредитация маркази икки ой муддатда сертификатлаштириш қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилишнинг самарали механизмини ташкил этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ҳамда мунтазам янгиланадиган санитария-эпидемиология ва фитосанитария вазияти номақбул бўлган давлатларнинг рўйхатига кирувчи мамлакатлардан санитария-эпидемиология ва фитосанитария назоратидан ўтказилиши лозим бўлган маҳсулотларнинг олиб кирилиши тақиқлансин.
9. Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда санитария-эпидемиология, ветеринария ва фитосанитария назорати чегара хизматларининг фаолиятини танқидий ўрганиш натижалари бўйича улар томонидан назорат функцияларининг бажарилишини такомиллаштириш, самарадорлиги ва тезкорлигини ошириш юзасидан таклифлар киритсин.
10. Ўзбекистон Республикасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ техник регламентларга риоя этиш барча юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Техник регламентлар амалга киритилиши билан мазкур техник регламентлар билан хавфсизлигига мажбурий талаблар қўйиладиган маҳсулотларни сертификатлаштириш мажбурий тусга эга бўлиши белгилансин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар стандартлаштириш ва метрология бошқармаларини тугатган ҳолда “Ўзстандарт” агентлиги қошида Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаменти (кейинги ўринларда – Департамент) ташкил этилсин ва унга қуйидаги асосий вазифалар юклансин:
техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунбузилишларининг олдини олиш ва профилактика қилишни амалга ошириш;
техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология масалаларида тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш;
техник регламентлар, стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши, ўлчов бирликлари ягоналиги ва ишончлилигини таъминлаш, мажбурий сертификатлаштириш қоидалари талаблари бажарилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш ва амалга ошириш.
Белгилансинки, Департамент юридик шахс ҳисобланади, унинг фаолияти устидан умумий раҳбарлик ва назорат Агентлик томонидан амалга оширилади.
12. Агентликнинг Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институти ва “Ахборот-маълумот маркази” давлат корхонаси негизида “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти стандартлаштириш бўйича тармоқ техник қўмиталарининг фаолиятини мувофиқлаштириш, стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни, шу жумладан, шартнома асосида хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотларнинг аризалари бўйича ишлаб чиқиш ва реализация қилиш, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича базавий ташкилот этиб белгилансин.
Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институтининг ишчиларига Ўзбекистон Республикаси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари бўйича ишчилар учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилсин.
Агентлик бир ой муддатда Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
13. Қуйидагилар:
“Ўзстандарт” агентлигининг ташкилий тузилмаси 6-иловага мувофиқ;
“Ўзстандарт” агентлиги марказий аппаратининг тузилмаси 7-иловага мувофиқ;
Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаментининг тузилмаси 8-иловага мувофиқ;
Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги инспекторлари чекланган сони 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Агентлик бошқарув ходимларининг чекланган сони 153 нафар, шу жумладан, марказий аппарати – 69 нафар этиб белгилансин.
14. Агентлик Бош директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
зарурат бўлганда, бошқарув ходимларининг белгиланган штат сони доирасида Агентлик аппарати ва унинг қуйи ташкилотлари тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;
молиявий имкониятлардан келиб чиқиб, ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, қуйи ташкилотлар бошқарув ходимларининг чекланган сонини белгилаш;
вазирликлар, идоралар ва хўжалик юритувчи субъектлар техник қўмиталарининг мутахассисларини, илғор лойиҳа институтлари, илмий ва таълим муассасаларининг мутахассисларини жалб этиш, шунингдек, юқори малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилиш ҳамда уларга эркин айирбошланадиган валютада иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорларини белгилаш;
ўз хизмат мажбуриятларини виждонан ва самарали бажараётган, Агентлик ва Департаментнинг юқори малакали, ташаббускор ишчиларига Агентлик қошидаги Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришни ривожлантириш махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг икки баравари миқдоригача қўшимча ҳақ тўлаш.
Агентликка сифатсиз ҳамда одамлар ҳаёти, саломатлиги, юридик ва жисмоний шахслар мол-мулки, атроф-муҳит учун хавфли бўлган маҳсулотларни олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотиш хавфи мониторингини юритиш вазифаси юклансин.
15. Қуйидагилар Агентлик фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари этиб белгилансин:
Агентлик бўлинмалари томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг сифатини қониқарли баҳоловчи аризачилар, шунингдек, уларнинг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар сони;
интерактив шаклда хизматлар кўрсатиш учун келиб тушаётган мурожаатлар сони;
қабул қилинган ва қайта кўриб чиқилган техник регламентлар ва стандартлар сони, шу жумладан, халқаро талабларни инобатга олган ҳолда;
сифатсиз ва хавфли бўлган маҳсулотларни олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотиш хавфининг мониторинги бўйича ишлар натижадорлиги;
техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунбузилишларининг олдини олиш ва профилактика қилиш бўйича ишлар натижадорлиги.
16. Агентлик бир ой муддатда қуйидагилар бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва амалга оширсин:
идоранинг янги логотипи ва фарқлаш белгилари яратилишини кўзда тутган ҳолда имиджни яхшилаш;
кўрсатиладиган хизматлар даражасини ошириш мақсадида қуйи ташкилотлар фаолиятини баҳолаш амалиётини жорий этиш;
самарадорликни баҳолаш натижалари, шу жумладан, коррупцион омилларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ахборотларни тизимли ёритиб бориш.
17. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Марказий банки, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси ва бошқа идораларнинг статистик ахборотлари мажбурий жўнатмалар реестрига киритилсин.
18. Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида қонун бузилиши учун жавобгарликнинг кучайтирилишини кўзда тутадиган қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Агентлик ва бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 сентябрга қадар халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда сифат миллий инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
20. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 28 апрелдаги ПҚ–2935-сон қарорига 10-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
21. Агентлик, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
22. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарлари Б.М.Мавлонов ва Э.М.Ғаниевлар зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев